Линклар

Шошилинч хабар
05 июн 2020, Тошкент вақти: 18:33

Одамларни уйда ўтиришга мажбурлаëтган давлат уларга товон пули тўлашни ҳам зиммасига олиши керак эмасми?


Ўзбекистонда ўрнатилган карантин режими устидан назорат ҳарбийларга берилган.

Модомики, давлат аҳолини ўзини ўзи изоляция қилишга жўнатаётган экан, ушбу қарор одамлар ҳаёти учун қандай оқибатларга олиб келиши билан боғлиқ масъулиятни ҳам зиммасига олиши керак.

Бундай вазиятда давлат аҳолини нафақат ушбу даврда жисмонан омон қолиш имконини берадиган шароит билан таъминлаши, қолаверса, асосий эҳтиёжларини қондириши шарт. Бу – ҳуқуқ ва ижтимоий ахлоқ талаби.

Шу ўринда масаланинг ҳуқуқий жиҳати хусусида бир-икки оғиз сўз айтиш жоиз. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддасига асосан, яшаш ҳар бир инсоннинг дахлсиз ҳуқуқидир. Унга дахл қилиш энг оғир жиноят саналади. Агар ҳукумат ватандошларнинг тирикчилик учун пул ишлаб топишини тақиқласа-ю, тегишли даврда омон қолиши учун товон пули билан таъминламаса, бу инсон ҳаётига дахл қилиш деб қаралиши ва қонун билан жазоланиши керак.

Зикр этилган модда Конституциянинг бошқа, яъни 14-моддаси билан ҳам мустаҳкамланган: “Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади”.

Агар мажбурий ва товон пулисиз “ўзини изоляция қилиш” режимида ўтириши оқибатида инсонлар фаровонлигига путур етса, бунинг учун ҳукумат жиноий жавобгарликкача бўлган масъулиятни зиммасига олиши шарт.

Яна ушбу икки моддани ҳокимият идораларининг карантин даврида энг зарур эҳтиёжлари, дейлик, дорихонага ёки энг зарур товарларни сотиб олишга бориб келиш учун шахсий ва жамоат транспортидан фойдаланишини тақиқлашига нисбатан ҳам қўлласа бўлади. Чунки Ўзбекистоннинг барча туманларда ҳам Хитойнинг Уҳан шаҳрида бўлгани каби¸ асосий озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган дўконлар аҳоли яшайдиган жойларга яқин эмас. Ҳатто уйидан пиёда бориш мумкин бўлган жойда озиқ-овқат дўкони бўлса ҳам, улардаги нарх кўпинча узоқда жойлашган супермаркетлардагидан қиммат бўлади.

Агар ҳукумат жамоат жойларда вирус юқиши эҳтимолини камайтириш ҳақида қайғурганда эди, Франция билан Италиядагидай иш тутиши мумкин эди. Бу ҳукуматлар шахсий автомобиллардан фойдаланишни тақиқламаган ҳолда¸ уйдан шаҳарга чиқиш сабаблари кўрсатилган сертификат беришни жорий қилди. Бошқа мамлакатларда бундай сертификат ҳам талаб этилмайди, фақат полицияга кўчага нима учун чиққанингни ёки шахсий автомобилингни миниб кетаётганингни тушунтириб беришинг керак ¸ холос. Полицияга ëлғон маълумот берилган тақдирда¸ бунинг учун жиноий жавобгарлик жорий этилган.

Шу нуқтаи назардан¸ Ўзбекистонда кўпчилик муассасалар ходимларининг пул тўланмайдиган ёки ўз ҳисобидан олинадиган таътилга чиқарилгани мутлақо номақбул ҳолатдир. Карантин даврида бизнес юрита олмаслик муносабати билан ватандошларни ишдан бўшатиб юбориш амалиётига ҳам йўл қўйиш мумкин эмас. Ҳукумат одамларни ишдан бўшатишга мораторий эълон қилиши, аммо шу билан бирга, бизнесни чорасиз аҳволга тушириб қўймаслик учун, бир тарафдан, ходимларга нафақа тўлашни ўз зиммасига олиши, бошқа тарафдан эса, кичик ва ўрта бизнес субъектларига субсидиялар ажратиши керак.

Зикр этилган Конституция меъёрларидан ташқари, Ўзбекистон ҳам “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”, шунингдек, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқ тўғрисидаги халқаро пактларни имзолаган. Ушбу халқаро ҳуқуқ ҳужжатлари миллий қонунларга нисбатан устувор аҳамиятга эга.

“Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқ тўғрисида”ги халқаро пактнинг 4-моддасига кўра, “давлатда жорий этилган фавқулодда ҳолат вақтида..., ушбу Пактда иштирок этаётган давлатлар Пакт бўйича олган мажбуриятларидан вазият ўткирлиги тақозо қилган даражадагина чекиниши мумкин, фақат бундай чоралар халқаро ҳуқуқ бўйича олинган бошқа мажбуриятларга зид бўлмаслиги керак...”

Шу билан бирга, “ушбу қоида (фақулодда ҳолат ҳақида – муаллиф) , 7-, 8- (1- ва 2-бандлар), 11-, 15-, 16- ва 18-моддалардан қандайдир чекиниш учун асос бўла олмайди. 6-моддага қараймиз: “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир кишининг дахлсиз ҳуқуқидир. Ушбу ҳуқуқ қонун билан ҳимоя қилинади...”

“Ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқ ҳақида”ги халқаро пактнинг 11-моддасида шундай дейилади: “ушбу Пактда иштирок этувчи мамлакатлар (жумладан, Ўзбекистон ҳам – муаллиф) ҳар бир инсоннинг етарли озиқ-овқат, кийим-кечак ва уй-жой ҳамда ҳаёт шароитини тўхтовсиз яхшилаб боришни ичига олувчи ўзи ва оиласи учун етарли ҳаёт даражасига эга бўлиш ҳуқуқини тан олади. Иштирок этувчи давлатлар ушбу ҳуқуқ амалга оширилишини таъминлаш учун тегишли чоралар кўради...” Бундан ташқари, давлатлар ушбу ҳуқуқни таъминлаш учун “ҳар бир кишининг очликдан эркинлик ҳуқуқини тан олиб, зарур чоралар кўриши шарт”.

Шундай қилиб, ватандошлар омон қолиши учун шароит таъминланмаган карантин одамлар ҳаётига таҳдид солади, давлат юқорида эслатиб ўтилган яшаш ҳуқуқини бузаётганини англатади, бинобарин ватандошлар ўз ҳукуматидан Конституция ва халқаро ҳуқуқ бўйича олган тегишли мажбуриятларига амал қилишини талаб этишга ҳақли.

Яна ижтимоий ахлоқ ва ижтимоий адолат нуқтаи назаридан келиб чиқиб, давлат аҳолини карантин даври учун нафақа билан таъминлаши шарт. Дунё мамлакатларининг масъул ҳукуматлари қоғозда эмас, амалда шундай йўл тутмоқда. Ватандошлари олдида ҳисобдор бўлган ҳукуматлар шундай йўл тутмоқда.

Масалан, Буюк Британия ҳукумати карантин даврида ишловчи ватандошларга амалдаги даромадининг 80 фоизи миқдорида маош тўлаш мажбуриятини олди¸ ҳамда буни иш берувчилар гарданига ортмасдан, давлат бюджети ҳисобидан қопламоқда. Ҳатто индивидуал меҳнат билан машғул кишиларга ҳам бундай товон пулини тўлаш кафолатланади. Яна Греция тажрибаси ҳам эътиборга молик. Ҳукумат улкан ташқи қарз зиммасида эканига қарамай, даромад манбаларидан айрилган ватандошларига товон пули бермоқда. Нега унда Ўзбекистонда ҳокимият ўз ватандошлари олдидаги мажбуриятидан қочяпти?

