Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:53

Хитой визаси кечиктирлаётгани учун “хитойчилар” савдосида узилишлар бўлаяпти


Пекиндаги Тянанмень майдонига ўрнатилган Хитой халқ республикаси давлат байроғи.
Пекиндаги Тянанмень майдонига ўрнатилган Хитой халқ республикаси давлат байроғи.

Хитойдан товар ташиб, Тошкент бозорларида сотувчи икки савдогар ўтган ҳафтада Озодликка мурожаат қилиб, Хитойнинг Ўзбекистондаги консуллиги виза беришни кечиктираётгани, натижада уларнинг савдосида узилишлар бўлаётганидан шикоят қилди.

Савдогарларнинг айтишича, Тошкентдан Хитойнинг энг йирик шаҳарларига бир ҳафтада 4 марта учадиган самолётлардаги 1200 нафаргача йўловчининг 70-80 фоизи, одатда, ўзбекистонлик савдогарлар бўлади.

Хитой Халқ республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси мулозими ўзбекистонликларга виза бериш тартибига ҳеч қандай ўзгартиш киритилмаганини билдирди.

Хитойга борувчилар билан бу мамлакат элчихонаси ўртасида виза масаласида воситачилик қилувчи авиакасса ходими виза бериш кейинги ойларда кечиктирилаётганини тасдиқлади.

Хитой визаси кечиктирлаётгани учун “хитойчилар” савдосида узилишлар бўлаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:38 0:00
Бевосита линк

“10 йил олдин визани 1 кунда олардик”

“Мен Хитойга 2008 йилдан бери қатнайман. Товар олиб келиб сотаман. Янги бошлаганимда ошиб кетса, 1 ҳафтада чиқар эди виза. Ҳатто 1 кунда чиққан кунлари ҳам бўлган. Бу гал мана 1 ойдан ошди. Мартнинг бошида топширганман ҳужжатларимни. Ҳануз визадан дарак йўқ”, - деди Озодликка мурожаат қилган тошкентлик 35 яшар савдогар йигит.

Унинг ҳамкасби ҳам деярли шундай гапни айтди. Ҳар иккала савдогарнинг айтишича, визани вақтида ололмагани учун уларнинг савдосида узилишлар бўлмоқда.

Элчихона мулозими: Виза бериш тартибига ўзгартиш киритилгани йўқ

Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси мулозими 10 апрель куни Озодлик мухбири саволига жавобан виза бериш тартибига ўзгартиш киритилмаганини билдираркан, қуйидаги маълумотни берди:

- Виза сўраб душанба, чоршанба, жума кунлари соат 9 дан 12 гача мурожаат қилиш мумкин, виза расмийларга ТИВ нотаси мавжуд тақдирда 1 кунда берилади, дипломатлар визани навбатсиз олади, тадбиркорлар саёҳат уюштирувчи ширкатлар орқали ҳам мурожаат қилиши мумкин,- деди Хитой элчихонаси мулозими.

Воситачи ширкат: Олдин 1 ҳафтада келадиган таклифнома энди 1 ойда ҳам келмаяпти

Маълум бўлишича, Хитой визасини расмийлаштириш билан Тошкентдаги бир неча авиакасса ҳам шуғулланади. Улардан бирининг ходими 10 апрель куни Озодлик саволларига жавоб бераркан, кейинги пайтлар виза кечиктирилаётганини тасдиқлади.

“Тадбиркорларга виза Хитойдан келадиган таклифнома мавжуд бўлган тақдирда берилади. Илгари, 5 – 6 ой олдин, таклифнома бир ҳафтага қолмай келар эди. Эндиликда эса, 20 кун, 1 ой, баъзида ундан ҳам кўп муддатга чўзилиб кетаяпти. Таклифнома келса, элчихона визани 1 ҳафтада беради. Яъни визанинг кечикиши элчихонага боғлиқ эмас”, - деди авиакасса ходими. Унинг айтишича, ҳар бир таклифнома Хитой ташқи ишлар вазирлиги орқали ўтади.

Тилга олинган вазирлик билан боғланиб, изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Тахмин ва факт

Визани 1 ойдан буён кутаётган савдогар йигит жараённинг чўзилиб кетаётгани сабаби тўғрисида фикр юритар экан, Истанбул, Стокҳольм, Санкт-Петербург ва бошқа шаҳарларда амалга оширилган террор ҳуружларини назарда тутиб, “айб ўзбекларнинг дунё бўйлаб қилган расво ишларида бўлса керак”, деб тахмин қилди.

Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси 2016 йилнинг августи охирида ўзбекистонликларга индивидуал виза беришни қўшни Қирғизистон пойтахтидаги Хитой элчихонаси олдида содир этилган портлаш ортидан тўхтатиб қўйган эди.

2016 йил, 30 август куни эрталаб “Мицибуси Делика” русумидаги автомашинага минган худкуш Хитой элчихонасининг зирҳли дарвозасига машинасини уриб, портлашни амалга оширган ва оқибатда бир одам нобуд бўлган¸ уч киши жароҳатланган эди.

Ўтган йили виза тартиби соддалаштирилгани хабар қилинган

2017 йил 1 августидан бошлаб Хитой Халқ Республикасига хизмат ёки тижорат мақсадларда борадиган ўзбекистонликлар учун виза олиш тартиби соддалаштирилгани тўғрисида Озодлик Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига таяниб хабар қилган.

Визадан ҳануз дарак йўқ

Хитой визасини 1 ойдан буён кутаётгани тўғрисида ўтган ҳафтада Озодликка хабар қилган тошкентлик 35 яшар савдогар йигит билан 10 апрель куни яна боғландик. “Йўқ, визани ҳали беришгани йўқ”, деди у.

XS
SM
MD
LG