Линклар

12 сентябрда Россияда Ўзбекистон Маданияти кунлари бошланди. Россия билан Ўзбекистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллигига бағишланиб, Кремлда тантанали равишда очилиши кутилаётган Маданият кунлари 13 сентябрда Бутунроссия декоратив-амалий ва халқ санъати музейида давом этади.

Бу ҳақда Россия Федерацияси маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон Маданияти кунларининг 12 сентябрда Кремл катта залида бўлиб ўтадиган очилиш маросимида Россия Федерацияси Маданият вазири ўринбосари Владимир Аристархов ва Ўзбекистон Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев, вазирликнинг спорт ва маданий ишлар бўйича муовини Камол Оқилов, Россиянинг маданий алоқалар бўйича махсус вакили Михаил Швидкой, Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Баҳром Ашрафхоновлар иштирок этиши айтилди.

- Гуманитар соҳадаги алоқаларимиз давлатларимиз орасидаги ҳамкорликда алоҳида ўрин эгаллаб келади, деди бу тантаналар борасида сўзлаган Владимир Аристархов.

Россия Маданият вазири ўринбосари ўтган 2016 йилнинг ноябрида Ўзбекистонда Россия маданият кунлари нишонланганини эслатиб ўтди.

Кремл саройи саҳнасига “Ўзбекистон” ва “Навбаҳор” қўшиқ ва рақс ансамбллари, “Мақом” халқ мусиқа ансамбли, “Ўзбегим”, “Ялла”, Ўзбекистон Ёшлар симфоник оркестри чиқиши кутилмоқда.

Шунингдек, Россия пойтахти Москвада бу кунлари Ўзбекистон маданий мероси ва ноёб тарихий экспонатлари намойиш этилади.

Ўзбекистоннинг Россиядаги Маданият кунлари доирасида 13 сентябр куни “Россия Федерацияси тўпламларида Ўзбекистон маданий мероси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтади. Унда россиялик таниқли экспертлар ва олимлар, Давлат Эрмитажи мутахассислари, Давлат Третьков галереяси ва Россия Миллий кутубхонаси вакиллари, Россия этнография музейи ва Шарқ қўлёзмалари институти таҳлилчилари қатнашади.

Бу тадбирда Россиянинг энг илғор музей ва кутубхоналарига “Жаҳон тўпламларида Ўзбекистон маданий мероси” лойиҳасининг беш жилдли нашри совға қилинади.

Бутунроссия декоратив-амалий ва халқ санъати музейининг Балкон залида ўтказилажак бу йиғилишлар давомида ўзбек маданий санъати намуналари ҳам намойиш этилиши режалаштирилди.

Россия Маданият вазирлиги бу алоқалар доирасида Ўзбекистоннинг йирик миллий театрлари техник ходимларининг Россияга малака оширишга қабул қилишга тайёр эканини билдирди. Ундан ташқари, маданий коллективларининг икки мамлакатга гастролларини ташкил этилиши масаласи ҳал этилгани маълум қилинди.

Ўзбекистон Маданият кунлари 14 сентябр куни Москванинг “Космос” концерт залида катта концерт дастури намойиши билан ўз якунига етади.

Ўзбекистон маданият кунларини Россияда ўтказилиши борасида президент Шавкат Мирзиёевнинг апрель ойидаги давлат ташрифи келишиб олинган эди. Ўшанда Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан концертлар, фото ва бадиий кўргазмалар ҳамда бошқа маданий тадбирлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилиши айтилганди.

Жорий йилнинг 6 апрелида Россияда энг йирик А.С.Пушкин номидаги тасвирий санъат музейида бутун жаҳонга танилган Нукусдаги “Савицкий коллекцияси” дурдоналари кўргазмаси намойиш этилган эди.

XS
SM
MD
LG