Линклар

Шошилинч хабар
12 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:43

"Ёшлар иттифоқи" ташкилотчиси пахтадан қайтаëтиб автобус тагида қолди


Ҳашарчилар автобусда пахта теримига кетмоқда. Озодлик архивидан олинган бу суратнинг Шароф Рашидов туманида содир бўлган воқеага алоқаси йўқ.
Ҳашарчилар автобусда пахта теримига кетмоқда. Озодлик архивидан олинган бу суратнинг Шароф Рашидов туманида содир бўлган воқеага алоқаси йўқ.

Жиззах вилоят, Шароф Рашидов туман, "Уч тепа" даҳасидаги 32- мактабида Ёшлар иттифоқи ташкилотчиси бўлиб ишлайдиган 39 яшар Гулзода Тожибоева пахтадан қайтаëтганида автобус тагида қолиб ўлди.

Воқеа гувоҳи бўлган учтепалик ўқитувчининг Озодликка айтишича¸ Гулзода Тожибоева терган пахтасини топшириб уйига қайтаëтган пайтда йўл-транспорт ҳодисасига учраган:

- Гулзода опани 16 сентябрь, соат 20 ларда Пахтакор-Жиззах йулидан ўтаётганда “Исузи” автобуси уриб кетди. Опа воқеа жойидаёқ жон берди¸ деди ўқитувчи.

Жиззах вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидан бири мулозими 16 сентябрь куни Гулзода Тожибоеаванинг автобус тагида қолиб ўлганлигини тасдиқлади.

- Тожибоева пахтадан қайтаëтиб йўлни кесиб ўтаëтганида катта тезлик билан келаëтган автобус уриб юборгани оқибатида оламдан ўтди. Воқеа юзасидан Рашидов туман ИИБ тарафидан жиноят иши очилган. Автобус ҳайдовчисига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266- моддаси, 2- банди бўйича (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) айблов ҳулосаси расмийлаштирилди. Ҳайдовчи маст ҳолатда бўлмагани тиббий-экспертиза жараëнида аниқланди¸ деди ички ишлар ходими.

Гулзода Тожибоева 17 сентябрь куни дафн қилинди.

Тожибоевани яқиндан таниган 32 мактаб ўқитувчиларидан бири Озодликка марҳумнинг сўнгги соатлари ҳақида айтиб берди

- Гулзодахон 16 сентябрь куни пахтасини соат 18 ларда териб бўлди. Топшириб кун ëруғида уйга етиб олай¸ уймда ишим бор деди. Аммо пахтани қабул қиладиган тарозибонлардан дарак ҳам йўқ эди. Ўша куни фермер тарозибонларга зиëфат берган экан. Тарозибонлар обедда роса ичишиб ухлаб колишган. Оқибатда пахта тортиш кечга колди. Соат кечки саккизларга яқин Гулзодахон пахтасини топшириб уйига қайтди. Даладан сал наридаги катта йўлда ана шу ҳодиса юз берди¸ деди ўқитувчи.

Гулзода Тожибоева бу йилги пахта мавсумининг Озодликка маълум бўлган иккинчи қурбонидир.

Тожибоевани машина уриб юборган 16 сентябрь куни Андижон шаҳрида яшовчи 58 ёшли Музаффар Умрзоқов мактабда фаррош бўлиб ишлайдиган рафиқаси ўрнига пахтага чиққан пайтда далада жон берган эди.

Воқеа гувоҳларининг Озодликка айтишича, Умрзоқов терган пахтасини прицепга олиб бораётган маҳал юрак хуружидан ўлган.

Халқаро ташкилотларнинг мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳақидаги тинимсиз чақириқларига қарамай, Ўзбекистонда бу йил ҳам бюджет ташкилотлари ходимлари, жумладан ўқитувчи ва шифокорлар ҳам пахта теришга мажбурланмоқда.

Ўтган йилги пахта мавсуми пайти ўндан ортиқ одам ҳалок бўлгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

19 сентябрь куни БМТ бош минбарида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда мажбурий меҳнатга барҳам берилганини таъкидлаган эди.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расмий сайтида август ойида эълон қилинган хабарда вазир муовини Эркин Муҳитдинов АҚШ Сенати халқаро алоқалар бўйича қўмитаси ҳайъати аъзолари билан учрашув чоғида мажбурий меҳнатни тақиқлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 8 август кунги баённома қарори имзолангани ва ўқитувчию шифокорлар пахта теримига чиқарилмаслигини айтгани ҳақда маълум қилинган эди.

Озодлик терим жараёнидаги мажбурий меҳнат ҳолатларини кузатиб боради.

XS
SM
MD
LG