Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:03

Самарқандда шифокорни беморнинг қариндошлари калтаклади


Самарқанд вилояти Қўшработ тумани касалхонасида терапевт врач бўлиб ишловчи 24 ёшли Отабек Сирлибоев бемор қариндошларининг ҳужумига учради.

Воқеа 7 август куни шифохона ҳудудида рўй берди. Калтакланган шифокор оғир аҳволда касалхонага ётқизилди.

Қўшработ тумани Ички ишлар бўлими Озодликка шундай ҳодиса бўлганини тасдиқлади ва бу ҳолат бўйича тергов олиб бораётганини маълум қилди.

Отабек Сирлибоевнинг Озодликка айтишича, 7 август куни навбатчилик қилаётган пайти беморни олиб келган икки эркак уни ҳақоратлаб, калтаклаган.

- Травматологик касал экан, ўзим носилкани кўтаришиб олиб келаётган эдик, олиб келганлардан биттаси "врачлар чмо бўлади", деди. Мен "сўкинманглар қараяпмиз", дедим. Кейин "онангни..." деб сўкди. Носилкани кўтариб кетяпман, орқага қарасам юзимга туширди. Калтаклашди. Ҳозир бошим ва кўз қисмим гематома бўлиб касалхонада ётибман, - деди Сирлибоев.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:40 0:00
Бевосита линк

Қўшработ тумани Ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими Озодликка шундай ҳодиса бўлганини тасдиқлади ва бу бўйича тергов олиб борилаётганини маълум қилди.

Мулозим шифокорларни калтаклаганлар тақдири ҳақида маълумот олиб бермади.

Отабек Сирлибоев туман Ички ишлар бўлимига шикоят қилгани, лекин натижа бўлмаётганини айтди.

- Ўшандан бери уч кун ўтди, милициядагилар қизиқиб ҳам кўргани йўқ. Мени калтаклаганлар юришибди, очиқда. Врачларни бир тийинлик обрўси қолмади. Ҳамма устимиздан издеватся қилади, милиция бепарво. Арзимизни кимга айтишни ҳам билмай қолдик, - дейди Сирлибоев.

Ўзбекистон касалхоналарида шифокорларга ҳужум қилиниши илк бор кузатилаётгани йўқ.

Ўтган ой Жиззах шаҳридаги болалар кўп тармоқли шифохонасида вафот этган 14 ёшли беморнинг акаси шифокорни пичоқлагани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Май ойида эса Самарқандда беморнинг отаси шифокорга ҳужум қилиб, уни ҳақоратлагани видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2017-2018 йил давомида Ўзбекистонда беморлар ва уларнинг қариндошлари томонидан 300га яқин тиббиёт ходими калтакланган.

XS
SM
MD
LG