Линклар

Шошилинч хабар
19 октябр 2018, Тошкент вақти: 01:09

Муборак заводи ишчиларига Наврўз таътилида қалампир эктирилди


Ўзбекистонда Наврўз байрами муносабати билан президент Шавкат Мирзиёев беш кунлик таътил эълон қилганига қарамай мамлакатдаги айрим корхона ва ташкилотлар ўз ишчиларини байрам кунлари ҳам ишлашга мажбурлаган. Қашқадарёдаги Муборак газни қайта ишлаш заводининг айрим ишчилари 22 март куни Озодлик билан суҳбатда байрам кунлари қалампир экишга мажбурланганликларини айтди. Озодлик “Наврўз” байрами кунлари Ўзбекистондаги бошқа корхона ва ташкилотларда ҳам ишчилар дала меҳнати ва ободонлаштириш ишларига жалб этилганини аниқлади.

"Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!"​

Президент Шавкат Мирзиëевнинг махсус фармони билан 2018 йили Наврўз байрами муносабати билан 18 мартдан 22 мартгача узлуксиз беш кун дам олиш эълон қилинди.

Президент бу қарорни¸ ички туризмни ривожлантириш мақсадида чиқарганини айтиб¸ ўзбекистонликларни Самарқанд¸ Бухоро¸ Хива¸ Андижондаги қадимий зиëратгоҳларга саëҳат қилишга даъват қилган эди.

Аммо 22 март куни Озодликка маълум бўлишича¸ Қашқадарёдаги Муборак газни қайта ишлаш заводи ишчиларига президент тавсиясига амал қилиш имкони берилмаган - улар беш кунлик таътилда қалампир экишга мажбурланган.

Бизларга президентимиз Шавкат Мирзиёев беш кун дам олиш куни деб берган эди. Лекин, раҳбарият бизга дам олишга бермай, шанбаликлар уюштириб ишлатаяпти. 19, 20, 21, 22 март кунлари “Экоҳаёт” ташкилотига қалампир экишга олиб чиқиб мажбурлаб қалампир эктираяпти. Бошлиғимиз Шермат Жўрақулов ишга чиқмаган ишдан ҳайдалади, деб туриб президент қарорига қарши чиқаяпти," - деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган завод ишчиларидан бири.

Корхонанинг Озодлик мухбири гаплашган бошқа ишчилари ҳам байрам кунлари қалампир экишга мажбурланганликларини айтишди.

Муборак газни қайта ишлаш заводининг Озодлик боғланган мулозими байрам кунлари ҳашар ташкиллаштирилгани эътироф қилган ҳолда¸ ҳашарга ишчиларнинг "кўнгилли равишда" чиқаëтганини иддао қилди:

- Наврўз бу баҳор байрами, тўғрими? Азалдан боболаримиз мана шу кунда ҳашарлар ташкил қилишган, экин-тикин қилишган. Биз ҳам шу анъанага амал қилиб, Наврўзда “Экоҳаёт” ташкилоти билан ҳамкорликда шундай ҳашар уюштирдик. Ҳамма кўнгилли чиқaяпти. Ўйин-кулги қилиб, байрамона бўлaяпти ҳаммаси, - деди завод мулозими.

Маъмуриятни президент фармонини бузиш¸ ишчиларнинг қонуний ҳақларини топташда айблаëтган Озодлик гаплашган завод ишчилари¸ бу борада президент қабулхонасига ариза ëзиш режасида эканликларини билдирди:

- Биз ҳам шу узлуксиз дам олиш кунлари у ёқ бу ёққа боришни хоҳлар эдик. Лекин, қалампир эктиришaяпти. Бизнинг дам олиш ҳуқуқимиз пой-мол бўлаяпти. Биз ҳам байрам куни беш кун дам олишни истаймиз. Лекин завод раҳбарияти президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусига қарши чиқиб, бизни байрам куни ҳам ишлатяпти. Ҳозир ҳаммамиз президент виртуал қабулхонасига шикоят тайёрлаяпмиз, - дейди Қашқадарёдаги Муборак газни қайта ишлаш заводининг Озодлик гаплашган ишчиси.

Жиззах ва Андижонда врач ва ўқитувчи - "кўнгилли ҳашарчи"

Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани Тиббиёт бирлашмаси ходимлари ҳам Озодликка “Наврўз” кунлари ободончилик ишига мажбурланганини хабар қилди.

“Таътил эълон қилиндими¸ доим иш топилади бизда. Байрамда дам олиш унут бўлиб кетган. Ўқитувчилар ҳам¸ шифокорлар ҳам тўрт кундан буён уй-жойларини тозалаш, саришталаш, ниҳол ва гул экиш, боғларда дарахтларга шакл бериш ишлари билан банд. Байрамда дам олиш шаҳарликлар учун эълон қилинади, бизга йўл бўлсин," - дейди Озодликка гапирган жиззахлик шифокорлардан бири.

Андижондан Озодликка мурожаат қилган поликлиника ходимаси ҳам байрам кунлари ишлаётганликларини айтди.

- Тиббиёт ходимиман, поликлиникада ишлайман. 20-21 март куни ходимларга дам олиш деб эълон қилинган эди, лекин главрачимиз "Эртага ҳам, байрам куни ҳам ҳамма ҳашарга келади," деб эълон килди. Ваҳима қилиб, истироҳат боғида дежурликка ҳайдайди. Оиламиздан сўкиш эшитавериб чарчадик, - дейди тиббиёт ходими.

Ўзбекистонда 19-20 март ҳамда 22 март кунлари иш кунлари бўлса-да, байрам муносабати билан дам олиш куни этиб белгиланди.

19 март — 17 мартдан кўчирилган дам олиш куни, 20 март — қўшимча дам олиш куни, 22 март — 24 мартдан кўчирилган дам олиш куни сифатида кўрсатилган.

XS
SM
MD
LG