Линклар

Шошилинч хабар
25 январ 2021, Тошкент вақти: 01:04

OzodDayjest: Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари “Миллий тикланиш” лидерини популизмда айблади


Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Акмал Саидов

Ислом динидаги маҳрни миллий қонунчиликка киритиш таклиф этилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Акмал Саидов “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодировни популистлик қилаётганликда айблади. Ўзбекистонлик судья бировнинг мақоласини ўзиники деб эълон қилди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

“Миллий тикланиш”дан парламентга сайланган Акмал Саидов партия раҳбари Алишер Қодировни популистликда айблади

“Тошкент ёшлар форуми – 2020” доирасида ёшлар миграцияси масалаларига бағишланган халқаро конференция ўтказилди (www.daryo.uz, 21 декабрь). Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Акмал Саидов ҳам чиқиш қилди.

Спикер ўринбосари пандемия даврида мигрантларга ёрдам кўрсатишнинг муҳимлиги ҳақида гапириб, бир неча ой аввал ўзбекистонлик муҳожирларга чет давлатларининг ўзида ёрдам кўрсатиш бўйича таклифларни танқид қилди.

“Кимлигини айтмай қўяқолай. Бир неча ой аввал ўзбек мигрантларига чет давлатларининг ўзида ёрдам кўрсатиш бўйича чақириқлар пайдо бўлди. Таклиф беришда ҳам ўйлаш керак. Хўш, Россияда бир кунлик яшаш харажатлари қанчага тушишини биласизми? Биз мигрантларга бундай пайтда ватанга қайтиш учун етарлича шароит қилиб беришимиз лозим. Мен депутатлардан ижтимоий тармоқлар орқали турли хил популистик чақириқлардан йироқ бўлишларини сўрардим”, деган Акмал Саидов.

Эслатиб ўтамиз, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров бир муддат аввал чет элдан ўзбекистонликларни ватанга қайтаришни вақтинча тўхтатиб, уларни турган мамлакатларида даволанишларини молиялаштириш таклифини билдирган эди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Акмал Саидов А.Қодиров раислик қилаётган “Миллий тикланиш” партияси аъзоси ҳисобланади.

2019 йилги парламент сайловнинг дастлабки натижаларига бағишланган сессияда Ўзбекистон халқ демократик партияси етакчиси Улуғбек Иноятов “Миллий тикланиш” раҳбари А.Қодиров айнан популистлиги сабаб депутатлик сайловининг илк босқичида мағлуб бўлганини айтган эди.

Ҳуқуқшунос: “Эркак ажрашадиган бўлса, хотинига уйни ташлаб кетcин”

Тошкент шаҳридаги реабилитация ва мослаштириш маркази директори, юридик фанлари доктори Гулчеҳра Маткаримова ислом динидаги маҳр тушунчасини мамлакат қонунчилигига киритишни таклиф этди (www.kun.uz, 21 декабрь). Юристнинг айтишича, бугунги кунда оилани уй-жой билан таъминлаш вазифасига совуққонлик билан қараётган эркаклар кўпайиб кетмоқда, натижада аёллар ва болалар жабр кўрмоқда.

“Эркак аёлни 3-4 нафар боласи билан кўчага ҳайдаб чиқариб қўяди-да, яна бошқа аёлни олиб келиб ўзи никоҳ ўқиб ҳам яшайверади... Бу ҳолат Маъмурий ва Жиноий кодексларга ўзгартиш ва қўшимча киритишни тақозо қилади” дейди Г. Маткаримова.

Қайд этилишича, Мисрда эркаклар ўзи ва оиласи яшаши учун аниқ уй-жой топмагунча уйланмайди. Эронда ҳам маҳр масаласида жуда катта чеклов қўйилган.

“Бизда ҳам диний эътиқодимиз нуқтаи назаридан 90 фоиздан ортиқ аҳоли мусулмон бўлса, нима учун маҳр билан боғлиқ бўлган цензни қўя олмаймиз? Балки ҳеч бўлмаса, эксперимент қилиб кўриш керакдир. Масалан, Тошкент шаҳри мисолида. Ажрашадиган бўлса, хотинига уй-жойни ташлаб кетиш имкони бўлсагина уйлансин. Бўлмаса уйланмасин” деган ҳуқуқшунос аёл.

Г.Маткаримова аёлига зулм қилаётган эркакларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш кераклигини ҳам айтган. Қайд этилишича, мамлакат қонунчилигида агрессорга нисбатан юмшоқ ва енгил жазо берилади. Бунга мисол сифатида Мирзо Улуғбек туманида аёлига горшокдаги нажасни едирган эркакка атиги 3 йил қамоқ жазоси берилгани келтирилган.

Судьяларнинг қай бири ўғри? Адолат посбонлари плагиаторлик қилгани маълум бўлди

Ўзбекистонлик судья плагиаторлик қилди, яъни бировнинг мақоласини ўзимники дея эълон қилди (www.xabar.uz, 20 декабрь). Ҳозирча айнан қайси судья муаллифлик ҳуқуқини бузгани ва мақола ўғирлагани аниқ эмас.

Гап шундаки, Xabar.uz сайтида жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят суди судьяси А. Кураматов ва ЖИБ Ховос туман суди судьяси А. Мадаминов ҳаммуаллифлигида “Икки йилда беш марта судланган аёл” сарлавҳали мақола чоп этилган.

Орадан бир кун ўтмай, мақоланинг миси чиқди. Ушбу мақола бир ойча аввал, 2020 йил 20 ноябрь куни Олий суднинг расмий нашри бўлмиш “Куч – адолатда” газетасида босилган экан. Энг қизиғи, газетада мақола муаллифи сифатида ЖИБ Зангиота туман суди судьяси А. Нурматов кўрсатилган.

Қайд этилишича, сарлавҳа ва мақолада тилга олинган шахсларнинг исми-шарифи ўзгартирилганини айтмаса, матн (нуқта, вергулигача) бир хил. Хаbar.uz нашри cудьялар томонидан битта мақола муаллифлигига “навбатда туриб”, кўзбўямачилик қилиш ҳолати уят эканини қайд этган.

Мазкур ҳолат бўйича Олий суд муносабат билдирганича йўқ. Муаллифлик ҳуқуқини бузган судьяга қандай чора кўрилгани ҳам номаълум қолмоқда.

XS
SM
MD
LG