Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2019, Тошкент вақти: 09:36

Қувасойда 16 яшар ўқувчи қиз ўз уйида осилган ҳолда топилди


Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

24 февраль куни Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳридаги 11-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси ўз уйи айвони тўсинига осилган ҳолда топилди. 16 ёшли қизнинг ўз жонига қасд қилишга олиб келган сабаб ва мотивлар ҳозирча маълум эмас. Шаҳар прокуратураси мактаб ўқувчисининг ўлими юзасидан тергов олиб бормоқда.

Яқинларидан бирининг Озодликка айтишича, қиз ўзини осишидан олдин ҳаммомга кириб кетган.

- Ўзини осишдан олдин чўмилиб чиққан. Лекин, нимага бундай қилганини ҳеч ким билмайди, - деди марҳуманинг исми сир қолишини сўраган қариндоши.

Ўз жонига қасд қилган қиз ўқиган мактаб ўқитувчиси Озодлик билан суҳбатда қизда руҳий тушкунлик кузатмаганини айтиб¸ унинг аълочи ўқувчилардан бўлганини билдирди.

- Фаол ўқувчилардан эди. Биз учун бу кутилмаган ҳол бўлди. Иқтисодий қийинчилик деса, оиласи ўзига тўқ, кимдир хафа қилди, деса хафа қилдириб қўядиган қиз эмас эди", - дейди Озодлик суҳбатлашган мактаб ўқитувчиси.

Озодлик марҳуманинг оила аъзоларига боғланди, лекин улар фожиа тафсилотлари ҳақида суҳбатлашишни исташмади.

Қувасой шаҳар ҳокимининг муовини, шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси раҳбари Муборакхон Маткаримова ўқувчи қизнинг ўлими юзасидан хизмат текшируви олиб борилаётганини айтди.

- Ҳозир буни назоратга олганмиз, қизни бунга нима етаклаганини аниқлаш учун хизмат текшируви кетаяпти, текширув натижалари маълум эмас, - деди Маткаримова.

Бу Озодликка маълум сўнгги икки ярим ой ичидаги саккизинчи суициддир.

Жиззах вилояти Фориш туманидаги 6-умумтаълим мактабининг 10 синф ўқувчиси 12 февраль куни ўзи уйининг болохонасида осилган ҳолда топилди.

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида 28 январь куни 21 ёшли О.Н ўз уйи молхонасида ўзини осгани ҳақда Озодлик хабар берди.

Қашқадарёнинг Ғузор туманида эса 27-умумтаълим мактабининг 14 яшар ўқувчиси 17 январь куни уйининг молхонасида осилган холда топилди.

Ундан олдин 9 январь куни Наманган вилоят, Косонсой туманидаги Қўқимбой қишлоғида яшаган 23 яшар йигит молхонасида жонига қасд қилди.

Жиззах вилоят, Фориш туманидаги Маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўғил бола ўқувчиси эса 6 январь куни осилган ҳолда топилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди.

Жорий йилнинг 15 феврал куни эса президент ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга қаратилган махсус қарор ҳам қабул қилди.

2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги президент қарорига мувофиқ
Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига “Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри” ва “Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи” лавозимлари киритилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG