Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:41

172та дўкон, 43та машина, 14та уй. Собиқ ҳоким ўринбосарининг бойлиги очиқланди


Президент Мирзиёев "Раҳмонқулов тўдаси"га чора кўришни талаб қилган
Президент Мирзиёев "Раҳмонқулов тўдаси"га чора кўришни талаб қилган

Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқулов уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва миллиардлаб бюджет маблағларини талон-торож қилишда айбланмоқда.

Бу ҳақда 23 апрель куни Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев маълум қилди.

Йўлдошевнинг Раҳмонқуловга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тергови якунларига доир баёнотида айтилишича, собиқ ҳоким "2018 йилда вилоят ҳокими ўринбосари этиб тайинлангач, уюшган гуруҳ тузиб, миллиардлаб бюджет маблағларини талон-торож қилиб келган. Шу мақсадда вилоятда қурилиш соҳаси раҳбарлигига ҳамда вилоят тендер комиссиясига таниш-билишларини қўйиб, улар орқали ўзининг ғаразли мақсадларига шароит яратган”.

Бош прокурорнинг таъкидлашича, Раҳмонқулов 2018—2020 йилларда Раҳмонқулов жами 494 миллиард сўмлик 82 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини ўзининг раҳнамолигидаги 9 та пудрат ташкилотларига топшириб, қурилиш ишлари ҳажмини сунъий равишда оширилган нархларда расмийлаштириш, қўшиб ёзиш орқали қарийб 20 миллиард сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилган.

Сенатда ҳисобот: коррупция, ўзлаштирилган бюджет маблағлари ва амалдорлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:38 0:00

“Терговда Раҳмонқуловга тегишли корхоналарда 12 млрд сўм, Жиззах шаҳридаги Эски шаҳар буюм бозорида қурилган 172 та савдо дўкони, кўп қаватли уйларда 14 та хонадон, 43 та автомашина, 37 та бошқа кўчмас мулклар борлиги аниқланиб, зарарни ундириш учун хатланди. Ҳозирда Раҳмонқулов ва унинг 10 нафар жиноий шериклари қамоққа олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда” дейилади Бош прокурор баёнотида.

Қулаган бино "остида қолган" замҳоким

Шу йилнинг 10 январь куни соат 17:10 да Жиззах шаҳрининг «Зилол» маҳалласи Мустақиллик кўчасида қурилаётган 6 қаватли уйларнинг бири ҳеч бир ташқи таъсир ёки табиий офат оқибатисиз қулаб тушди.

Расмийлар жабрланувчилар ёки қурбонлар берилмаганини иддао қилишди. Ҳали фойдаланишга топширилмаган мазкур улкан иншоот хусусий тадбиркор томонидан устки 4 қавати турар жой, қуйи 2 қавати нотурар жой сифатида қурилаётган эди.

Ҳукумат фармойиши билан ҳодисани ўрганиш бўйича бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида ҳукумат комиссияси тузилди ва ҳодиса ўрганила бошланди.

"Эски замонни қўмсаган ноинсоф"

15 январь куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги қурилишларни кўздан кечириш, ислоҳотларнинг боришини ўрганиш мақсадида туманга келган президент Шавкат Мирзиёев Жиззахда қулаб тушган уй масаласига тўхталди ва Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари (Акбар Раҳмонқулов — таҳр.)га чора кўришни талаб қилди.

Президентнинг ташрифига қадар қатор оммавий ахборот воситаларида акбар Раҳмонқуловнинг қариндошлари қурилишлар бўйича бир неча юз миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритгани ҳақида мақолалар чоп этишганди.

Президент Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари масаласига тўхталиб, уни ҳозирги сиёсатга хиёнат қилганликда айблади: «Унинг бутун тўдасига қонуний жазо белгиланиши керак. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, барибир эски замонни қўмсаган ноинсофлар ҳам бор. Улар эркинлик, очиқлик сиёсатини тушунмайди».

Вазирнинг ўзи коррупционер бўлиб чиқди

16 январь куни Жиззахдаги кўп қаватли бино қулаши ва “замҳоким” бошчилигидаги коррупцион схемалар борасида матбуот анжумани ўтказган Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири Ботир Зокиров қурилишда давлат назорати, шаффофлик ҳақида гапирди.

Вазирга кўра, қурилишдаги давлат назоратида буюртмачи, буюртмачининг техник назорати, авторлик назорати ва пудрат ташкилотининг фаолиятини мувофиқлаштиради. Қандай субъект бўлишидан қатъи назар ҳужжатларни қонун доирасида тўғри бажариши лозим. Соҳада шаффофлик зарур, тендер ва рақобатсиз қурилишларга йўл қўйилмайди.

Озодликдаги маълумотларга кўра, орадан бир неча ой ўтиб, мазкур Қурилиш вазирининг оиласи қарийб ярим триллион сўмлик давлат лойиҳасини қўлга киритгани маълум бўлди.

Вазир оиласига қарашли “Трест-12” ширкати Тошкентдаги маъмурий объектни таъмирлаш ва автотураргоҳ қурилиши бош пудратчиси этиб танланди. Бунинг учун давлат бюджетидан 431,5 миллиард сўм ажратилган. “Трест-12”нинг акцияларига вазир Ботир Зокировнинг рафиқаси ва ўғли эгалик қилади.

Блогерлар бўлмаса...

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг таъкидлашича, Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари томонидан ташкил қилинган коррупцион схеманинг фош қилинишида оммавий ахборот воситалари ва блогерларнинг ҳиссаси катта бўлган.

Аммо коррупцияни фош қилаётганлар фақат блогерлар эмас. 2020 йилнинг декабрь ойида ҳатто ўлимини бўйнига олганини таъкидлаган Бухоро шаҳрининг собиқ прокурори Жасур Фозилов Бош прокурор Йўлдошевнинг ўзини бир қанча коррупцион схемаларни ташкил қилиш, уларни бошқаришда айблаганди.

Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари ва блогерлар ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида юзлаб мақолалар чоп қилди. Мазкур мурожаат ва ОАВдаги чиқишлар юзасидан махсус комиссия тузилиб, унинг таркибига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ходимлари бириктирилгани таъкидланганди.

Мазкур комиссия хулосаларида Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов томонидан Бош прокурорга қарши илгари сурилган коррупция иддаоларига ҳуқуқий баҳо берилмади. Аксинча, Бухоро шаҳрининг собиқ прокурорига нисбатан туҳмат ёки жамоатчиликни чалғитишга оид қонуний жавобгарлик масаласи кўтарилмади.

Ниғматилла Йўлдошевнинг уч нафар ўтмишдоши коррупцион жиноятларда айбланиб, маҳкум этилган. Улар узоқ йиллик қамоқ муддатини ўтамоқда: Рашитжон Қодиров 10 йилга, Ихтиёр Абдуллаев 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Сўнгги собиқ Бош прокурор Отабек Муродовга нисбатан 5 йиллик озодликни чеклаш жазоси қўлланилган.

Схема

Davletov.uz Телеграм каналининг очиқ манбаларга таяниб ёзишича, Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқуловга оид коррупцион схема қандай ишлаганига доир ўз фаразларини илгари сурди:

1. Раҳмонқулов Aкбар Баҳриддинович 100% улушига эгалик қиладиган ҳамда Рахмонқулов Aлишер Баҳриддинович раҳбарлик қиладиган J-Quruvchi МЧЖ, бизнинг хомчўтларимизга кўра, 120 млрд сўмдан ортиқ давлат буюртмаларини қўлга киритган. Бундан кўп ҳам бўлиши мумкин. Акбар Баҳриддинович Раҳмонқулов, шунингдек, данакли ва пўчоқли уруғи бўлган мевалар етиштириш билан шуғулланадиган “Qo'nish Bobo Maxsus Bog'lari” МЧЖ, бетондан қурилиш учун буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган “Zenatkor Temir Beton Buyumlari” МЧЖ (Бу корхонага Раҳмонқулов Aдҳам Баҳриддинович раҳбарлик қилади)нинг тўлиқ таъсисчисидир.

2. Бaҳриддинов Шуҳрaтжон Aкрaмович тўлиғича таъсисчи бўлган “Qurilish Ta'minoti” МЧЖ ҳам, бизнинг ҳисоб-китобимизга кўра, камида 80 млрд сўмлик давлат буюртмаларини тендер, танлов асосида “ютиб олган”. Шухратжон Бaхриддинов, шу билан бирга, 1997 йилдан бери ишлаб келадиган “Kamol” хусусий корхонаси эгаси ҳамдир. Бу компания ҳам вилоятда катта қурилишлардаги иштироки билан кўпчиликка яхши таниш.

3. Тошпулатов Ихтиёр Бахтиёрович тўлиқ таъсисчиси бўлган “Abduvohid Qurilish Ta’mir’ МЧЖ ҳам Жиззах вилоятида анчагина давлат буюртмаларини олган. Очиқ маълумотлар асосида ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, ушбу компания 61 млрд сўмга яқин давлат буюртмаларини тендер, танлов ҳамда тўғридан-тўғри (манзилли дастурлар асосида) қўлга киритган. Бизга маълум бўлишича, Тошпулатов Ихтиёр Бахтиёрович ҳам она тарафдан Рахмонқуловларга қариндош бўлиши мумкин экан.

4. Рахмонқулов Aлишер Бахриддинович тўлиқ эгалик қиладиган “Jizzax Savdo Lyuks” МЧЖ яшашга яроқсиз жойларни ижарага бериш ва бошқариш билан, унинг яна бир компанияси — “Ravon Yo'l Invest” МЧЖ эса тошни кесиш, унга ишлов бериш ва пардозлаш билан шуғулланади. Яъни бу оилага тегишли аксарият корхоналар қурилиш, қурилиш материаллари ва уй-жой соҳасига бевосита ва билвосита алоқадордир.

Юқорида қайд этилганидек, қурилиш бўйича айрим тендерларда Рахмонқулов Акрам Бахритдинович тендер комиссияси раиси бўлган. Боз устига, ўзаро афилланган компаниялар битта тендерда иштирок этган ҳолатлар ҳам мавжуд. Масалан, 21 млрд сўмлик тендерда фақат “Abduvohid Qurilish Ta’mir’ МЧЖ ва “Qurilish Ta'minoti” МЧЖ иштирок этган".

Энг коррупциялашган уч соҳанинг бири

«Бугунги кунда коррупцион ҳолатлар кўп қайд этилиши жиҳатидан энг юқори ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қурилиш вазирлиги туради. Ушбу ташкилотлар тизимида коррупцион ҳолатлар кўп учраяпти.

Бу маълумотлар 2020 йил давомида содир этилган коррупциявий ҳаракатлар таҳлили асосида шакллантирилган» деди 15 апрель куни матбуот анжумани ўтказган Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Бекзод Раҳмонов.

Аксилкоррупция ташкилоти ходими бу вазирликларни коррупциядан ҳоли идорага айлантириш бўйича "самарали ишлар олиб борилаётгани"ни таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG