Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2019, Тошкент вақти: 10:31

Мирзиёев селекторига кирган фаоллар миллий гвардиячилар тарафидан ушланганликларини иддао қилди


Селектор мажлиси экранида фаоллар кўрингач, Чирчиқ шаҳри ҳокимлиги селектордан узиб қўйилган, миллий гвардия ходимлари куч билан ҳуқуқ фаолларини залдан олиб чиқиб кетган.

5 ноябрь куни Чирчиқ шаҳрида Миллий Гвардия ходимлари шаҳар ҳокимлиги биносига бориб, президент Шавкат Мирзиёев раислик қилаётган селекторга киришга муваффақ бўлган икки нафар ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари - Елена Урлаева ва Сўлмас Аҳмедовани тутиб кетди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаеванинг Озодликка маълум қилишича, у ва ташкилотнинг яна бир фаол Сўлмас Аҳмедова президент Шавкат Мирзиёев ўтказган селектор мажлисига киришга муваффақ бўлганлар.

Аммо мажлис пайтида онлайн экранда фаоллар кўрингач, Чирчиқ шаҳри ҳокимлиги селектордан узиб қўйилган ва тез орада Миллий Гвардия ходимлари ҳуқуқ фаолларини куч билан залдан олиб чиққан.

- Менга Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва Халқаро меҳнат ташкилоти 2019 йилги пахта кампанияси миллий экспрети бўлганим учун ҳужжат берганди. Ўша ҳужжатни эшик олдида турган назоратчига кўрсатиб, селекторга кирдик. Мирзиёев пахта терими, кластер ҳақида нутқ сўзлаётган пайтда залдаги экранда кўриниб қолдик. Сўнг, Чирчиқни селектордан узиб қўйишди. Миллий Гвардия ходимлари келиб, бизни куч билан олиб чиқиб кетишди, дейди Урлаева.

У ва Сўлмас Аҳмедоваларни Чирчиқ шаҳар Ички ишлар бўлимига олиб боришгач, ички ишлар ходимлари ҳуқуқбонлар мобиль телефонларидаги суратлар ва аудио ёзувларни ўчириб ташлаганлар.

Ҳуқуқбонлар айни куни кечки 20.00га қадар ушлаб турилган ва сўнгра қўйиб юборилган.

- Мирзиёев бошқарган селектор мажлисида бизни кўриб ҳаммасини капалаги учиб кетганди-да. Куч билан бизни милиция бўлимига олиб бориб, телефонларимиздаги запислар ва суратларни ўчириб ташлашди. "Мажлисга қандай кириб қолдиларинг?" деб, саволга тутишди. Кечки пайт соат 8лардагина қўйиб юборишди, - дейди Елена Урлаева.

Чирчик шаҳар ҳокимлиги мажлислар зали. 5 ноябр куни олинган сурат.
Чирчик шаҳар ҳокимлиги мажлислар зали. 5 ноябр куни олинган сурат.

Айни воқеани Сўлмаз Аҳмедова ҳам тасдиқлади.

- Биз экранда кўринганимиздан сўнг олиб чиқиб кетинглар деб у тарафдан команда бўлган афтидан. Селекторни узиб қўйишганидан сўнг қизил кепкада нацгвардия келди. Опа чиқар экансизлар демади, шундоқ қўлимни қайириб судраб олиб чиқиб кетишди. Сўрасангизлар ўзим чиқиб кетаман, қўйиб юборинг қўлимни дедим. Менга қари бир инсонга шунақа муносабатми, дедим уларга, - дейди Аҳмедова.

Елена Урлаева селектор мажлисида президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат куч ишлатар идораларига пахта теримини назоратга олишга буйруқ бераётгани гувоҳи бўлганини айтади.

- Пахта теримига мажбурлаганларни жазолаймиз деб айтиб келган президент кечаги мажлисда тўртталикка, яъни - прокуратра, ИИБ, солиқ ва ҳокимиятга пахта теримини назоратга олишни буюряпти, - дейди Урлаева.

Икки ҳуқуқ фаолининг бу иддаларини бошқа манбалардан тасдиқлатиш имкони бўлмади.

Озодликда Ўзбекистон президенти Мирзиёевнинг 5 ноябр кунги селектордаги нутқи матни мавжуд эмас.

Чирқич шаҳар ҳокимлиги ва туман Ички ишлар бўлими расмийлари ҳуқуқ фаолларининг нега селектор мажлисидан олиб чиқиб кетилганини Озодликка изоҳлашни истамади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева пахта теримида мажбурий меҳнат холатларини ўрганиш учун мамлакат пахта далаларида мониторинг ўтказиб келади.

Урлаева бундан олдин ҳам мониторинг пайти бир неча марта милиция бўлимига олиб кетилган ва қўйиб юборилгани ҳақда Озодлик хабар берган.

Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонни мажбурий меҳнатдан воз кечишга чақириб келади.

Ўзбекистон ҳукумати пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги, бунга йўл қўйганлар жазоланиши, пахтани эса кўнгиллилардан ташкил топган отрядлар териб олишини айтиб келади.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG