Линклар

Шошилинч хабар
18 январ 2020, Тошкент вақти: 20:57

Тошкентда кушхона қолмади. Қурбонлик қилмоқчи бўлганлар сарсон


Июнь ойидан буён Тошкентда мавжуд барча 24 та кушхонанинг беркитилгани туфайли аҳоли орасида Қурбон байрами арафасида жонлиқ сўйишда муаммолар вужудга келди.

Тошкент шаҳрида ёпилган баъзи кушхоналарнинг эгалари Озодлик билан суҳбатда юзлаб одам ишсиз қолганидан шикоят қилди.

Тошкент шаҳар ветеринария бошқармаси ходими бундан буён пойтахт ҳудудида кушхоналар бўлмаслигини билдирди.

Озодлик суҳбатлашган пойтахтликлар Қурбон байрами арафасида чорва молларини кушхоналарда эмас, ё ўз уйларига қассобларни таклиф қилиб ёки Тошкентнинг чекка минтақаларида жойлашган замонавий кушхоналарда сўйишга мажбур бўлаётганликларини айтди.

Уларга кўра, бундай қийинчиликларнинг юзага келишида шаҳардаги барча кушхоналарнинг беркитилгани сабаб бўлган.

"Бугун яқинда беркитилган Чуқурсойдаги кушхонага борганимда "формально" кушхона ишламаяпти, лекин гаплашсак, сўйдириб берамиз, орамизда қолса, дейишди," - деди пойтахтликлардан бири.

Яна бир пойтахтлик қурбонлик учун сотиб олган қўйини уйда сўйишга мажбур бўлаётганини айтди:

"Бугун Қўйлиққа бориб, қурбонлик учун қўй сотиб олдим. Ўтган йили кушхонада сўйдиртириб, терисини қассобга бериб ҳисоблашардим. Лекин, бу йил ҳамма кушхоналарни беркитиб ташлашибди. Мажбур қассобни уйга чақираяпман".

Тошкентлик қассоблардан бири шаҳардаги кушхоналар ёпилгани, шаҳар четида эса, кушхона етарли бўлмагани учун чорва молларини яширинча сўйиш кўпайганини айтди:

"Шаҳар ташқарисида кушхона етарлимас, шунинг учун шаҳар ташқарисидаги хонадонларда нелегалний сўйиш кўпайган. Ўз хонадонида яширинчи кушхона қилиб олганлар ҳам, яширинча қўй сўйиб бераяпти".

Тошкент шаҳридаги баъзи кушхоналар эгаларига кўра, шаҳардаги барча кушхоналар охирги икки ой ичида бирин-кетин беркитилгани ортидан юзлаб одам ишсиз қолган.

Шаҳар бўйича 400 яқин одам ишсиз қолди. Кимга мурожаат қилинса биз билмаймиз, ветеринария билади, деб ўзидан соқит қиляпти. Ветеринария бўлса, ўзи берган рухсатномани бекор қилиб, корхонани автоматлаштириш керак деб, янги қонун-қоида чиқарган. Ўйланг, ўнлаб кушхонада 3 кунда сўйиладиган молларни 4та кушхонада суйишса қанақа "бардак" бўлишини,“- деди Тошкентнинг эски шаҳар қисмида жойлашган кушхона эгаси.

Яна бир кушхона эгасининг иддао қилишича, аҳолини гўшт билан таъминлаш соҳасини монополияга айлантиришни истаган "кучлар бор" :

"Монополия қилиб олмоқчи бўлган кучлар бор. Улар қурган катта кушхоналар қиммат оборудования билан жиҳозланган, катта кредитлар ҳисобига барпо бўлган. Лекин бу кушхоналар ўзини оқламаётган эди. Шунга шаҳар ичкарисидаги кушхоналарни турли баҳоналар билан беркитиб ташлашди".

Тошкент шаҳар ветеринария бошқармаси мулозими Озодлик билан суҳбатда пойтахтдаги барча - 24 та кушхона беркитилганини тасдиқлади.

Унинг маълум қилишича, кушхоналарнинг беркитилишига "аҳоли норозилиги ва замонавий талаблар" сабаб бўлган.

Исми сир қолишини сўраган мулозимнинг маълум қилишича, 22 июнда Бош вазир имзолаган протокол асосида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Тошкент шаҳри ичида жойлашган барча кушхоналарни беркитиб ташлаган:

Бизга ҳеч қанақа тушунтириш бергани йўқ.Шаҳардан ташқарида қурилсин, шаҳарда йўқ бўлсин, дейишаяпти. Аҳолидан жалоба тушган. Сассиқ ҳид чиқади, дейди. Лекин бир-иккитаси аҳоли масканларида бўлса, кушхоналарнинг деярли ҳаммаси промзоналарда эди".

"Махсус сўйиш корхоналарида ва майдончаларида чорва молларни сўйиш билан шуғулланувчи шахсларга рухсат берувчи гувоҳномаларни бериш ва рўйхатга олиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги" 2006 йилда тасдиқдан ўтган қарор ўз кучини 2018 йил февралида йўқотган эди.

Ҳозирда Тошкент бўсағаларидаги Бектемир, Сергели ва Назарбек туманларида бир нечта замонавий кушхоналар ишга тушган.

Бу корхоналар "2016 — 2020 йилларда мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотларининг хом ашё базасини янада ривожлантириш, уларни қайта ишлашни чуқурлаштириш, озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ўзбекистон президентининг 2016 йил 5 мартда имзолаган қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишга туширилгани айтилади.

XS
SM
MD
LG