Линклар

Шошилинч хабар
02 апрел 2020, Тошкент вақти: 17:49

Ҳужжатлар: "Ўзбекистон темир йўллари"да 2 ойда 8 бахтсиз ҳодиса, 7 ўлим!


Мутахассислар таъкидича¸ ЎТЙ қурилиш объектларида бахтсиз ҳодисалар кўпайишининг бош сабаби арзон ва малакасиз¸ аксар ҳолларда мажбурий иш кучидан фойдаланишдир.

“Ўзбекистон темир йўллари” (ЎТЙ) акциядорлик жамиятига қарашли объектларда кейинги 2 ой ичида, 18 декабрь куни Тошкент метрополитенининг Юнусобод станциясида 5 ишчининг ўлимига сабаб бўлган тупроқ ўпирилишидан ташқари, яна камида 7 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган¸ улардан 2 таси ўлим билан тугаган.

Бу маълумот жамиятнинг Озодликка тақдим этилган ички ҳужжатларидан олинди.

Ҳужжатларга кўра¸ “оғир” деб таснифланган бахтсиз ҳодисалардан энг сўнгги учтаси айнан кейинги бир ой ичида Тошкентдаги янги метро станциялари қурилишида рўй берган.

Ҳужжатлардаги инсоний фожиалар

Озодликка “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мулозимларидан бири томонидан тақдим этилган ҳужжатларда жамиятга қарашли қурилиш объектларида рўй берган бахтсиз ҳодисалар тафсилоти ëзилган.

2019 йилнинг 21 ноябридан то 2020 йилнинг 26 январига қадар бўлган муддатни қамраган бу ҳужжатларда ишлаб чиқариш билан боғлиқ еттита бахтсиз ҳодиса қайд қилинган.

Ҳужжатларда ëзилишича¸ 21 ноябрь куни Бухорода поездлар хавфсизлигини таъминлаш ўқчиси¸ 27 яшар Шоҳруҳ Олимов тунги сменада ишлаëтганда ис газидан заҳарланиб ўлган.

Ҳужжатдан нусха
Ҳужжатдан нусха

9 декабрь куни ЎТЙ тизимидаги “Кўприкқурилишфойдаланиш” УКсининг Фарғонадаги келишилган шартнома асосидаги ишчиси 50 яшар Нуриддин Турдиалиев катта йўлни тозалашга чиқарилган пайтда¸ машина уриб ўлган.

Шунингдек:

Тошкентдаги ер усти метроси қурилишида ишлаш учун Сирдарëдан юборилган ховослик монтëр Элмурод Абдуллаев тунги соат 01:30 да ишлатилаëтган маҳал баландликдан йиқилиб оғир жароҳат олган;

5 январь куни “Дўстлик” ер усти метросида фуқаролик шартномаси билан ишлаëтган наманганлик Рустамжон Сайдуллаевнинг¸ 17 январь куни эса¸ “Юнусобод” метро қурилишида келишув шартномаси билан ишлаëтган сурхондарëлик Тоҳир Пиримовнинг бошига опалубка тушиб¸ иккаласи ҳам оғир аҳволда касалхонага ëтқизилган.

Ҳужжатдан нусха. Юнусобод метроси қурилишида 17 январь куни ҳам бахтсиз ҳодиса рўй берган.
Ҳужжатдан нусха. Юнусобод метроси қурилишида 17 январь куни ҳам бахтсиз ҳодиса рўй берган.

Оғир жароҳат ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисаларга оид ҳужжатларнинг ҳаммасида келажакда қилиниши лозим дейилган ишларни қилиш¸ асосан¸ техника хавфсизлигига риоя этиш топширилган.

“Бу ҳали ҳаммаси эмас!”

Бу ЎТЙга қарашли объектлар¸ айниқса¸ метро қурилишида бўлаëтган бахтсиз ҳодисаларнинг айримларидир”¸ дейди ҳужжатларни шахси сир қолиш шарти билан изоҳлаган ЎТЙ мутахассиси.

Келишув шартномаси бор деганларга қандайдир малакаси бор, тиббий кўриклар¸ касб бўйича имтиҳон ва текширувлардан ўтган, темир йўл штатига ўтказилган ёки қайсидир темир йўл корхонасидан командировка қилинганлар киради. Фуқаролик келишуви дегани қандайдир иш ҳажмини бажариш мақсадида ишга вақтинча олинган мардикорлардир. Одатда булар ҳеч қандай тиббий кўрик, имтиҳонлардан ўтмайди, улар кўчадан, яъни мардикор бозоридан автобусларга солиб олиб келинади. Юнусобод метросида ўлган 5 та ишчи ҳам мардикор бўлган. Ўлгандан кейин ҳужжатларни орқа число билан тўғрилаб, худди вақтинча ишга қабул қилингандек расмийлаштиришган​”¸ дейди тизим мулозимларидан яна бири.

Бу мулозим таъкидича¸ бахтсиз ҳодисаларнинг бирламчи сабаби¸ ЎТЙ раҳбариятининг махсус қурилиш объектларига бу ерда ишлаш малакасига эга бўлмаган арзон иш кучини жалб этишидир.

Айни пайтда¸ ишчиларнинг хавфсизликни таъминловчи махсус кийимсиз¸ техника хавфсизлиги деярли йўқ шароитда узоқ соатлаб ишлаши ҳам бахтсиз ҳодисалар кўпайишига сабаб бўлган.

“Метро қурилишида мажбуран ишлатилаëтган ЎТЙ тизими ходимларини айрим инсофи борлар¸ махсус кийим-бош билан таъминлашган. Аммо “Ўзтемирйўлйуловчи” АЖ тизимида ишловчи ходимларга махсус кийимбош у ëқда турсин¸ ҳатто оддий қўлқоп хам беришгани йўқ. Юнусободдаги фожиадан кейин раҳбарият шу камчиликларни тузатиш ўрнига¸ ишчиларнинг оғир аҳволи видеога чиқиб кетмасин¸ деб мобил телефон билан ишга келишни тақиқлади. Мана буларнинг ақли қаергача етади!”¸ дейди ЎТЙ объектларидаги қурилишлар вазиятидан хабардор мулозим.

ЎТЙ тизимида ишловчи мутахассис ва ходимлар билдирган бу каби танқид ва эътирозларга жамиятдан расмий жавоб олишнинг имкони бўлмади. ЎТЙ расмийси Озодликнинг Telegram канали орқали бахтсиз ҳодисаларга изоҳ сўраб қилган мурожаатини жавобсиз қолдирди.

“Икки ойда 12 та бахтсиз ҳодиса - жуда хунук статистика!”

ЎТЙга алоқадор яна бир мулозимнинг Озодликка айтишича¸ таркибига ўнлаб корхона ва ташкилот кирувчи бутун ЎТЙ тизимида ўртача йилига ишлаб чиқаришдаги жароҳатлар сони (производственная травма) йилига 15-20 тани ташкил этади.

Сўнгги икки ой ичида тизимда рўй берган бахтсиз ҳодисалар сони¸ Юнусобод метросида ўлган 5 ишчини қўшганда¸ 12 тани¸ шундан ўлим 7 тани ташкил қилади.

Икки ойда шунча бахтсиз ҳодиса ва ўлим! Бу ачинарли статистикани қўпол қилиб айтганда бузади¸кескин ошириб юборади. Бу тизим бошқарувини бутунлай тозалаб¸ иш услубини мутлақ ўзгартириш керак”¸ дейди Озодлик суҳбатдоши.

“Ўзбекистон темир йўлллари” АЖ¸ қолаверса бутун Транспорт вазирлиги фаолияти Юнусобод метроси қурилишидаги фожиадан сўнг президент Шавкат Мирзиëев танқидига учради.

22 январь куни ЎТЙнинг бевосита раҳбари¸ Тошкентдаги янги метро линияси қурилишининг асосий масъули Очилбой Раматов Транспорт вазири лавозимидан олинди.

28 январь кунги махсус йиғилишда эса Мирзиëев транспорт соҳасидаги ҳолатни қаттиқ танқид қилди.

Бу танқид ортидан 29 январь куни ҳукумат транспорт соҳасидаги раҳбарлар¸ хусусан¸ “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси Ҳусниддин Ҳосиловни раис вазифасини вақтинча бажарувчи даражасига туширди.

Бу ўзгариш¸ айрим соҳа мутахассисларининг ишонишича¸ бутун транспорт-логистика тизими¸ хусусан¸ ЎТЙ бошқарувида яқин келажакда бўладиган кадр ўзгаришларидан даракчи бўлиши мумкин.

Озодлик умрбод мажруҳ бўлган ишчилар ва ўлганлар оилаларига иш жойида рўй берган бахтсиз ҳодиса учун товон пули тўланганига оид расмий маълумот олишга муваффақ бўлмади.

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган

Алоқадор

XS
SM
MD
LG