Линклар

Москвадаги А.С. Пушкин номидаги Давлат тасвирий санъат музейида Нукусдан келтирилган 250 дона ноёб тасвирий санъат асарлари, тарихий, этнографик ва археологик топилмалар кўргазмага қўйилди. Игорь Савицкий томонидан узоқ йиллар давомида йиғилган бундай йирик санъат асарлари тўплами Россияда илк маротаба намойиш этилмоқда.

6 апрелдан Россияда энг йирик А.С.Пушкин номидаги тасвирий санъат музейида бутун жаҳонга танилган “Савицкий коллекцияси” дурдоналари намойиш этилмоқда.

И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Давлат тасвирий санъат музейидан келтирилган 250 асар ичида тасвирий, декоратив-амалий ваархеологик-этнографик буюмлар ва расмлар жой олди.

Президентлар Мирзиёев ва Путин Москвада 5 апрель куни Пушкин номидаги давлат тасвирий санъат музейида “Нукус хазинаси” кўргазмасининг очилиши маросимида иштирок этди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Пушкин давлат музейи директори Марина Лошак кўргазмани “ўзига хос бетакрор санъат”, деб атади.

Савицкий музейининг Нукусдаги Бош нигоҳбони Валентина Сичёва музейнинг бундай ажойиб тасвирий санъат асарлари охирги йилларда бутун дунёда санъатшунослар ва музейшунослар, коллекционерлар ва рассомлар қизиқишини ўзига тортаётганини Озодлик билан суҳбатда таъкидлади.

- Мустaқиллик дaвридaн буён ҳaқиқaтaн бундaй aжойиб музейдa очилгaн биринчи йирик кўргaзмaмиз. Кўргaзмaдa 250 зиёд aсaр нaмойиш этилмоқдa. Биз бу ерда уларни намойиш қилаётганимиздан жуда мамнунмиз. Менга шахсан таниш бўлган раҳматли Игорь Витальевич Савицкий руҳи бундай кўргазма унинг она юртида очилганидан жуда қўвонади, деб ўйлайман, деди Валентина Сичёва.

Нукус музейи бутун дунёга “Марказий Осиё хазинаси” ёки “чўлдаги Лувр” номлари билан машҳур бўлиб, москвалик рассом, коллекция йиғувчи, санъатшунос олим, археолог, реставратор ва этнограф Игор Савицкий томонидан асос солинган.

Россиянинг марказий музейида Игорь Савицкий жамланмасининг энг ноёб дурдоналари – 1920-30 йиллардаги, 60 йиллардаги “Туркистон авангарди” рассомлари, “Бубновый валет” уюшмаси рассомлари ва бошқа совет ва ўзбек графиклари асарлари намойиш этилмоқда. Туркистон авангардчилари Александр Волков, Ўрол Тансиқбоев, Николай Қорахон, Усто Мўмин (Александр Николаев), Виктор Уфимцев ва бошқа йўналиш вакиллари асарлари рассомчилик шайдоларини бефарқ қолдирмайди.

Кўргазма қатнашчилари ўз кўзлари билан “ўзбек Гогени” ва “ўзбек колористлари бошлиғи” Ўрол Тансиқбоев, “Шарқ Диего Ривераси” Александр Волков, “Бубновый валет”уюшмаси асосчиси Роберт Фалк, “Шарқ шайдоси” ва “Самарқанд куйчиси” Усто Мўмин-Николаев ва бошқа кўплаб артистлар асарларини кўриш имконига эга бўлди.

Жумладан, кўргазма очилишига келган кўплаб мухлислар Нукус давлат музейи разига айланган ва Ўзбекистонни биринчи маротаба тарк этган В.Лисенконинг “Ҳўкиз” асарини кўришга муяссар бўлди.

Экспозицияга келганлар ўзларининг илк тасаввурлари билан ўртоқлашди. “Маржоний” Жамғармаси президенти, Игор Савицкий ҳақида ҳужжатли филмга продюсерлик қилган асли тошкентлик Рустам Сулаймонов Москвага Савицкий коллекциясининг келишини “байрам”, деб атади.

- Москвaликлaр aнчaдaн буён бу кўргaзмaни Москвaгa олиб келишгa кўп мaротaбa урингaн. Ниҳоят уни оли келдик – икки давлат ҳукуматлари, музей ишчиларига шахсий миннатдорчилигимни билдираман. Биз учун бу байрам! Ҳақиқий байрам! Ҳaммaмиз буюк инсонгa, коллексия йиғувчиси вa музей тaшкилотчиси Игор Сaвитскийгa миннaтдорчилигимизни билдирaмиз, деди Рустам Сулаймонов.

“Игорь Савицкий эҳтироси” номли ушбу фильм фильм таниқли ўзбек кинорежиссёри Али Ҳамроев томонидан тўрт ярим йил давомида суратга олган.

Ўзини Шаҳноза деб таништирган яна бир кўргазма мухлисаси гапиради:

- Ҳақиқатан ҳам бу кўргазма бебаҳо. Биз жуда чиройли суратларни кўрдик. Игор Савицкий қилган ишига ташаккур билдирмоқчимиз. Мaмлaкaтимиздa бундaй ноёб коллексия борлигидaн жудa фaхрлaнaмиз. Aммо, уни Ўзбекистондa яшaгaн вaқтимиздa Нукусдa бориб кўрмaгaнимиздaн энди aфсусдaмиз, деди Шаҳноза.

7 апрел куни омма учун иш бошлаган Пушкин давлат музейидаги Савицкий коллекцияси кўргазмаси шу йилнинг 10 майигача намойиш этилади.

“Ўзбекистон” телеканали “Ахборот” дастурининг 2 сентябрдаги сонида Қорақалпоқ Давлат санъат музейида мутахассислар текширув ўтказгани ва музейда 581 миллион 625 минг сўмлик 5 картина йўқлиги аниқлангани, бунинг ортидан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати 28 август куни жиноят иши очгани хабар қилинганди.

Савицкий 1966 йилнинг 5 февралида Нукусда Қорақалпоғистон Давлат cанъат музейига асос солган ҳамда унинг биринчи раҳбари этиб тайинланган эди.

Ўзбекистондаги UZINFOCOM маркази ўтган йили ўтказган сўров натижаларига кўра¸ Игорь Савицкий номидаги санъат музейи «Ўзбекистоннинг етти мўъжизасидан бири», дея эътироф қилинган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG