Линклар

Ёшлар иттифоқи раҳбари Москвада соқолли аспирантга танбеҳ берди


МИСИС фаоллар залидаги учрашув

8 ноябрь куни Москвадаги Кончилик институти мажлислар залида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи делегацияси ва мамлакат элчихонаси вакилларининг талаба ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Ўзбекистон ëшлари расмий раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев Россиядаги талабалар билан илк учрашувида¸ ўзидан савол сўраган аспирантнинг соқолини танқид қилди.

21 кишидaн иборaт Ўзбекистон ёшлaр иттифоқи делегaцияси шу кунларда Россия марказий минтақалари бўйлаб сафар қилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қaҳрaмон Қуронбоев бошлиқ делегация Россия Федерациясига 30 октябрда бошланган сафари давомида Новосибирск, Санкт-Петербург, Астрахань, Москва шаҳарларида ишлаётган ва билим олаётган ўзбек ёшлари билан учрашувлар ўтказди.

Делегация таркибида Ўзбекистон президенти девони, Миллий хавфсизлик хизмати, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси бўйича агентлик, Дин ишлари бўйича қўмита ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари бор.

Ташрифдан кўзланган мақсадлар қаторида Ёшлар иттифоқи раҳбарияти “ўзбекистонлик ёш меҳнат мигрантлари фаолияти, яшаш шароитлари билан яқиндан танишиш ҳамда яшаш учун ноқулай шароитларда меҳнат қилаётган йигит-қизларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш бўйича тегишли кўмак беришини” маълум қилганди.

"МИСиС"нинг Кончилик институти мажлислар залида 8 ноябрь куни бўлиб ўтган учрашувда қатнашган талабалар йиллар давомида йиғилиб қолган масалалари билан Ёшлар иттифоқи раҳбариятига мурожаат қилди.

Бу Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раисининг Россияда таҳсил олаётган ўзбек талабалари билан илк учрашувидир.

Екатеринбургда пропискада турган бухоролик МИСИС аспиранти Расулбек Москвада консуллик қайдига туришда жиддий муаммолар пайдо бўлаётгани оид саволига ўзини Россияда эканини унутган Ёшлар иттифоқи раиси, президентнинг ёшлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев “Нега сен соқол қўйиб юрибсан? Неча ёшдасан? 80га кирганга ўхшайсан”, дея танбеҳ берди.

Москвадаги ўзбек талабаларини қайдга туриш, миграция қонунчилиги билан боғлиқ саволлар, моддий ёрдам, таълим жараёни ва бошқа маиший масалалар қизиқтираётгани сезилди.

Айниқса, талабалардан тушган саволларнинг аксар қисми Россияда берилган дипломнинг нострификацияси ва Ўзбекистонда қабул қилинишига бағишланди. Қуронбоев нострификация талабларининг мавжудлигини хориждаги хусусий таълим даргоҳларини битириб чиқаётган кадрларнинг билим даражасига эътирозлар борлиги билан изоҳлади.

-“Таълим тўғрисида”ги қонунга яқин келажакда бу масалада ўзгартириш киритилиши кутилмоқда. Яқинда МИСиСнинг филиали ҳам Ўзбекистонда очилмоқда, дея жавоб берди Қаҳрамон Қуронбоев.

Учрашувда Ўзбекистон элчиси Баҳром Ашрафхонов ҳам қатнашди.

Унинг сўзларича, Россиянинг ҳар бир федерал округида Ўзбекистоннинг бош консуллиги очилади. Хусусан, Россия Федерациясининг Санкт-Петербург, Қозон, Ростов, Екатеринбург шаҳарлари ҳамда Узоқ Шарқда консуллик идоралари очилиши маълум қилинди.

Ўзбекистонда «МИСиС»нинг филиалини очиш бўйича тегишли келишувлар имзолангани ҳам айтилди. Бу ишга келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов бевосита бош-қош бўлиб тургани хабари чиқди.

Россия Ёшлар иттифоқи рaиси Пaвел Крaсноруцкий вa Ўзбекистон Ёшлaр иттифоқи мaркaзий кенгaш рaиси Қaҳрaмон Қуронбоев томонидaн "Ёшлaр билaн ишлaш соҳaсидa ўзaро ҳaмкорлик Меморaндуми" ҳам имзолaнди. Шунингдек, келаси йилнинг бошларида Россия-Ўзбекистон ўртасида ёшлар форуми ўтказилиши мўлжалланди.

Сафар 9 ноябр куни якунига етди.

Талабалар йиғилиб қолган саволларига жавоб излаб келди
Талабалар йиғилиб қолган саволларига жавоб излаб келди

“Ўзбек ёшлари ўз саволларига жавоб ололдими?” Бу савол билан Озодлик Москвадаги учрашув иштирокчиларига микрофон тутди.

Қуйида уларнинг жавоблари билан танишинг:

-Ўйлайманки, бу кўринишдаги учрашувлар талабаларимиз учун жуда фойдали, чунки бу уларнинг юқори лавозимли меҳмонларимиз билан тенгма-тенг мулоқотидир. Меҳмонлар талабалар саволларига берган деярли барча саволларга жавоб беришди. Ҳаммасига бўлмаса ҳам, қолганларига биргаликда жавоб излаб кўрамиз.

- Саволларимга қисман жавоб олдим. Менимча, савол берган қолган талабаларимиз ҳам жавоб ололган бўлса керак.

- Саволимга тўлиқ жавоб ололмадим, лекин Қаҳрамон Қўчқорович элчихонага таклиф қилди. У ерда Меҳнат вазири муовини билан гаплашамиз ва, Худо хоҳласа, ўша ерда саволимга жавоб оламан, деган умиддаман.

- Сўзсиз, бу уларнинг ваколати. Бу масалаларни улар ечмаса ким ечади унда?! Масала бу уларга қанчалик кераклигидадир. Мен “Нима учун сиз бундай ишлайсиз?” дея берган саволимга, элчихона вакиллари “катта навбатлар”ни баҳона қилди. Улар, шунчаки, бу масалаларни бартараф қилишни истамаётир, уларга бунинг кераги йўқ, бу ортиқча иш. Улар хорижда юрган ўз ватандошлари муаммоларини ҳал қилишни истайдими? Кўринишидан, йўқ.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG