Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2019, Тошкент вақти: 11:07

Хатирчидаги иккита мактабда ўндан ортиқ бола гепатитга чалинди


Навоий вилоятининг Хатирчи тумани Лангар қишлоғи ҳудудидаги иккита мактабда ўндан ортиқ бола гепатит “A” касаллигига чалинган.

Бу ҳақда фарзандлари 37, 58-умумтаълим мактабларида ўқийдиган бир нечта ота-она Озодликка 5 ноябрда маълум қилди.

Улар гепатит “A” касаллигига чалинган ўндан ортиқ боланинг рўйхатини ҳам Озодликка тақдим этди.

Аммо, Озодлик суҳбатлашган туман ҳокимлиги ва халқ таълими бўлими расмийлари гепатит “A”га чалинганлар сони тўрттадан ошмаслигини айтмоқда.

Хатирчи тумани Халқ таълими бўлими расмийси 37, 58-умумтаълим мактабларида гепатит “A” касаллиги қайд этилгани ва синфхоналар дезинфекция қилинганини айтди.

Аммо, расмийга кўра, иккита мактабда гепатит “А”га чалинганлар сони тўрттадан ошмайди.

- Синфхоналар дезинфекция қилинди, лекин мактаблар ёпилмади. Касаллик кўлами мактаблар ёпиладиган даражада эмас. Гепатит “A” анлиқланган болалар олдин ҳам шу касаллик билан оғриган ва даволанаётган болалар экан, деди Хатирчи тумани Халқ таълими бўлимининг Озодлик суҳбатлашган расмийси.

Фарзандлари Хатирчидаги 37- умумтаълим мактабида ўқийдиган ота-оналардан бири Озодлик билан суҳбатда касалликни бошқа ўқувчилар ҳам юқтиришидан хавотирда эканини айтади.

"Касаллик айнан 37 ва 58-мактабларда тарқалгани бежиз эмас. Бу икки мактаб ёнма-ён мактаблар. Ўқувчилар юқтирган буни. Туман халқ таълими ҳам соғлиқни сақлаш ва ҳокимлик расмийлари ҳам буни яшириш учун мактабларни ёпиб, инфекция олдини олиш учун лозим чорани кўрмаяпти, - деди исми очиқланмаслигини истаган хатирчилик ота-оналардан бири.

Озодлик хатирчилик ота-оналар хавотири юзасидан туман тиббиёт бирлашмасига боғланди.

Бирлашма расмийси гепатит “A” ​касаллиги билан боғлиқ тумандаги вазият ҳақида гапириш ваколатига эга эмаслигини айтди.

Гепатит "А"

Халқ орасида “сариқ касаллиги” номи билан аталадиган вирусли гепатит “А” жигарнинг жароҳатланиши билан кечади ва ўта юқумлидир.

Касаллик асосан ифлос қўл билан овқатланиш, мева-сабзавотларни ювмасдан истеъмол қилиш, сувни қайнатмай ичиш, истеъмолга тайёр озиқ-овқат маҳсулотларига пашшаларнинг ўтириши оқибатида ҳамда касалликка чалинганлардан юқиши мумкин.

Халқ орасида “сариқ касаллиги” номи билан аталадиган вирусли гепатит “А” белгилари тана ҳарорати кўтарилиши, ҳолсизлик, қоринда оғриқ, иштаҳасизлик, кўнгил айниши, қусиш, пешоб рангининг ўзгариши, ўнг қовурға остида оғриқ бўлиши ва тери рангининг сариқ тусга киришида ифодаланади.

26 октябр куни Қўқон шаҳридаги 21-умумий ўрта таълим мактабида камида 5 ўқувчида сариқ касаллиги аниқлангач таълим маскани дезинфекция учун беркитилганди.

Мактаб директори Дурдона Қосимова октябрь ойи давомида у бошқараётган мактабнинг 4-5-6 синфларида жами беш нафар ўқувчи сариқ касалига ва яна бир ўқувчи диареяга чалингани ҳақда Озодликка маълум қилган.

Кейинчалик бу хабарни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган эди.

Вазирлик баёнотида айтилишича, вирусли гепатит "А" мавсумга хос касаллик бўлиб, асосан куз-қиш мавсумида кузатилади.

Ушбу хасталик шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик натижасида вужудга келади.

Бундан ташқари, касалликнинг мавсумий хусусияти, табиатдаги ўзгаришлар, ҳавонинг ўзгарувчанлиги ҳам хасталикнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши учун қулай муҳит яратади.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG