Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:57

Рублнинг қулаши ва озиқ-овқат хавфсизлиги. Ўзбекистон иқтисоди уруш оқибатларига тайёрми? 


Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан ташқи савдо айланмаси. Газета.уз фотоси.
Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан ташқи савдо айланмаси. Газета.уз фотоси.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 март куни ўтказган видеоселектор йиғилишида мамлакат озиқ-овқат таъминоти барқарорлигини сақлаш вазифасини қўйди.

Аввалроқ Мирзиёев ҳукуматга Ўзбекистоннинг “айрим савдо ҳамкорлари”га қўлланаётган санкциялар оқибатларини камайтиришга оид режа ишлаб чиқишни топширганди.

Россия-Украина уруши жуда кўп мамлакатлар, жумладан Ўзбекистонга ҳам салбий иқтисодий оқибатлар олиб келиши мумкинлиги иқтисодчиларда хавотир уйғотмоқда.

Гарчи Ўзбекистон бозорларидаги озиқ-овқат нархларида ҳозирча кескин кўтарилиш кузатилмаган бўлса-да, иқтисодчилар, уруш бўлаётган давлатларда экспорт-импорт имкониятлари чекланганини ҳисобга олиб, таъминотнинг бошқа манбаларини топиш имконини берадиган чораларни таклиф қилмоқда.

Россия билан Украина Ўзбекистоннинг муҳим ташқи иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлиб келган.

Ўтган йил натижаларига кўра, Россия Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи савдо ҳамкорига айланган. Москва Ўзбекистоннинг ташқи савдо кўрсаткичлари бўйича 5 йиллик танаффусдан сўнг биринчи марта Хитойдан ўзиб кетган.

Украина эса ўтган йили Ўзбекистон билан ташқи савдо айланмасидаги давлатлар ўнталигига кирган. Украина билан Ўзбекистоннинг 2021 йил биринчи ярмидаги савдо айланмаси 279 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Ўзбекистонлик иқтисодчилар жорий йилда бу мамлакатлар билан ташқи савдо айланмаси, уруш сабаб, кескин тушиб кетиши кутилаётгани ва бу Ўзбекистон иқтисодига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши ҳақида ёзмоқдалар.

Ўзбекистонлик тадбиркор, “Korzinka.uz” савдо тармоқлари асосчиси Зафар Ҳошимов ўзининг Facebookдаги саҳифасида Россия-Украина ўртасидаги можаро Ўзбекистон иқтисодиётига ва мигрантларга қандай таъсир қилиши мумкинлиги юзасидан мулоҳазаларини ёзиб қолдирди.

Зафар Ҳошимовнинг Фейсбукдаги мақоласи.
Зафар Ҳошимовнинг Фейсбукдаги мақоласи.

Зафар Ҳошимов сўзларига кўра, Украинадан, Украина ҳудуди орқали, Украина ва Болтиқбўйи давлатларининг портларидан чиқиб, Россия ҳудудидан транзит орқали кириб келадиган ҳамма нарса, буларнинг ҳаммаси учун муқобил ва, эҳтимол, қимматроқ йўлларни топишга тўғри келади:

“Ҳозирги шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида таъминот манбаларини диверсификация қилиш имконини берадиган барча озиқ-овқат ва истеъмол товарларига импорт божлари ва акциз солиғини бекор қилиш лозим. Бу озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ва бозордаги нархларнинг кўтарилиши ҳамда танқислигини юмшатишнинг деярли ягона йўлидир”.

Тадбиркорнинг ёзишича, Ўзбекистон Польшадан олма, Молдовадан картошка, Болтиқбўйи давлатларидан сут импорт қилади. Бу маҳсулотлар Россия, Беларусь ва Украина ҳудудлари орқали қуруқликда ташиб ўтилади. Энди бу товарлар учун муқобил йўналишни ўйлаб топиш иқтисодий жиҳатдан имконсиз бўлади:

“Россия портлари орқали дунёнинг турли давлатларидан олиб келинадиган юклар ҳам муаммога учрайди: кўплаб денгиз линиялари (халқаро денгиз юк ташиш компанияларининг кемалари) Россия портларига юк ташишдан бош тортди. Россия савдо кемалари эса Европа, Шимолий Америка, Япония ва Жанубий Корея портларига кира олмайди.

Шу сабабли, барча денгиз юклари Қора денгизга, Босфор бўғози орқали ва фақат Поти (Грузия) портига ёки Форс кўрфазидаги Бандар Аббос (Эрон) порти орқали ўтказилади. Баъзи товарлар учун бу йўллар қимматроқ бўлади, бошқалари учун эса нарх ва вақт туфайли бутунлай тўғри келмайди. Эҳтимол бу портларда уларнинг ўтказувчанлиги туфайли тиқилинч ва гавжумлик юз беради”.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакиров ўзининг Телеграмдаги саҳаифасида Зафар Ҳошимовнинг бу пости унга жудаям оптимистик руҳда кўринганини айтар экан, Ўзбекистонни кутаётган иқтисодий бўҳронлардан қўрқишини таъкидлайди:

“Қўрқаманки, айрим ислоҳотлар ортга қайтиши мумкин. Масалан донга давлат буюртмаси ёки назорат қилинадиген озиқ-овқат нархлари. Ҳаммаси халқ учун, инфляцияга қарши чоралар деб тақдим этилади. Афсуски, энергетика ислоҳотини яна кейинга қолдиришади. Журъат этишмайди.

Қўрқаманки, бюджет дефицити янада кучаяди, йўқ даромадлар

камайгани учун эмас, харажатлар ошгани учун. 3 фоизлик дефицит қоидасини ярим йилликка етмай бекор қилишади. Яна ташқи қарз жалб қилишга урғу берилади. Энди қимматлашган сегментдаги қарзларни жалб қилишга ўтилади”.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Қурмановнинг «Интерфакс-Украина» агентлигига ўтган йилнинг сентябрь ойида берган маълумотига кўра, Украинанинг Ўзбекистонга экспортининг асосий қисмини фармацевтика, машина ва қурилмалар, металлургия, қорамол ва гўшт, шакар, қандолатчилик маҳсулотлари, қоғоз ва картон, ёғ каби товарлар ташкил этган.

Россиянинг Украинага бостириб кирганига қарийб икки ҳафта бўлди.

Украина ҳукумати барча экспорт амалиётини тўхтатганини маълум қилди.

Фарғоналик иқтисодчи Шуҳрат Ҳамидовнинг айтишича, урушнинг салбий иқтисодий оқибати Ўзбекистонда ҳозирча сезилгани йўқ, аммо унинг оқибатлари муқаррардир:

"Бугун ҳам бозорни айланиб келдим, нарх-наволарда жиддий бир ўзгариш кўрмадим. Аксинча, гўшт бироз пастлабди, 65 минг сўмга тушибди. Ун ва мойнинг нархи ҳам ўшандай. Лекин, менимча, бу вақтинча. Бу урушнинг иқтисодиётимизга ҳар томонлама зарари бор. Гарчи Россия билан савдо муносабатларида ҳозирча ўзгариш кузатилмаган бўлса-да, аммо Украинадан бу яқин орада товар олмаймиз. Мен шакар ва кунгабоқар ёғининг нархи ошишини кутяпман. Шунинг учун ҳам президент кеча видеоселекторда озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақида бекорга гапирмади. Кутиб ўтирмасдан шу товарларни бошқа мамлакатлардан оладиган муқобил йўлларини топиш керак”.

Иқтисодчининг айтишича, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига Россиянинг кенг йўл очиб бергани яхши бўлди, аммо рубл қадрининг кун сайин тушиб бораётгани бу экспортнинг фойдасини ҳам савол остига қўяди:

“Аввалги йилларда Россия ҳар нарсани баҳона қилиб, бизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизга тақиқ қўйган эди. Энди этик тор келиб, “зелений свет” деди. Бизнинг деҳқону боғбонлар хурасанд, россия бемалол бўлиб қолди, деб. Аммо бугунги кунда рубл “энасини кўряпти”. Улар бизнинг маҳсулотга доллар курсида рубл берадими ёки мана шу рублнинг ўзини оласан дейдими, буниси ҳали қоронғу. Шунинг учун бунга ҳам жуда ҳам хомтама бўлмаслигимиз керак”.

Тадбиркор Зафар Ҳошимов Украинадаги уруш ва Россияга қарши санкциялар замирида Ўзбекистонда, бозорларни ва маҳсулот турларини, ҳам экспорт, ҳам импортни диверсификация қилиш, ЖСТга киришни имкон қадар тезлаштириш ва барча давлатлар билан эркин савдо шартномаларини тузиш зарурлиги ҳақида ёзади.

Президент Шавкат Мирзиёев глобал бозорлардаги нархларнинг кескин тебранишини ҳисобга олиб, ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш, энг аввало, аҳолини етарли миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш лозимлигини айтган.

Ғарб санкциялари остида қолган Россия миллий валютаси - рублнинг кескин қадрсизланиши манзарасида Ўзбекистон Марказий банкининг рублни сотиш ва сотиб олиш бўйича имтиёзли коридор белгилаш қарори мустақил иқтисодчилар томонидан танқид қилинмоқда.

Марказий банк мақбул коридор Россияда меҳнат қилаётган мигрантларнинг рублдаги йўқотишларини камайтириш мақсадида жорий қилинганини айтиб, мамлакатдаги тижорат банклари рубл сотиш ва сотиб олишга мажбурланаётганини рад этган. Аммо иқтисодчиларга кўра, амалда рубл кўраётган зарарларнинг ўзбек сўмига юкланиши хавфи сақланиб қолмоқда.

Жаҳон банкига кўра, Россиядаги инқироз натижасида жорий йил Ўзбекистонга пул ўтказмалари 21 фоизга камайиши кутилади. Ўтган йили мигрантлар юборган пуллар 8 миллиард доллардан кўпроқ ёхуд Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 12 фоизга чяқинини ташкил этган.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозиргача Россиядаги даромадлари кескин тушиб бораётган ўзбек мигрантларини ҳимоялашга доир бирон маънили режани эълон қилгани йўқ. Шунингдек, улар оммавий тарзда ватанларига қайтгани тақдирда ҳукумат қандай чоралар кўриши ҳам номаълум қолмоқда. Иқтисодчиларга кўра, ўтган йилларда ўзбек мигрантлари уйларига юборган пуллар мамлакат миллий валютасини буткул қулашдан сақлаб қолган.

XS
SM
MD
LG