Ватандошларга товон пули бериш учун ресурслар мавжудлиги ҳам муҳим масалалардан биридир. Бундай товон пулининг манбаси давлат бюджети, шунингдек, мамлакатнинг олтин-валюта заҳиралари бўлиши керак. Ушбу заҳиралар ҳажми¸ расман¸ 27 миллиард АҚШ долларига етган. Мабодо давлат бюджети маблағлари чекланган бўлса, мавжуд олтин-валюта заҳиралари мамлакат ва аҳоли учун коронавирус эпидемияси сабаб вужудга келган оғир вазиятдан чиқиб кетишга етиши лозим.

Давлат бюджети ватандошлар тўлаган солиқлардан ҳам таркиб топганини ҳисобга олиб, ҳукумат уларга ҳисоб бериши керак. Олтин-валюта заҳираларига келсак, унинг бир қисми ватандошларнинг мажбурий меҳнати ҳисобига териб олинган пахта экспортидан тушган пулдан ҳосил бўлган. Ушбу масалада адолатни қарор топтириш учун ҳукумат пахтадан тушган пулнинг бир қисмини (йилига 1 миллиард долларга қадар) ватандошлар учун сарфлаши керак.

Ҳақиқатни айтадиган бўлсак, ҳукумат ҳеч қачон жамият олдида олтин-валюта заҳираларини нимага сарфлаётгани ёки ҳукумат билан мамлакат банклари олтин-валюта захиралари кафолати эвазига олган 24 миллиард долларлик маблағни нимага сарфлагани ҳақида ҳисоб берган эмас. Ҳукумат Осиё тараққиёт банкидан сўраган 1 миллиард долларлик қарзни нимага сарфлагани ҳақида жамият олдида ҳисобот берадими? Ушбу миллиард нимага ишлатилади? У бошқа устувор нарсалар қатори ватандошларга нафақа қилиб беришга сарфланадими?

Устувор вазифаларни Ўзбекистон ҳукумати қандай тушунади? Маълумки, ҳукумат Tashkent City халқаро бизнес-маркази қурилишига ўзи назорат қиладиган банкларнинг имтиёзли кредитларини ажратган, “инвесторлар”ни солиқ ва божхона мажбуриятларидан озод қилган эди. Ваҳоланки, сити қурилишини стратегик жиҳатдан устувор объектлар қаторига қўшиб бўлмайди – у ерда, бор-йўғи, сара тураржой қуриляпти, холос. Давлатнинг молиявий маблағлари яна бошқа шаффоф бўлмаган ва шубҳали схемаларга ҳам сарфланмоқда, оқибатда уларнинг бир қисми оффшор зоналарга олиб чиқилиб, Швейцария, Франция ва Буюк Британиядаги ҳашаматли виллалар хариди учун сарфланмоқда. Бу пул асло Ўзбекистон иқтисодиётини рағбатлантиришга хизмат қилмайди.

Агар ҳукумат карантин даврида ватандошларга нафақа тўлай бошласа, бу пул мамлакат иқтисодиётига бориб қўшилган, хизматлар ва ишлаб чиқариш занжири бўйича талаб ҳосил қилган бўлар эди.

Зотан¸ аҳолига мажбурий изоляция пайтида молиявий компенсация тўлаш ҳам ҳуқуқ, ҳам ижтимоий ахлоқ талабидир. Қолаверса¸ шундай қилиш мамлакат иқтисодиёти манфаатларига ҳам хизмат қилади.

Алишер Илҳомов, Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси.

***

OzodTahlilchi - Озодликнинг янги рукни. Унда турли соҳа мутахассислари, экспертлар, публицист, журналист ва блогерларнинг Озодлик ўқувчилари учун ёзган таҳлилий мақолалари эълон қилиб борилади.

OzodTahlilchiда, шунингдек, Озодлик форматида бўлмаган луқмалар, шарҳлар, чизгиларга, бир сўз билан айтганда, муаллифларнинг кундалик воқеа-ҳодисаларга муносабатлари акс этган матнларга ўрин берилади.

OzodTahlilchiда эълон қилинадиган материал муаллифи қарашлари Озодлик қарашлари ифодаси сифатида қабул қилинмаслиги керак.

XS
SM
MD
LG