Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:21

Тошкентдаги Вестминстерни ўнлаб талаба тарк этиши мумкин


Тошкентдаги Халқаро Вестминстер Университети 2002 йилда Лондондаги шу номли университет билан ҳамкорликда очилган эди.
Тошкентдаги Халқаро Вестминстер Университети 2002 йилда Лондондаги шу номли университет билан ҳамкорликда очилган эди.

Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида шартнома нархи қарийб икки баравар ортгани ортидан ўнлаб талаба ўқиш пулини тўлай олмай билим юртидан ҳайдалиш хавфи остида қолди. Ўтган ой Университет ўқиш пулини 15 миллион сўмдан бирданига қарийб 30 миллион сўмга кўтарганди. ТХВУда бухгалтерия масалаларига масъул мулозимнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда хорижий валюталар расмий курсининг икки баробар ортгани учун университет ўқиш пулини оширишга қарор қилган.

Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган талабаларидан бири ўқиш пулининг кутилмаганда икки баравар кўтарилиши ўзи ва кўплаб курсдошларини анча мушкул аҳволда қолдирганини айтди:

- Ўтган йил ўқишга қабул қилинганимда ўқиш пули 15 миллион сўм эди. Ҳозир эса 30 миллионга чиқиб кетди. Бундан ҳамма норози. Ректорга ҳам порталга ҳам шикоят қилдик, ҳеч ким буни ҳал қилиб бера олмаяпти, - дейди ТХВУ талабаси.

Университетнинг бошқа бир талабаси эса ўқиш пули ошгани сабаб контракт пулини тўлай олмай, ўқишдан ҳайдалиш хавфи остида қолганини айтади.

- Мен бу ўқишга ўзимни билимим билан кирганман. Ота-онамни контрак пулини тўлашга қурби етмайди. Олдин бир амаллаб, қарз қилиб тўлаб келаётгандик. Ҳозир икки баравар кўтарилиб, ўқиш йилига сал кам 5 минг доллларга тўғри келяпти. Бу пулни мен қаердан оламан, - дейди ТХВУ талабаси.

Озодлик талабаларнинг арзи юзасидан Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетига боғланди.

Ўзбекистонда ҳорижий валюталар расмий курсининг икки баробар ортиши сабаб университет ўқиш пулини оширишга қарор қилган.
Ўзбекистонда ҳорижий валюталар расмий курсининг икки баробар ортиши сабаб университет ўқиш пулини оширишга қарор қилган.

ТХВУда бухгалтерия масалаларига масъул мулозим Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда сўмнинг расмий курси хорижий валюталарга нисбатан икки баробар қадрсизланиши сабаб университет ўқиш пулини оширишга қарор қилганини айтди.

- Университетни ҳаражатлари ошди, четдан пул келмайди бизга. Ўқув биноси, ётоқхонани иситиш, академик ҳаражатлар, ходимлар маоши, ҳаммаси пул туради. Бундан ташқари Лондондаги Вестминстер университетига шартномавий тўловлар бор. Шуларни ҳисобга олиб, университет ўз молиявий барқарорлиги, истиқболдаги тараққиётини ўйлаб, ўқиш нархини оширишга қарор қилди. Ўзи ўқиш нархи ўтган йили ошиши керак эди. Бир йил ушлаб турдик. Чунки давлат курси 8 мингга кўтарилиб кетдику (Таҳр: Сўмнинг долларга нисбатан курси), бизда ўқиш пули шартномада долларда кўрсатилган эди. Доллардаги нарх миқдори 5220 АҚШ доллари эди, лекин ўша 5220 доллар 40 миллион сўмдан кўп эди. Ҳозир шартномалар сўмда тузиляпти, лекин талабаларни ўйлаб 40 миллион сўм қилинмади-да 30 миллион сўм қилинди, университет зиёнига бўлса ҳам,- деди ТХВУ масъул ходими.

Аввал талабалар 5220 долларни давлат курсида тўлашган. Бу сўмда давлат курсида 15 миллион сўм бўлган.

- Биз банкга 15 миллион сўм топширар эдик, шу пулни давлат курсида 5220 доллар қилиб университетга тўлар эдик. Ҳозир шартнома сўмда, 30 миллион сўм, икки баравар ошди, - дейди ТХВУ талабаси.

Аммо, университетнинг Маркетинг бўлими ходими Назокат Файзуллаева 2017-2018 йили учун шартнома нархлари 21 978 000 сўмни ташкил этгани келаси йил 2018-2019 ўқув йили учун тўлов миқдори 29 994 000 сўм бўлганини билдирди.

"Шу фактга асосан ўқиш нархи 36 фоизга кўтарилди, икки баравар эмас. 2002 йилда гартнома миқдори 4800 доллар бўлган. Келаётган ўқув йилида бу сумма 3705 долларга тенг бўлади", - дея билдирди Файзуллаева.

Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети маъмурияти айни пайтда тўловни бир йўла ўтказиш имконига эга бўлмаган талабаларга кўмак беришга ҳаракат қилаётгани ва уларни қўллаб-қувватлаш учун турли вариантлар таклиф этмоқда.

- Ўқув-шартнома пулини ҳар ойда бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин. Бўлиб-бўлиб тўлашнинг умумий нархга таъсири бўлмайди. Иложи борича, биз ҳозир ҳар бир талаба билан ишлаяпмиз, уларни молиявий муаммолари ни ҳисобга олиб, уларга қулай вариантларни таклиф қиляпмиз, - деди ТХВУ масъул ходими.

Шу билан бирга Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети мулозими ўқиш пулини тўламаган талаба ўқишдан ҳайдалиши мумкинлигини истисно этмади.

Лекин, университетда ҳозирча ўқиш пулини тўламай қолиб талабанинг ўқишдан ҳайдалгани ҳолати бўлмаган.

Ўтган йил сентябр ойида Ўзбекистон Марказий банки 1 АҚШ доллари қийматини 8100 сўм этиб белгилаганди. Унгача 1 доллар 4210 сўм бўлиб келган.

Сўмнинг девальвацияси сабаб Украинада таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳам мушкул аҳволда қолгани ҳақда Озодлик хабар берганди.

Тошкентдаги Халқаро Вестминстер Университети 2002 йилда Лондондаги шу номли университет билан ҳамкорликда очилган эди.

Бугунги кунда уч мингдан ортиқ талаба айни олийгоҳда таълим олади.

Ўзбекистондаги бошқа олийгоҳлардан фарқли Тошкент Халқаро Вестминстер университети (Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 16 январдаги "Тошкент шаҳрида Халқаро Вестминстер университетини ташкил этиш тўғрисида" қарорига кўра) тўлиқ ўз-ўзини молиялаш асосида фаолият юритади.

XS
SM
MD
LG