Линклар

Уруш фахрийлари Мирзиёев ваъда қилган бепул Ҳаж имтиёзидан бенасиб қолмоқда


Андижоннинг Шаҳрихон туманида яшовчи уруш фахрийлари Ўзбекистон президенти ваъда қилган Ҳаж сафарига навбатсиз ва бепул бориш имтиёзидан бенасиб қолганликларини айтишмоқда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев апрел ойида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар қандай талаб ва истакларини инобатга олиш, агарда улар ҳаж сафарига бориш истагини билдирса, давлат ҳисобидан бепул бориб келишларини ваъда берганди.

1944 йилда Ленинградни қамалдан озод этиш жангларида қатнашиб, оёғидан яраланган 94 ёшли шаҳрихонлик уруш фахрийси Йўлдош Турғунов Озодлик билан суҳбатда “Нуроний” жамғармасининг Шаҳрихон тумани бўлимидагилар “аввал Ҳажга борган экансиз”, деб уни аризасини рад қилганини айтди.

- Президентимизнинг бизга Ҳажга бепул ва навбатсиз бориш имконини берувчи фармонидан жуда ҳурсанд бўлувдик. Ҳозир энди, бўлмайди, дейишяпти, шунга озгина ҳафа бўлдик. Мен 2007 йилда Ҳажга борганман, ўшанда ёнимда ҳамрохим бўлмагани учун ҳамма жойига боролмаганман, чала қолганди. Энди олдин боролмаган жойларга бораман десам, “аввал борган экансиз”, деб руҳсат беришмаяпти, - дейди Йўлдош ота.

Шаҳрихонлик уруш фаҳрийси Йўлдош Турғунов.
Шаҳрихонлик уруш фаҳрийси Йўлдош Турғунов.

Шаҳрихон туманида яшовчи яна бир уруш фахрийси, 93 ёшли Ғуломжон Солиев ҳам президент қарорини эшитгач, Ҳажга бориш учун нафақа пулларини тўплашга тушганди.

Лекин, Ғуломжон отанинг ҳам қувончи узоққа бормади.

Ғуломжон Солиевнинг невараси Акрамжон Озодлик билан суҳбатда “Нуроний” жамғармаси унинг бобосини аризасини ҳам рад қилганини айтди.

- Бобомни қувончи бир олам эди. Чунки президентимиз уруш қатнашчилари бу йил Ҳажга бепул боради, унга ҳамрохлик қиладиган одам 50 фоизлик тўлов билан боради, дейилган фармонни имзолаганди-да. Шунга опоқ дадам нафақаларини йиғиб, врач кўригидан ҳам ўтди. “Нуроний”дагилар аввалига ҳарбий билети бўлмаса бормайди, дейишди. У ҳужжатини ҳам топдик. Кейин соғлиги тўғри келмайди, дейишди, доктордан справкани ҳам олдик. Энди 1998 йилда Ҳажга борганини пеш қилиб, энди боролмас экан, дейишяпти. Очиғини айтишди "Андижон бўйича 17 ветеран боряпти, қолганига пул йўқ", деб. Хуллас бобом хафа. Умрининг охирида Ҳажга боришига рухсат беришса ҳаражатини ўзимиз ҳам кўтарар эдик, бепул бўлмаса ҳам рухсат беришса бўлгани эди, - дейди шаҳрихонлик уруш қатнашчисининг невараси.

93 ёшли Ғуломжон Солиев Ҳажга бориш учун нафақа пулларини тўплашга тушганди.
93 ёшли Ғуломжон Солиев Ҳажга бориш учун нафақа пулларини тўплашга тушганди.

Шу йилнинг апрел ойида "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор ижроси бўйича видеоселектор мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар қандай талаб ва истакларини инобатга олиш, агарда улар ҳаж сафарига бориш истагини билдирса, давлат ҳисобидан бепул бориб келишларини айтганди.

Ҳажга борувчи уруш ветеранлари рўйхатини тузиш ва сафар ҳаражатларини тўлаш эса "Нуроний" жамғармаси зиммасига юкланганди.

Аввал борганлар энди бормайди

Жамғарма мулозими Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда аввал Ҳажга борган уруш ветеранлари у ерга навбатсиз ва бепул бориш имтиёзидан фойдалана олмаслигини айтди.

- Ҳажга юбориш тартиби бу йилдан ўзгарган, аввал борганлар энди бормайди. Бу уруш фахрийларига ҳам таалуқлидир. Шаҳрихон туманида 8 нафар уруш фахрийси бор, шулардан икки нафари бу йил Ҳажга боряпти, - деди “Нуроний” жамғармасининг исми сир қолишини истаган расмийси.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси 2017 йилдан бошлаб Умра ва Ҳаж сафарига фақат илгари ушбу амалларни бажармаган фуқароларни юбориш тартиби жорий қилинганини билдирганди.

Лекин, Дин ишлари бўйича қўмитанинг исми сир қолишини истаган мулозими Озодлик билан суҳбатда уруш фахрийлари истисно тариқасида аввал борган бўлса ҳам юборилиши кераклигини айтди.

- Бу одамлар умрини сўнгги кунларини яшамоқда ва уларни истисно тариқасида Ҳажга юборавериш керак аслида. Лекин, бу масалани “Нуроний” ҳал қилади, биз эмас, - деди Дин ишлари бўйича қўмита мулозими.

Иккинчи Жаҳон уруши даврида 1,5 миллион ўзбекистонлик фронтга кетган. Улардан ярим миллиони ортга қайтмаган.

“Нуроний” жамғармаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳозир мингдан кўпроқ уруш фахрийси қолган.

Кўпчилик уруш қатнашчиларининг ёши тўқсондан ошган. Сўнгги ўн йил ичида уларнинг сони ўн баравар камайган.

"Президентимиз ваъда бериб қўйганлар"

Бу йил президент Шавкат Мирзиёев 9-май байрами муносабати билан имзолаган қарори асосида уруш иштирокчилари ва ногиронларига 2000000 сўм (қора бозор курсида 230 АҚШ доллари) миқдорида бир марталик пул мукофоти ва навбатсиз машина сотиб олиш ҳамда Ҳажга бепул ва навбатсиз бориш имтиёзи берилди.

Бу йил мамлакат бўйича уруш фаҳрийларидан қанча нафари Ҳажга бепул бориш имтиёзидан фойдаланиши ҳақида "Нуроний" жамғармаси маълумот бермади.

93 ёшли Ғуломжон Солиев 1941 йилда Москва остонасидаги жангларда қатнашган.
93 ёшли Ғуломжон Солиев 1941 йилда Москва остонасидаги жангларда қатнашган.

“Нуроний” жамғармасидан Ҳажга бепул ва навбатсиз бориш аризаларига рад жавобини олган шаҳрихонлик фахрийлар ва уларнинг қариндошлари энди шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзига мурожаат этишмоқчи.

- Ҳозир отахонлар билан Тошкентга йўлга чиқяпмиз. Шавкат Миромоновичнинг ўзларининг қабулига ёзилганмиз, отахонлар Президентнинг олдига киришмоқчи. Чунки Президентимиз ваъда бериб қўйганлар ва умид қиламиз ваъдасини устидан чиқадилар, - дейди шаҳрихонлик уруш қатнашчисининг невараси.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG