Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:07

Андижон ҳокими: Талаба, ўқитувчи ва шифокорларнинг далага чиқарилиши жиноят!


Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 22 сентябр куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган мажлисда мактаб ва коллеж ўқитувчилари, ўқувчи ва талабалари ҳамда тиббиёт ходимларининг дала меҳнатига жалб этилиши жиноят экани, бундай хол аниқланган тақдирда ходимларни далага чиқарган раҳбарлар нафақат лавозимидан айрилиши, балки жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақда огоҳлантирди.

Вилоят ҳокимининг бундай огоҳлантируви Ўзбекистонда талабаларнинг пахтадан қайтарилиши ортидан янгарди.

Бир кун аввал Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов пахта далаларидаги талабалар, ўқитувчи ва шифокорларни қайтаришга буйруқ берган эди.

“Бугундан бошлаб Андижон вилояти бўйича, чунки мен Андижон бўйича жавоб бераман, 18 ёшга тўлмаган фуқаро, бюджет ташкилоти ходимлари, асосан мактаб ўқитувчилари, ўқувчилари, ходимлари, тиббиёт ходимлари, врачлар, ҳамширалар, коллеж ходимлари, ўқитувчилари, ўқувчилари, шуларни бирортаси далага чиқиши бу жиноят. Ва олий ўқув юрти талабалари ва ўқитувчилари ҳам бунга киради. Қайси туманда, қайси секторда мана шу тоифа одамлар пахта териб юргани аниқланса раҳбарига нисбатан нафақат лавозимидан кетиш балки жиноий жавобгарликка тартилиши ҳақида огоҳлантираман”, - деди Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов.

Андижон вилоят ҳокими ўз чиқишида даладан қайтарилган талабалар ўрнига энди уйда ишсиз ўтирганлар пахтага жалб этишда маҳаллий имомлар, отин ойилар ва мактаб ҳамда коллеж раҳбарларидан ёрдам сўради.

“Ҳурматли отин ойиларимиз, ҳурматли имомларимиз, ҳурматли мактаб директорлари, боғча мудирлари сизлар ишингни қилинглар, лекин маҳаллада эшикма-эшик юриб, менга одам жалб қилиш бўйича ҳаммаларингиз гуруҳ бўлиб юрасизлар, - деди ҳоким.

Ҳоким пахта терганларга уй ва имтиёзли кредит ваъда қилди

Ўз чиқишида Андижон ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов пахтани терган ишсизларга иш топиб беришни, тадбиркорга имтиёзли кредитларни, аёлларга арзон уйларни ваъда қилди.

“Мен ёш оиламан, пахтани қаттиқ тераман, терган пулимни ҳам уй-жойга ўтказаман, ёрдам беринг уй олишга", деса берамиз, "мен ёш оиламан товуқ боқмоқчиман, сигир боқмоқчиман", деса имтиёзли кредитга олиб берилади. Ўтган йили 230 сўм, бу йил далани устида 410 сўм, янги бели синмаган элликталикларни беряпмиз. Нега уйда бекор ўтирган опажонлар ёрдам бермайди. Боласи бўлса дала боғчалари очиб боласини боқтириб ҳам берамиз. 410 сўмдан пул берсак, терсин. Маҳалладагилар чиқинг уйдан, ишсиз ўтирибсиз ҳамманг, чиқинг далага, ўн кун терсанг 400 минг сўм, 20 кун терсанг 800 минг сўм. Ишлайсан, биз сизга кафолат берамиз, пахта терими тугаганидан кейин кафолатланган иш жойи билан таминлашга албатта ёрдам берилади. Имтиёзли кредит олиб берамиз, керак бўлса. Қарс икки қўлдан чиқади, сен қиласан биз ҳам қиламиз, сен қилмайсан биз ҳам қилмаймиз”, - деди Шуҳратбек Абдураҳмонов.

Андижонлик Ҳаётуллонинг Озодликка айтишича, вилоятда талаба, ўқитувчи ва шифокорлар пахта теримидан қайтарилгач маҳалла фаоллари уйма-уй юриб теримчилар рўйхатини тузишга киришган.

-Ўн кунга ётоғи билан пахтага боришларинг шарт деяпти. Пахтага боролмайман, ишим қолиб кетади, деганлардан кунига 10 минг сўмдан 10 кунлик терим учун 100 минг сўм пул сўралмоқда, - дейди Ҳаётулло.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:14 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистондаги ҳокимлар бундан олдин ҳам ўқитувчи ва шифокорларни пахтага ва дала юмушларига олиб чиқмасликни ваъда қилган.

Жумладан Сурхондарё вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ўқитувчи ва шифокорларнинг дала ишларига, кўчада қатор бўлиб ободончилик ишлари билан шуғулланишига тўлиқ барҳам берамиз, деб август ойида айтган эди.

- Такрорлаб айтаман: Сурхондарёда на ўқитувчи, на шифокор пахта йиғим-теримига жалб қилинмайди. Бировга яхши кўриниш, режани бажариш учун бошқаларни мажбурлаб пахтага олиб чиқиш — ноинсофлик! “— деган эди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов.

Наманган ва Жиззах ҳокимлари ҳам шунга ўхшаш баёнотлар қилган, лекин шунга қарамай шу ва бошқа вилоятларда бу йил ҳам шифокорлар ва ўқитувчилар пахтага ҳайдалди.

XS
SM
MD
LG