Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:35

Вазирлар Маҳкамаси ўқитувчи ва врачларни пахтага чиқаришни тақиқлади(ми?)


Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган хабарга кўра, вазир муовини Эркин Муҳитдинов АҚШ Сенати халқаро алоқалар бўйича қўмитаси ҳайъати аъзолари билан учрашув чоғида мажбурий меҳнатни тақиқлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 8 август кунги баённома қарори имзоланганини айтган.

Вазирлик сайти хабарига кўра, Ўзбекистон ҳукумати бу йилги пахта йиғим-теримига вояга етмаган ёшлар, шу жумладан, ташкилотлар, соғлиқни сақлаш ва маориф тизими ходимларини жалб қилишни қатъиян тақиқлаган.

Cotton
Ўзбекистон расмийси АҚШ мулозимларига пахта теримида талабалар, тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар жалб қилинмаслигини айтди

Лекин, вазир муовини айтган "баённома қарори" матни расмий мутбуотда ҳам ҳукумат қарорлари жамланувчи Lex.Uz сайтида ҳам эълон қилинмаган.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мулозимлари соғлиқни сақлаш ва маориф тизими ходимларини бу йил пахтага чиқариш тақиқлангани ҳақидаги қарордан хабарсиз эканликларини айтишди.

- Бундай қарор бизга келмаган, компютер тизимимизда йўқ. Лекин, бир нарсани айтишим мумкин: Ўзбекистонда мажбурий меҳнат тақиқланади. Тиббиёт ходимимисиз ёки ўқитувчи ёки бошқа соҳа ходими бўлсангиз ҳам ҳеч ким сизни пахта теришга мажбурлашга ҳаққи йўқ, - деди ўзини вазирликнинг ҳуқуқшуноси деб таништирган мулозим.

Вазирликнинг яна бир мулозими "баённома қарори" деган иборадан келиб чиқиб, "гап Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган мажлис қарори бўлса керак, Бош вазир ёки Президент имзолаган қарор эмас, яна билмадим", деди.

Айни пайтда, маҳаллий ахборот воситалари мажбурий меҳнат тақиқлангани тўғрисида хабарлар эълон қилди. Масалан, "Ўзбекистон 24" телеканали ўз хабарини "Меҳнат вазирлиги: "Вояга етмаганларни пахта теримига жалб этиш ва мажбурий меҳнат тақиқланади"​, деган сарлавҳа остида берди. Бироқ хабар матнидаги умумий гаплар орасида сарлавҳани далилловчи конкрет гап йўқ.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат холатларини кузатиб борувчи мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Малоҳат Эшонқулова Озодлик билан суҳбатда ҳукумат ҳатто мажбурий меҳнатни тақиқловчи ҳужжатни қабул қилган тақдирда ҳам унинг ижроси муҳимлигига эътибор қаратди.

- Шахсан мен хурсандман, агар Вазирлар Маҳкамаси шундай қарорни қабул қилган бўлса. Лекин қарорлар, ижроси билан қадрли. Ўзбекистонда инсон манфаатларини ўйлаб жуда кўп қарор, фармонлар чиқарилган. Афсуски, жуда кўп қарорлар ҳаётда аксини топмаяпти, тадбиқ этилмаяпти. Енг ичидаги сиёсат бу. Қоғозда бошқача гапирилади, амалда эса мутлақо бошқача, - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Айрим давлат ташкилотларида, жумладан тиббиёт ва маориф тизимидаги ташкилотларда ҳам ишчиларга бу йил ҳам пахта теримига чиқиш айтилган ва улардан бу ҳақда кафолат хатлари олинган.

Сирдарё вилояти Тиббиёт бирлашмасининг Озодлик боғланган ходимаси: - Бу йил ҳам пахтага чиқар эканмиз, - деди.

Хоразмнинг Хазорасп тумани касалхонасида ишловчи шифокорлардан бирининг Озодликка айтишича, уларга 10 сентябрдан пахтага чиқиш айтилган.

Лекин, шифохонанинг кадрлар билан ишлаш бўлими ходимаси пахтага чиқиш мажбурий эмаслигини айтди.

- Пахта мажбурий эмас. Ихтиёрий. Ишчилар бунинг учун қўшимча маблағ олади ойлигидан ташқари. Бу йил пахтани пулини ҳам оширишган, шунинг учун кўнгиллилар кўп, - деди Хазорасп тумани касалхонасининг қадрлар бўлими раҳбари.

Бу йил бир кило пахта терганга ўтган йилдагидан қарийб икки баравар кўпроқ пул, яъни 400 сўм ваъда қилинмоқда.

Бир теримчи бир кунда 100 кило пахта терса 40 минг сўм ёки қора бозор курсида 5 доллар ишлаб топиши мумкин.

Малоҳат Эшонқулова, агар Вазирлар Маҳкамасининг қарорида "тиббиёт ва маориф тизими ходимларининг пахта теримига чиқарилиши тақиқланади", дейилган бўлса уларни "кўнгилли равишда" чиқариш ҳукумат қарорига зид келишини айтади.

- Лекин, яна айтаман қоғозда бошқа, амалда бошқа бизда. Бошлиқ "чиқ", деса улар чиқишга мажбур. Чунки ишсизлик кўп, шифокор ҳам ўқитувчи ҳам эртага ишсиз қолиб кетишини яхши билади, - дейди Эшонқулова.

Бу йил Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида ўқитувчилар, тиббиёт муассасалари ходимлари ғўза яганаси ва чопиғига сафарбар этилгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти йиллардан бери Ўзбекистонда ҳар йили юир миллионга яқин одам пахта теримига мажбуран сафарбар қилиниши ҳақида айтиб келади.

Мажбурий меҳнат сабаб, сўнгги йилларда қатор йирик хорижий ширкатлар Ўзбекистон пахтасини бойкот қилган.

XS
SM
MD
LG