Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2019, Тошкент вақти: 13:32

Ангренда 4 ёшли болани уриб, тишини синдирган боғча опага ҳайфсан берилди (ВИДЕО)


Озодликка онаси жўнатган видеода, 4 ёшли бола боғча опаси юзига урганида тиши тирсиллаб тушганини айтади. 

Ангренлик она 4 ёшли ўғлини боғча тарбиячиси уриб, тишини синдирганини даъво қилди. У Озодликка жўнатган видеода болакай онасига боғча опаси унинг юзига урганида тиши "қирсиллаб" тушганини айтиб беради. Ҳодиса рўй берган Ангрендаги 40-сонли болалар боғчаси раҳбарларидан бири Озодлик билан суҳбатда масала мажлисда муҳокама қилингани, боғча тарбиячисига ҳайфсан берилгани ва бўлган воқеа учун боланинг ота-онасидан кечирим сўралганини айтди.

4 ёшли бола онасининг даъво қилишича, тарбиячи фарзандини мунтазам уриб келган.

28 январь куни боланинг қўллари боғчадан қон бўлиб келганидан сўнг она боғча раҳбариятига бориб шикоят қилишга мажбур бўлганини айтди.

- Қўллари қон аҳволда келди. Яна нега урдинг, деб бордим. Борсам, болангни тарбиялаб қўй, деб менга бақириб кетди. Энди болам 8 ёшгача тишсиз юрадими, - деб билдирди ангренлик она.

Озодликка онаси жўнатган видеода, 4 ёшли бола боғча опаси юзига урганида тиши тирсиллаб тушганини айтади.

4 ёшли бола боғча опаси уриб тишини синдирганини даъво қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:58 0:00

Ҳодиса рўй берган 40-сонли боғча раҳбарларидан бири Озодликка масала мажлисда муҳокама этилгани, тарбиячига ҳайфсан берилгани ва боланинг онасидан кечирим сўралганини айтди.

- Кўриб чиқдик, буни. Тарбиячига чора кўрдик. Ота-онасини олдида кечирим сўради. Ўзига ҳайфсан бердик. "Бошқа қилмайман", деди. Болани тиши қимирлаб турган экан, кейин тушиб қолибди. Онасини гапи бўйича тарбиячи урганидан синиб кетган. Бола шўх. Лекин, тарбиячи "урмадим", деяпти. Унинг айтишича, лиққиллаб турган сут тиши тушган. Шундай бўлса ҳам онадан кечирим сўрадик, - деди боғча раҳбарларидан бири.

Лекин, боланинг онаси ўғлига қўл кўтарган боғча тарбиячисига қўлланилган "ҳайфсан" жазосидан норози эканини айтди.

- Болаларни урадиган тарбиячига боғчада ўрин бўлмаслиги керак, у тушунтириш хати ва ҳайфсан билан қутилиб қоляпти, - деб билдирди ангренлик она.

Болаларнинг калтакланиши – Ўзбекистонда тарқалган холат

Ўзбекистон боғчалари ва мактабларида тарбиячи ва муаллимларнинг болаларни таҳқирлаши, калтаклаши ҳолатлари ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.

Ўтган йилнинг сентябр ойида Тошкентнинг Чилонзор туманида жисмоний тарбия ўқитувчиси 1-синф ўқувчисини ургани учун ишдан бўшатилган эди.

Хоразмнинг Урганч шаҳрида ўтган йилнинг апрел ойида ўқувчисини кавуши билан ураётгани акс этган видеоси ижтимоий термоқда тарқалиши ортидан ўқитувчи ишдан бўшатилганди.

2017 йилнинг 16 мартида эса бошланғич синф ўқувчиларини ўқув қуроли билан уриб ҳақорат қилган фарғоналик ўқитувчи ҳам ишдан ҳайдалганди.

Бу ҳолат бўйича ҳам ўқувчилар олган видео ижтимоий тармоққа қўйилиб овоза бўлганидан сўнг ўқитувчига чора кўрилган эди.

Боғчада болаларнинг хўрланиши билан боғлиқ энг катта жанжал эса икки йил аввал Сурхондарёда рўй берган эди.

Сурхондарёнинг Денов, Ангор ва Термиз шаҳарларидаги кундузи болалар жисмоний жазоланадиган, тунда эса фоҳишахонага айланадиган боғчаларнинг қоровуллари ва тарбиячилари судга тортилгани ортидан ўнга яқин мулозим ишдан олингани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG