Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2019, Тошкент вақти: 07:12

19 яшар йигит ҳалок бўлди - Хўжайлида теримчиларни пахтага олиб кетаётган "Дамас" аварияга учради


Ўзбекистонда одамларнинг узоғини яқин қилаëтган Дамас автомашиналари

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида теримчиларни пахта даласига олиб кетаётган "Дамас" автомашинаси "Кобальт" автомобили билан тўқнашиб, ағдарилиб кетди.

Ҳодиса 22 сентябрь, эрталаб Хўжайли туман касалхонаси рўпарасидаги йўлда содир бўлган.

Хўжайли туман Ички ишлар бўлими навбатчиси аварияда бир киши - 19 яшар йигит ўлганини, "Дамас" ва "Кобальт" машиналари ичида бўлган ўнга яқин одам жароҳатланганини Озодликка тасдиқлади.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, "Дамас" автомобили ичида бўлган теримчилардан бири ҳалок бўлган, қолганлар, шу жумладан "Кобальт" машинаси ичида бўлган ҳайдовчи ва шериги турли даражадаги тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.

"Дамас"дагилар пахтага кетаётган бўлишган. Улар орасида менинг қариндошим ҳам бўлган, ҳозир касалхонада ётибди

- "Дамас" ичида бўлган бир одам ўлди, яна икки одам оғир аҳволда реанимацияда ётибди. "Кобальт" машинасининг ичида бўлганлар ҳам қаттиқ жароҳатланди. "Дамас"дагилар пахтага кетаётган бўлишган. Аварияга учраганлардан бири менинг қариндошим. Ҳозир касалхонада ётибди, шу менга айтиб берди, - деди исми очиқланмаслигини истаган хўжайлилик йигит.

Суҳбатдошга кўра, теримчилар ҳеч қаерда ишламайдиган одамлар бўлган:

- Хўжайлида ҳокимиятнинг олдидаги гимназиянинг ёнига тўплаб, теримчиларни хўжаликларга бўлишади. Буларни "Найман" фермер хўжалиги ерларига пахта теришга жўнатишган. Ҳозир килосига 800 сўмдан беряпти-да. Булар пул ишлаймиз, деб "Дамас"да йўлга чиқишган, касалхонанинг олдига келганда авария бўлган.

Хўжайли туман Ички ишлар бўлими навбатчиси аварияда бир одам ўлгани, "Дамас" ва "Кобальт" машиналари ичида бўлган ўнга яқин одам жароҳатланганини Озодликка тасдиқлади.

Лекин, ИИБ навбатчиси аварияга учраган "Дамас" машинаси ичида теримчилар бўлганини тасдиқлай олмаслигини айтди:

- 2000 йилда туғилган йигит ўлган, қолгани жароҳатланиб, больницага ётқизилди. Улар пахта теришга кетаётган бўлганми ёки бошқа жойгами, буни билмаймиз. "Дамас" ҳайдовчиси одам ташиш билан шуғулланар экан, лекин одам ташишга лицензияси бўлмаган. Ҳозир бу бўйича дастлабки суриштирув кетяпти.

Хўжайли туман касалхаонаси врачи Озодлик саволларига жавобан аварияга учраган одамларга зудлик билан шошилинч тиббий ëрдам кўрсатилгани, уларнинг аҳволи яхши эканини айтди.

- Ҳаммасига ëрдам кўрсатилди. Ҳаммаси жойида, - деб суҳбатни қисқа қилди Хўжайли туман касалхонаси врачи.

Озодлик Хўжайлида аварияга учраб, касалхонага тушганларнинг ўзлари билан боғлана олмади.

Ўзбекистонда ҳар йили пахта мавсуми пайти пахтага мажбуран жалб қилинган ишчилар билан турли бахтсиз ҳодисалар рўй бергани кузатилади.

Ўтган йили Бухоронинг Когон туманида теримчиларни пахтага олиб кетаётган Isuzu автобусида газ баллони портлаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлган ва яна 21 одам турли даражада жароҳат олган эди.

Айрим вилоятларда эса "Дамас" ҳайдовчилари пахта теримига одам ташишга мажбурланади.

Андижон милицияси ҳайдовчиларни пахта териш ёки ҳашарчиларни ташишга мажбурлагани ҳақда Озодлик ўтган йили хабар берган эди.

Хўжайлида теримчиларни олиб кетаётган "Дамас" автомашинасининг аварияга учраши эса 2019 йилги пахта мавсумида Озодликка маълум бўлган илк фожиадир.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG