Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2019, Тошкент вақти: 05:46

Пахта теримига одам чиқаришга масъул самарқандлик доктор юрак хуружидан ўлди


Марҳум Фаҳриддин Саидов

Самарқанд туман тиббиёт бирлашмасида болалар врачи бўлиб ишлаган ва тиббиëт ходимларини пахтага сафарбар қилиш билан шуғулланган 52 яшар Фахриддин Саидовнинг 16 сентябрь кунги селектор мажлисидан чиққач, 2 кун ўтиб ўлгани бугун маълум бўлди.

"Қўрқмаслар" инсон ҳуқуқлари гуруҳи аъзоси Малоҳат Эшонқулованинг Озодликка маълум қилишича, Фахриддин Саидов пахта бўйича селектор мажлисидаги ҳақоратлар ортидан юрак ҳуружига учраган.

Эшонқулованинг Озодлик билан суҳбатда даволовчи врачга таяниб айтишича¸ марҳум ўлимидан икки кун олдин мажлисда ҳоким тарафидан қаттиқ тергалган, у ўз зиммасига туман тиббиёт бирлашмаси Касаба уюшмаси раиси сифатида мингга яқин тиббиëт ходимини пахтага чиқариш учун мажбурият олган.

- 16 сентябрь куни врач ва ҳамширалар Фахриддин Саидовнинг олдига келиб пахтага чиқмаймиз, деб туриб олишган. Президент докторлар пахтага чиқмасин деб турган вақтда нимага бизни пахтага теришга мажбурлаяпсиз дейишган пайтда Саидов юрагини чангаллаб йиқилган ва реанимация бўлимида жони узилган, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Эшонқуловага кўра¸ шу кунларда туманда шифокорлар ҳамон пахта далаларида қолмоқда.

Пахта-2017: Қурбонлар сони ортмоқда

12 октябрь куни Қорақалпоғистоннинг Тахиатош туманида 4-синф ўқувчиси устига девор қулаши оқибатида нобуд бўлган эди.

Воқеа тафсилотларидан хабардор тахиатошликларнинг Озодликка айтишича¸ мактаб ўқитувчиси ўрнига пахтага ёлланган боланинг онаси фожиа пайтида далада бўлган.

Қашқадарё вилоят, Қарши туман, Пистакент қишлоғида яшовчи 28 яшар Лобар Ашурова пахта даласида "ички қон кетиши оқибатида" оламдан ўтди. Бу фожиа Лобар Қашқадарё вилоят сил касалликлари шифохонасида санитар бўлиб ишлайдиган онасининг ўрнига пахта теримига чиққан пайтда содир бўлган эди.

Андижон вилоят, Улуғнор туман ҳокими 57 яшар Асилбек Юсупов 5 октябрь куни оламдан ўтди. Туман ҳокимлиги мулозимининг Озодликка айтишича¸ 6 октябрь куни дафн қилинган Юсупов 3 октябрь куни пахта йиғим-теримига оид вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов​ ўтказган селектор мажлисида ҳоким томонидан тергалгани ортидан иш кабинетида оғиз-бурнидан қон кетиб, йиқилиб тушган.

19 сентябрь куни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 43-боғчада 2 яшар Абдуллоҳ устига бир қозон қайноқ овқат тўкилиши оқибатида оламдан ўтди. Боғчада ошпаз бўлиб ишлайдиган Гулнора Раҳмонова ўғлига қарайдиган қайнонаси пахта теримига чиқарилгани боис, боласини ўзи билан боғчага олиб борган пайти ушбу фожиа содир бўлган.

16 сентябрь куни Андижон шаҳрида яшовчи 58 ёшли Музаффар Умрзоқов мактабда фаррош бўлиб ишлайдиган рафиқаси ўрнига пахтага чиққан пайтда далада жон берди.

Шу куни Жиззах вилоят, Шароф Рашидов туман, "Уч тепа" даҳасидаги 32-мактабида Ёшлар иттифоқи ташкилотчиси 39 яшар Гулзода Тожибоева пахтадан қайтаëтганида автобус тагида қолиб ўлди.

19 сентябрь куни БМТ бош минбарида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда болалар меҳнати¸ умуман мажбурий меҳнатга барҳам берилгани ҳақида баëнот қилди. Ушбу баёнотдан уч кун ўтиб, талабалар, шифокор ва ўқитувчилар пахта далаларидан шошилинч ортга қайтарилди. Бироқ Озодликка келаётган хабарларга кўра, турли соҳа вакилларини пахта теримига мажбуран чиқариш жараёни давом этмоқда.

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG