Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:37

Тошкентдаги араб тили ўқитиш маркази терроризмга қарши рейдлар ортидан ёпилди (ВИДЕО)


Олдинги номи “Умар Мирзо” бўлган "Ҳикматли билим” тил марказида уч ой ичида икки марта рейд ўтказилган.
Олдинги номи “Умар Мирзо” бўлган "Ҳикматли билим” тил марказида уч ой ичида икки марта рейд ўтказилган.

Тошкентдаги "Ҳикматли билим” тил ўрганиш маркази Олмазор тумани Ички ишлар бўлими терроризмга қарши кураш бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари апрел ойи бошида ўтказган рейдлар ортидан, 15 апрелда ёпилган.

Тошкентдаги тил ўргатиш марказида терроризмга қарши рейдлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:59 0:00

Марказда араб тилидан дарс бериб келган Дилфуза Каримованинг Озодликка айтишича, рейдлар пайти ўқув марказидан Қуръон китоби топилгани марказни ёпишга важ қилиб кўрсатилган.

- Мен дарс берадиган хонадан Қуръон китобини топиб олишиб, "диний таълим бергансан", деб марказни ёпишяпти. Мен фақат араб тилидан дарс бераман, бу марказда фақат тил ўқитилади, - дейди Каримова.

Олмазор тумани Ички ишлар бўлими терроризмга қарши кураш бўлимининг исми очиқланмаслигини истаган ходими эса марказда ўқитувчилар лицензияда кўзда тутилмаган фаолият билан шуғуллангани ва тил ўргатиш баробарида диний таълим беришгани у ерда таҳсил олган бир қанча одам билан суҳбатлар асосида аниқланганини айтди.

- Марказ тил ўқитиш учун лицензия олган, лекин диний таълим ўқитиляпти, - деди Олмазор ИИБсининг Террорчилик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходими.

Дилфуза Каримова эса фақат араб тилидан дарс бериб келганини айтди.

- Якка тартибда индивидуал диний таълим бериб келяпсиз, дейишяпти менга. Мен индивидуал ўқитмайман, группага араб тилидан дарс бераман. Кимлардир диний таълим беришимни айтишган экан, улар билан юзлаштиринглар, десам кўнишмади, - дейди Дилфуза Каримова.

Олдинги номи “Умар Мирзо” бўлган "Ҳикматли билим” тил марказида уч ой ичида икки марта рейд ўтказилган.

Март ойида ўтказилган рейдлар ортидан “Умар Мирзо” маркази фаолияти тугатилиб, ўрнида "Ҳикматли билим” тил маркази очилган эди.

- Мени арабча билганимни ва ўз билимимни бошқалар билан баҳам кўраётганимни булар хавф сифатида кўришяпти, - дейди Дилфуза Каримова.

Ўзбекистонда президент ўзгариши ортидан ҳукуматнинг Ислом динига бўлган муносабати ўзгаргани айтилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилдаги чиқишида Ўзбекистонда Қуръон илми кенг ўргатилиши ва ҳар бир тумандан юзлаб қорилар чиқиши кераклигини урғулаганди.

Лекин, тошкентлик ҳуқуқ фаоли Сурат Икромовга кўра, куч ишлатар тизимлари терроризмга қарши курашни диний эътиқодга қарши йўналтиришда давом этмоқда.

- Ёнидан Қуръон чиқдими, демак террорчи қамоққа олиш керак, Қуръон чиқдими, қўпорувчи ташкилотни ёпиш керак, ҳозир ҳам куч тизимлари шундай ишлашда давом этяпти, чунки ишсиз қолмаслик учун, - дейди Сурат Икромов.

Ўзбекистонда дин давлат ишларидан ажратилган. 2004 йилда қабул қилинган Диний таълим муассасаларининг фаолиятини
лицензиялаш тўғрисидаги Низомга мувофиқ
диний таълим муассасаларида диний фанларнинг диний маълумотга ҳамда диний ташкилотларни бошқариш тегишли марказий органининг рухсатномасига эга бўлган шахслар томонидан ўқитилиши шарт.

Диний фанларни ўқитаётган шахсларни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган муддатларда даврий аттестациядан ўтказиш кўзда тутилган.

Ўтган йил декабр ойида АҚШ Давлат департаменти жаҳондаги диний эркинликлар вазияти тўғрисидаги навбатдаги йиллик ҳисоботини эълон қилар экан, Ўзбекистон "алоҳида хавотирга молик давлатлар" рўйхатидан чиқарилганини маълум қилганди.

Ўзбекистон диний эркинликларни кафолатлаш йўналишида собит эканини намойиш этувчи жараёнларни бундан буён ҳам давом эттирса, яқин келажакда вазият яхшиланаётган ёки яхшиланган давлатлар қаторига қўшилиши мумкинлиги таъкидланган ҳисоботда.

Ўтган йилнинг май ойида эса АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда диний эркинликлар вазиятини яхшилашга қаратилган қадамлар ташланаётганини олқишлаган ҳолда, бу жараён секинлик билан олиб борилаётганини ҳам эътироф этган эди.

XS
SM
MD
LG