Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:33

Қурилиш вазирига алоқадор ширкатга берилган лойиҳа $42,5 миллионга қимматлади


Ислом цивилизацияси марказини қуриш учун Тошкентнинг машҳур "Ҳазрати Имом" ( Хастимом) мажмуаси атрофидаги 250 га яқин хонадон бузилган.
Ислом цивилизацияси марказини қуриш учун Тошкентнинг машҳур "Ҳазрати Имом" ( Хастимом) мажмуаси атрофидаги 250 га яқин хонадон бузилган.

Ўзбекистонда Қурилиш вазири Ботир Зокировнинг оила-аъзолари таъсисчи ва асосий ҳиссадорларидан бўлган "Трест-12" ширкатига Ислом цивилизацияси маркази қурилиши учун 1,7 триллион сўм маблағ (2021 йил 12 октябрдаги Марказий банк курси бўйича $161,5 миллион) ажратилиши маълум бўлди. Бу лойиҳанинг аввал эълон қилинган умумий қийматидан (119 миллион) 42,5 миллион АҚШ долларига кўп, дегани.

Маҳаллий нашрлар Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳудудида қурилаётган марказ қурилиши бўйича 11 октябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигининг "Ягона буюртмачи хизмати" ИК ҳамда пудратчи "Трест-12" ширкати ўртасида янги шартнома тузилгани ҳақида ёзди.

Ислом цивилизацияси марказини қуриш президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилдаги "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори.асосида бошланган эди.

Ўзбекистонда Қурилиш вазирининг оиласи қарийб ярим триллион сўмлик давлат лойиҳасини қўлга киритди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:56 0:00

Қурилиш вазирининг хотини ва ўғли акциядорлари бўлган “Трест 12” ширкати лойиҳанинг бош пудратчиси этиб танланганди.

11 октябрь куни имзоланган янги шартномада мазкур лойиҳа учун жами 1 трлн 723 млрд сўм (Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича бу 161 миллион доллардан ортиқ) маблағ сарфланиши кўзда тутилмоқда.

Молиявий ҳужжатларга кўра, 2018 йилдан буён Ислом цивилизацияси маркази қурилишига 650 миллиард сўм атрофида маблағ сарфланган.
Молиявий ҳужжатларга кўра, 2018 йилдан буён Ислом цивилизацияси маркази қурилишига 650 миллиард сўм атрофида маблағ сарфланган.

Ҳужжатда 2018 йилдан буён марказ қурилишига, қўшимча қиймат солиғини ҳам қўшиб ҳисоблаганда 650 миллиард сўм атрофида маблағ сарфлангани айтилади, қилинажак қолган ишлар қиймати қарийб 1 миллиард 100 миллион сўм атрофида баҳоланган.

2017 йилда имзоланган олдинги шартномада қурилиши қиймати қанча бўлгани маълум эмас.

Президент қарорида марказ биноси қурилишига россиялик миллиардер, асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов ҳомийлик қилиши кўрсатиб ўтилган.

"Марказнинг маъмурий ва асосий биноларини қуриш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар машҳур ватандошимиз, россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинсин", - дейилади ҳужжатда.

Усмонов марказ қурилиши учун 100 миллион доллар ажратгани маълум қилинган.

250га яқин хонадон бузиб ташланган

Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази Тошкентнинг машҳур "Ҳазрати Имом" мажмуаси ҳудудидаги 7 гектарлик майдонда барпо этилмоқда.

Марказ биносининг узунлиги 145 метрни, эни эса 115 метрни ташкил этиб, бино уч қаватдан иборат бўлади. Бинонинг маркази гумбази баландлиги 64 метрни ташкил этади.

Янги қурилишга ер очиш учун уч йил аввал 250га яқин хонадон бузиб ташланган эди.

Аҳоли норозилиги ортидан уйлари бузилганларга шаҳар чеккасида янги қурилган турар жой биноларидан хонадонлар ажратиб берилган.

Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси маркази қурилаётган майдонни кўздан кечимоқда, 2019 йил.
Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси маркази қурилаётган майдонни кўздан кечимоқда, 2019 йил.

Тошкентлик Муяссар опа бузилган олти хонали уйи эвазига шаҳар чеккасидан тўрт хонали квартира беришганини айтади.

“Шаҳар марказида олти хонали хонадонда, фарзанд ва неваралар, ҳаммаси бўлиб 8 киши яшардик. Ўша пайтда тез-тез бўшатасизлар уйлар бузилади, деб келишди ҳокимиятдан. Ҳамма норози бўлган. 250та уй бузилган ўшанда. Квартира бизга тўғри келмайди, деганмиз. Ҳокимиятдагилар квартира бўлмаса пул берамиз дейишган. У пулга шаҳар кеккасидан ҳам уй бермасди. Шунга квартирага кўчишга мажбур бўлганмиз, чунки кўчада қолиб қолишимиз ҳам мумкин эди. Лекин, ўша уй нархига бунақасидан иккита квартира олса бўларди. Одамларни норози қилиб, қуришяпти у объектларни, - дейди Муяссар опа.

Манфаатлар тўқнашуви

Бундан олдин умумий қиймати қарийб ярим триллион сўмга тенг Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги маъмурий бино реконструкцияси ва автотураргоҳ қурилиши лойиҳасининг ҳеч қандай тендерсиз берилгани ҳукумат доираларидаги манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги саволларни ўртага чиқарганди.

Ўзбекистон Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри ҳужжатларига кўра, “Трест-12” ширкатининг 51,1 фоизлик акцияси Тошкент шаҳар ҳокимлигига, 19,1 фоизи эса Қурилиш вазирининг рафиқаси Муаззам Зокировага, 14,1 фоизлик акцияси вазирнинг ўғли Жасур Зокировга тегишли.

Акциядорлар орасида яна 12 кишининг исми келтирилган. Улар орасида Қурилиш вазирининг жияни Муҳайё Зокирова ҳам бор.Ўзбекистон Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридан олинган ҳужжат.

Ботир Зокировнинг ўзи ҳам Қурилиш вазири бўлгунига қадар 2019 йилда “Трест-12” акциядорларидан бири, 1996-2011 йилларда эса компания бошқаруви раиси бўлгани маълум.

Ўзбекистон Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридан олинган ҳужжат.
Ўзбекистон Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридан олинган ҳужжат.

Қурилиш вазирига алоқадор “Трест-12” ширкатининг қандай асосда Тошкент марказидаги бир неча юз миллиард сўмлик йирик қурилиш лойиҳалари пудратчиси этиб танлаб олингани ҳақида ҳануз расмий изоҳ берилгани йўқ.

Озодликнинг вазирлик сайтида келтирилган телефон рақамларига қилинган қўнғироқларига ҳеч ким жавоб бермади.

“Трест-12” ширкати раҳбари Фаҳриддин Назировнинг ёрдамчиси Озодликка: “Ҳозир офисда ҳеч ким йўқ, бошлиқ қурилиш объектида”, дея жавоб берди.

Аввалроқ Ўзбекистон Қурилиш вазирлигида ишловчи ўрта бўғин мулозимлардан бири Озодлик билан суҳбатда бундай қиммат лойиҳалар давлат ҳисобидан қурилиши сабаб "шахсан президент Мирзиёев кўрсатмаси билан “Трест-12”га ишониб топширилгани"ни айтганди.

Британиядаги Алстер (Ulster) университетининг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслетга кўра, Ўзбекистон Қурилиш вазирининг рафиқаси ва ўғли акциядорлари бўлган “Трест-12” ширкати Тошкент марказидаги йирик қурилиш лойиҳаси пудратчиси этиб танлангани манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ хавотирларни туғдиради.

“Ярим триллион сўмлик лойиҳанинг Қурилиш вазирига алоқадор ширкатга тендерсиз берилиши жуда хавотирли. Бу юқори доиралардаги манфаатлар тўқнашуви борасида жиддий хавотирларни уйғотади. Бу ерда шаффофлик принциплари бузиляпти. Йирик лойиҳалар очиқ ва рақобатга асосланган тендерларсиз амалга оширилаётгани муаммоли вазиятларни келтириб чиқаради. Умумэътироф этилган принципларга зид бундай амал бюджет пулларининг бир ҳовуч одамлар қўлида талон-тарож бўлиб кетиши учун ҳам йўл очади”, - деб таъкидлайди Ласслетт Озодлик билан суҳбатда.

Халқаро майдондаги давлат ва хусусий бизнес манфаатлари тўқнашувини тадқиқ қилиб келаëтган профессор Ласслеттнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Қурилиш вазири Ботир Зокировга алоқадор “Трест-12” ширкатига бир неча миллион долларлик қурилиш лойиҳалар биринчи марта тендерсиз берилаётгани йўқ.

