Линклар

Ўзбек хавфсизлик хизматлари Нью-Йорк ҳужумчисининг ота-онасини сўроқ қилмоқда

  • Ҳурмат Бобожон/Озодлик

Сайфулло Соиповнинг ота-онаси яшайдиган кўча. Тошкентнинг Учтепа тумани

Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари Нью-Йорк шаҳрида юк автомобилини пиёдалар ва велосипедчиларнинг устига қасддан ҳайдаб, 8 одамни ўлдирган ва 11 одамни жароҳатлагани айтилаётган ўзбекистонлик Сайфулло Соиповнинг Тошкентда яшайдиган ота-онасини сўроқ қилмоқда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Доналmд Трампга ҳамдардлик мактубида ҳужумни тергов қилишда "барча куч ва воситалар" билан кўмак беришга тайёр эканлигини билдирди.​

Исми очиқланмаслиги шарти билан Озодликка гапирган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан бири мулозими 1 ноябрь куни Соиповнинг ота-онаси ва 17 яшар синглиси сўроқ қилинаётганини билдирди.

Озодлик қўлга киритган маълумотга кўра, Соиповнинг ота-онаси ва синглиси Тошкентнинг Учтепа туманида яшайди.

Қўшнилари Озодлик билан суҳбатда Соиповнинг оиласи диндан йироқ экани ва савдогарлик билан тирикчилик қилишларини айтди.

Озодликнинг аниқлашича, 29 ёшли Сайфулло Соипов 2010 йилда АҚШга кетишидан олдин ота-онаси ва уч синглиси билан Тошкентнинг Шайхонтоҳур тумани Белтепа маҳалласида яшаган.

2011 йилда Соиповлар оиласи Белтепадаги уйни сотиб, Тошкентнинг

Учтепа туманидаги маҳаллалардан бирига кўчиб ўтган.

Қўшниларининг айтишича, Сайфулло Соиповнинг 52 ёшли отаси Ҳабибулло Соипов ва 50 ёшли онаси Муқаддас Соипова савдогарлик билан тирикчилик қилади.

Улар Тошкентнинг Бектўпи бозорида кийим-кечак сотиш билан оила тебратишади.

- Ҳамма қатори оила. Унча диний эмас, беш вақт намоз ўқимайди, лекин иқтиқодий жиҳатдан ўзига тўқ оила, "Жентра" машинаси бор, маҳаллада ҳамма билан борди-келдиси бор, катта қизи Хувайдо маҳалласига турмушга чиқиб кетган, кичик қизи ўзлари билан, у коллежда ўқийди, - деди Озодлик билан суҳбатда Соиповлар хонадони қўшниларидан бири.

Озодликка маълум бўлишича, Сайфулло Соиповнинг онаси Муқаддас Соипова 2016 йилнинг декабридан 2017 йилнинг февралига қадар АҚШда бўлиб қайтган.

Қўшниларининг айтишича, Муқаддас Соипова АҚШда туғилган неварасини кўриш учун борган.

Озодлик Ҳабибулло Соипов ва Муқаддас Соипова билан боғлана олмади.

Сайфулло Соипов 31 октябрь куни Нью-Йоркнинг Қуйи Манхеттэн қисмида содир этилган ҳужум ижрочиси сифатида гумонланмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркдаги "теракт" юзасидан АҚШ президенти Доналд Трампга йўллаган номасида ҳужумни тергов қилишда "барча куч ва воситалар" билан кўмак беришга тайёрлигини билдирган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG