Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:34

Бош прокуратура Каримова уйидан чиққан бойликлар мусодара этилганини билдирди


Ўзбекистоннинг аввалги президенти қизи Гулнора Каримова.
Ўзбекистоннинг аввалги президенти қизи Гулнора Каримова.

Ўзбекистоннинг аввалги президенти тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Тошкентдаги яшаш манзилларида 985 турдаги тарихий маданий ва бадиий аҳамиятга эга қимматликлар деб топилган ҳамда умумий қиймати 12,7 млрд. сўмдан ортиқ бўлган санъат асарлари аниқланган ва мусодара қилинган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси 11 январ куни маълум қилди.

Бош прокуратура баёнотида айтилишича, Каримованинг уйидан топилган ва хатланган ашёлар орасида санъат асарлари, картина, сўзана, миллий тақинчоқлар, сопол, ёғочдан ишланган миллий ҳунармандчилик асарлари ва ҳоказолар бор.

"Картиналар ва санъат асарлари суд ҳукмига кўра давлат эгалигига ўтказилиб, Ўзбекистон амалий санъати ва ҳунармандчилик тарихи Давлат музейи, Фарғона вилоят тарих ва маданият Давлат музейи, Андижон вилоят тарих ва маданият Давлат музейи, Чирчиқ шаҳар тарих музейларига топширилган", - дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Аввалроқ Ўзбекистон Бош прокуратураси жиноий уюшма таркибида товламачилик, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва чет эл давлатларда жиноий даромадларини легаллаштириш каби жиноятларни содир этган Г. Каримова ва бошқаларга нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари якунлангани, иш судга оширилгани ҳақида маълум қилганди.

Бош прокуратура баёнотида айтилишича, айни пайтда тегишли соҳа идоралари иштирокида Швейцария, Франция, Россия Федерацияси, Латвия ва бошқа давлатлар ваколатли идоралари билан ҳамкорликда Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан қўлга киритилган активларни қайтариш масаласида иш олиб борилмоқда.​

"Швейцария федерал прокуратураси билан ҳамкорликда экспертларни жалб қилинган ҳолда Г.Каримованинг Женева шаҳрида жойлашган вилласида ўтказилган тинтув вақтида аниқланган ва хатланган 70 турдаги санъат ашёлари (картиналар, амалий санъат ва ҳунармандчилик асарлари ва ҳоказолар)нинг миллий бойликка тааллуқлилигини аниқлаш ҳамда уларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда", - дейилган Бош прокуратура баёнотида.

Бош прокуратуранинг ўтган йил 6 декабридаги баёнотида тергов томонидан Г. Каримова фуқаролар ва турли компаниялар эгаларига босим ўтказиш ва қўрқитиш йўллари орқали уларнинг мулкларини ўзига тегишли бўлган компанияларга расмийлаштириб беришга мажбур қилгани аниқлангани билдирилган.

“Мазкур тергов қилинаётган жиноят иши доирасида етказилган зарарнинг миқдори 165 млн. АҚШ доллари ва 85 млрд. сўмдан кўпроқни ташкил қилди. Г. Каримовага Жиноят кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган товламачилик, талон-торож қилиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш ва жиноий уюшмани ташкил этиш билан боғлиқ жиноятларини содир этганлиги бўйича янги айблов эълон қилинди”, дейилганди Бош прокуратура хабарномасида.

Гулнора Каримовага боғлиқ олдинги хабарлар ва мақолаларни шу саҳифадаги "Алоқадор" рукни остида ўқишингиз мумкин.



XS
SM
MD
LG