Ўзбекистонда сўнгги 10 йил ичида бу ширкат умумий қиймати $800 миллиондан зиёд ўнлаб қурилиш-таъмирлаш ишларини бажарган.

“Бир қанча давлатлардаги Ўзбекистоннинг ваколатхоналари, жумладан Тожикистон ва Қозоғистондаги элчихоналари реконструкциясидан тортиб Hyatt Regency меҳмонхонаси ва лойиҳа қиймати сал кам 100 миллион долларлик Ислом цивилизацияси маркази қурилишлари лойиҳаларини “Трест-12” бажарган. Бизда бу қурилишларга оид ҳужжатлар мавжуд ва шу ҳужжатларда ширкат тендерсиз танлаб олинганини кўриш мумкин. ”, - дейди британиялик тадқиқотчи.

“Трест-12” ширкати Вазирлар Маҳкамаси, Сенат, Молия вазирлиги бинолари, “Бунёдкор” стадиони, Hyatt Regency меҳмонхонаси ва лойиҳа қиймати сал кам бир триллион сўм деб баҳоланган Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Тошкентдаги “Ғалаба боғи” қурилишлари лойиҳаларини амалга оширган.

Қонуний механизмлар йўқ

Ўзбекистон қонунчилигида манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари олдини олиш, хусусан буюртмачи ва иштирокчилар ўртасида қариндошлик ёки бошқа алоқалар мавжудлигини аниқлаш бўйича механизмлар мавжуд эмас.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунда ҳам манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари натижасида давлатга кўп миқдорда зарар етказилган бўлса-да, жиноий жавобгарлик белгиланмаган.

Озодлик илгари ҳам бир қанча қурилиш лойиҳалари Тошкент шаҳар ҳокимига алоқадор гуруҳлар асос солган ширкатларга тендерсиз инъом этилгани ҳақда хабар берган.

Каримов мақбарасини қурган ширкат

1979 йилдан Тошкент қурилиш бошқармаси тизимида бўлиб келган 12-сонли қурилиш трести 1994 йилда “Трест-12” ҳиссадорлик жамиятига айланди.

Ботир Зокиров эса оддий чилангарликдан бошқарув кенгаши раиси лавозимигача кўтарилди.

Зокиров 2011 йилда Ўзбекистон Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси этиб тайинлангунига қадар “Трест-12” бошқарув раиси бўлган.

1994-2017 йиллар оралиғида ширкат Тошкентнинг ”Юнусобод туманидаги теннис корти, General Motors қўшма корхонасининг “Powertrain Uzbekistan” мотор ишлаб чиқариш заводи қурилишида бош пудратчи ўлароқ қатнашган.

Кейинчалик Тошкентдаги Миллий театр ва Алишер Навоий номли миллий кутубхонасини таъмирлаш ишларини амалга оширган.

Тошкентдаги “Минор” масжиди, Вестминстер университети ҳамда Сингапур Менежмент Институти биноларини ҳам “Трест-12” қурган.

Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг Самарқанддаги мақбарасини қурган ширкат ҳам "Трест-12"дир.

Эндиликда Мустақиллик майдонидаги илгари Халқ таълими, Маданият, Молия вазирликлари жойлашган маъмурий бинони реконструкция қилиш ва у ерга яқин ҳудудда автотураргоҳ қуриш ҳам шу ширкатга берилмоқда.

Келажакда бу бинода қайси идора ёки вазирлик ўрнашиши маълум эмас.

Айни пайтда “Трест-12” Олий Мажлис биносини реконструкция қилишга тендерсиз танлаб олинган. Бунинг учун давлат ҳазнасидан 16 миллиард сўм ажратилади.

“Траст-12” ширкати қурилиш лойиҳаларни амалга оширишда ишчиларга ойликлар кечикиб бергани билан боғлиқ бир қанча холатлар ҳақида Озодлик илгари хабар берган.

Тошкентдаги “Ғалаба боғи” қурилиши пайти ҳайкалтарошлар учун берилиши керак бўлган қарийб 5 ярим миллиард сўм гонорар пули кечиктириб берилганди.

Ширкат бу кечикишга коронавирус пандемияси билан боғлиқ молиявий қийинчиликларни сабаб қилиб келтирган.

XS
SM
MD
LG