Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:06

Солиқ қўмитасидан генерал Парпиев кетди. Раис вазифасини бажарувчи этиб Мусаев тайинланди


Ботир Парпиев
Ботир Парпиев

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасини деярли 14 йилдан буён бошқарган генерал Ботир Парпиев Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги - ЎзА 11 майда хабар қилди.

Ким кетди

Маълум бўлишича, 71 яшар Ботир Парпиев 11 май куни Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши йиғилишида кенгаш аъзоларига таништирилган.

Хабар уз сайтининг хабар беришича, Ботир Парпиев ўзининг Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши раиси ўринбосари этиб тайинланишига қуйидагича муносабат билдирган:

"Мен оддий аскарман. Раҳбарият қаерга лозим топса, сидқидилдан ишлашга тайёрман. Хонадонларга кириб одамларнинг дарду қайғуси билан ишлаш, халққа хизмат қилиш катта мукофот. Билдирилган ушбу ишонч менга катта масъулият юклайди".

Беш ой муқаддам Озодлик Ўзбекистон ҳукуматидаги бир-биридан мустақил икки манбага таяниб Ботир Парпиевнинг истеъфога чиқаришни сўраб президентга 2017 йил октябрида ариза топширгани ҳақида хабар тарқатганди.

Озодлик суҳбатлашган мулозимларга кўра, генерал-лейтенант Парпиев истъефога чиқиш истагини соғлиғи ёмонлашгани билан изоҳлаган.

"Икки ой олдин Парпиев мазаси йўқлиги сабабли истеъфога чиқишни сўраб, президент Мирзиёевга ариза топширганди. Охирги пайтларда Парпиев оёғи оғриётганидан шикоят қилади. Лекин, президент ҳозирча ишлаб турсин, деб унинг аризасини қабул қилмаган," деб айтганди ўшанда Давлат Солиқ инспекцияси мулозими.

Ботир Парпиевнинг истеъфога чиқиш истаги мамлакат солиқ тизими кадрлари орасида йирик қисқартиришлар юз бергани ортидан кузатилди.

Солиқ тизимидаги қисқартишлар Ўзбекистон презденти қарорига мувофиқ амалга оширилди.

1 август куни имзоланган мазкур қарорга кўра¸ солиқ хизмати жами ходимлари сони 12 131 нафар, марказий аппарат бошқарувидагилар сони эса¸ 263 нафар этиб белгиланган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 12 июлида ўтказилган видеоселекторда солиқ тизими ходимларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашишлари ва асоссиз текширувлар ўтказишини танқид қилар экан¸ яқин фурсатда Ўзбекистон солиқ тизимида жиддий ўзгаришлар бўлишини айтган эди.

Айни мажлисда Давлат Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев текширувлар тадбиркорликнинг ривожланишига ҳақиқатан ҳам тўсқинлик қилишини тан олган эди.

Солиқ қўмитаси раҳбари бу каби текширувларга чек қўйилиши, қонунга амал қилмаганларга нисбатан чора кўрилиши, тадбиркорлар эса, қўллаб-қувватланишига ваъда берган эди.

Ботир Парпиев 1946 йилда Андижон вилоятида, милиция генерал-майори Раҳмат Парпиевнинг оиласида туғилган. 1992-1996 йилларда Андижон вилояти ИИБ бошлиғи, 1996-1998 йилларда Ўзбекистон ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, 1998-2002 – Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари, 2002 йилнинг июнь ойидан декабрь ойигача – Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири, 2002-2004 – Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси бўлиб ишлаган, 2003 йилда божхона хизмати генерал-лейтенанти унвонини олган. 2004 йилдан буён Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган.

Ботир Парпиев Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига 1995 йилдан 23 давомида раислик қилган Рустам Иноятовнинг қудасидир.

Ботир Парпиев марҳум Ислом Каримов ҳукуматидаги сўнгги юқори мулозимларидан бири эди.

Ким келди

Ботир Парпиев ўрнига қўмита раиси вазифасини бажарувчи этиб Беҳзод Анварович Мусаев тайинланган.

Беҳзод Мусаев Ўзбекистон президенти қарори билан 12 март куни Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган эди.

Норасмий манбалар 2012 йилда Солиқ қўмитаси раиси 1-ўринбосари Беҳзод Мусаевнинг ўз устидан жиноий иш очилиши арафасида АҚШдан сиёсий бошпана олганини иддао қилаётгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Озодликда тасдиқлашнинг ҳозирча имкони бўлмаган бу хабарларга кўра¸ Беҳзод Мусаев 2012 йили АҚШга тажриба алмашиш дастури бўйича бориб, ўша ерда қолиб кетган. Норасмий манбаларга кўра, Беҳзод Мусаев бошпана сўрашини ватанида унга нисбатан хавф туғилгани билан изоҳлаган.

XS
SM
MD
LG