Линклар

Шошилинч хабар
04 июн 2020, Тошкент вақти: 01:20

Тожик-Ўзбек чегарасидаги "Дўстлик бозорлари" касодга учради


Тожикистонннинг Турсунзода ва Ӯзбекистоннинг Сариосиё туманлари чегарасидаги бозор. 1 июлгача бу бозорда 300 ӯзбек ва 120 тожик тадбиркори ишларди. Ҳозир деярли бӯш.

Июль ойи бошидан Тожикистондан Ӯзбекистонга ва Ўзбекистондан Тожикистонга маҳсулотлар олиб ӯтишга чекловлар киритилгани икки мамлакатда очилган бозорлар фаолиятини фалажлаб қўйди.

Ўзбек ва тожик бозорлари икки мамлакат ўртасида март ойида визасиз борди-келди шартномаси имзоланиши ортидан чегараолди ҳудудларида очилган эди.

Аҳоли орасида бу бозорлар "Дўстлик бозорлари" номини олган.

Чекловларга мувофиқ, Тожикистондан Ӯзбекистон ҳудудига бир кишига кунига фақат 10 килограмм ва Ўзбекистондан Тожикистонга 40 килограмм миқдорида озиқ-овқат ва саноат моллари ӯтказишга изн берилади.

Тожикистонлик тадбиркор Отабек Содиқов ҳар куни Душанбе шаҳридан Сурхондарё вилоятидаги Денов шаҳрига электр асбоблари олиб бориб, “Тожикбозор”да сотарди.

Аммо янгии чекловлар ӯрнатилиши ортидан тадбиркор Деновга боришни тўхтатди.

Отабек Содиқов Ўзбекистонга бориб савдо қилишдан наф қолмаганини айтади.

“Мен тадбиркор сифатида Душанбедан Деновга духовка, мультиварка, мясорубка, телевизор ва мобиль телефон олиб бориб сотардим. Деновда тӯрт қаватли “Тожикбозор”да ҳам тожик ва ӯзбек тадбиркорлари озиқ-овқат ва саноат маҳсулотлари сотарди. Чекловлар жорий этилганидан бери Деновга борганим йўқ. Ҳозир бозор ишлаяптими ёки йўқ, билмайман, - дейди тадбиркор.

Тожикистоннинг Сӯғд вилоятидаги энг катта Ӯзбекистон озиқ-овқат ва саноат моллари бозори - “Сомон”да ҳам маҳсулотлар ва тадбиркорлар сони камайган.

Ӯзини Алишер деб таништирган бир тадбиркорнинг Озодликка айтишича, маҳсулотларни олиб ӯтишда чекловлар жорий этилиши ортидан Ӯзбекистондан “Сомон” бозорига озиқ-овқат ва саноат моллари олиб ӯтиш кескин озайган.

Сӯғд вилояти Конибодом туманидаги журналист Маҳмуджон Шермуҳаммаднинг айтишича, айни шундай ҳолат Конибодом шаҳридаги “Дӯстлик” бозорида ҳам кузатилмоқда.

“Ҳозир “Дӯстлик” бозорида тужжорлар ҳам ва харидорлар ҳам озайган. Ӯзбек тадбиркорларига кунига 40 кило миқдорида маҳсулот олиб ӯтишга изн берилган. Шуниндек, Ӯзбекистондан Тожикистонга тухум, пиёз ва бошқа ўсимликлар уруғи, ун ва ун маҳсулотлари олиб ӯтиш тақиқлаган” -дейди журналист.

Маҳалий таҳлилчи Шамсиддин Жалолов бундай вазиятнинг юзага келишида тожикистонлик ва ӯзбекистонлик монополист гуруҳларни айблади.

“Бу ҳодиса геополитик манфаатлардан эмас, балки монополист гуруҳларнинг иқтисодий манфаатлари туфайли юз берди. Улар гуруҳий манфаатларини миллий манфаатлардан юқори қўймоқдалар. Агар бундай амаллар олди олинмаса, икки қӯшни давлат орасидаги иқтисодий ва тижорий ҳамкорликларга жиддий путур етиши мумкин,”- дейди Шамсиддин Жалолов.

Унинг фикрича, Тожикистон ва Ӯзбекистон ҳукумати вакилларидан иборат қӯшма комиссия чегарада юзага келган мазкур ҳодисани ҳар томонлама ӯрганиб, муаммо ечимини топишлари лозим.

Март ойида Тожикистон ва Ӯзбекистонда визасиз борди-келди йўлга қўйилиши ортидан тожик ва ӯзбек ватандошлари катта миқдорда бир-бирларига озиқ-овқат ва саноат моллари олиб ўта бошлашди.

Аммо бугунги кунда тижорий эйфориядан ном-нишон ҳам қолмаган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан эндиликда темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 1000 АҚШ доллари миқдорида ҳамда автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда эса – 300 АҚШ доллари миқдоридаги қуйидаги товарларни 1 календарь ой давомида 1 донадан божхона тўловларисиз олиб кириш мумкин.

Булар ҳар бир хонадон учун зарур бўлган совутгич, музлатгич, кондиционер, кир ювиш машинаси, чанг ютгич, газ плитаси, электр плита, телевизор, микротўлқинли печь, духовкали печь, электр гўшт қиймалагич, дазмол, фен, ошхона комбайни, телефон аппарати, шу жумладан қўл телефони, компьютер техникаси, принтер ва кўп функцияли офис қурилмаси, планшет компьютер, ноутбук, ошхона идиши (бир тўплам) каби товарлардир.

Шунингдек, бошқа ҳар бир номдаги товар (масалан озиқ-овқат, кийим кечак, канцелярия, хўжалик моллари)дан 2 кг, аммо умумий оғирлиги 10 кг.дан ошмайдиган товарлардан божхона тўловлари ундирилмайди.

Жисмоний шахслар товарларни божхона тўловлари тўламасдан олиб ўтишнинг миқдорий нормалари жисмоний шахс Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасидаги ўтказиш пунктларидан белгиланган даврда биринчи марта ўтишида қўлланилади. Бунда божхоначилар чегара хизматлари органлари томонидан жисмоний шахснинг паспортига қўйиладиган белгидаги санага асосланишади. Рўйхатда қайд этилган ҳар қандай товар белгиланган норма ва даврийликдан ортиқ олиб ўтилганда эса ўрнатилган тартибда божхона тўловлари ундирилади.

XS
SM
MD
LG