Линклар

17 декабр 2017, Тошкент вақти: 17:06

Қорачой-Черкесиядаги муҳожирлар пул йиғиб, ҳалок бўлган андижонлик майитини Ўзбекистонга юборди


Ҳусниддин Қодировнинг паспорти

Россиянинг Қорачой-Черкесия республикасида автоҳалокатда 49 ёшли андижонлик Ҳусниддин Қурбонов нобуд бўлди. Ҳодисадан хабар топган Черкесскда ишлаётган меҳнат муҳожирлари маблағ йиғиб, ватандоши майитини Ўзбекистонга юборди.

Россиянинг Қорачой-Черкесия минтақасидан Озодлик таҳририятига мурожаат қилган навоийлик Шаҳбоз машина уриб кетган 49 яшар андижонлик Қодиров Хусниддин Ахуновичнинг яқинлари қидирилаётганини маълум қилди.

- Биз Қорачой-Черкесиянинг Черкесск шаҳрида ишлаймиз, ўқиймиз. Бир туркман ўртоғим телефон қилиб, “Қаердансан? Андижондан эмасмисан?”, деб сўраб қолди. “Мен Навоийданман. Нима бўлди?”, десам, “Ўтган куни бир акамизни машина уриб кетган экан”, деди. Ёнида фақат паспорти чиққан – бу ердаги на адреси, на турар-жойи, на ишлаган жойи бор.Ўша жойнинг ўзида жон берибди. Кўчада қолиб кетибди, шу одамнинг қариндош-уруғини топиб, хабар берайлик, деган эдим, деди Шаҳбозбек.

Суҳбатдош Черкесск шаҳрида Ўзбекистоннинг, асосан, Бухоро ва Хоразм минтақаларидан келган мигрантлар ишлашини айтди.

Ҳусниддин Қодировнинг паспортидан олинган маълумотларга кўра, у 1968 йилнинг 10 июнида Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида туғилган, миллати қирғиз.

Шаҳбозбек ҳалок бўлган муҳожирнинг паспорт нусхасини Ўзбекистонга ўз ҳамхизматлари орқали юборгани ва яқинлари Ўзбекистонда ҳам қидирилаётганини билдирди.

Озодлик марҳум Ҳусниддин Қодиров майити билан Черкесск шаҳрида асли тожикистонлик Саид исмли шахс шуғулланаётганини ҳам аниқлади. Саид, Ҳуснидиннинг тобути кеча такси машинасида Ўзбекистонга юборилди, деди.

У жасадни моргдан олиб чиқишга ва майитни Ўзбекистонга юборишга маҳаллий мусулмонлардан 60 минг рублга яқин маблағ йиғилганини айтиб берди.

- Мана шу ердаги одамларга раҳмат, уни олиб келганига. Кеча биз жасадни моргдан олиб, бойлаб, Ўзбекистонга жўнатвордик. Кеча соат 7:30ларда ҳужжатлари тўғриланиб, олиб кетилди. Унинг бу ерда ҳеч кими йўқ экан. Иккита боласи бор экан – хотини билан яшамас экан у. Ҳусниддин бу ерда охирги 10-15 йил яшаб келган, охирги икки йил пропискаси ҳам бўлмаган. Черкесскда бу болани кўпчилик биларкан: одамлар уйида экин-тикин қилиб, хўжалигида ёрдам бериб, кун кўриб юрган экан. Шу ердаги мусулмонлар 500-1000 рублдан ташлаб, 60 минг рубл бўлди. 40 мингини уни олиб кетган водийлик бир таниш шофёрга бердим. Қолган пулга уйида худойи қилиб ҳам беришга етарли қилиб жўнатдик, дея маълумот берди Саид.

“Худо кўрсатмасин, миллати-давлатидан қатъий назар ҳар бир мусофирнинг бошига тушиши мумкин бу нарса”, дейди Саид ака.

Бугунги кунда Россиянинг турли минтақаларида нобуд бўлаётган, бедарак йўқолаётган ва жароҳат олаётган ўзбек муҳожирлари сонига оид бирор тадқиқот олиб борилмаган ёки расмий маълумот эълон қилинмаган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG