Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:26

OzodDayjest: Прокурор “сўконғич ҳоким иши” бўйича қатъий чора кўриш ўрнига фермерларга тазйиқ ўтказди


Фермерларни ҳақоратлаб, уларга таҳдид қилган ҳоким жавобгарликка тортилиши мумкин. Қамоқхоналарда маҳкумларга меъёрдан кам нон берилади. Таниқли хонанда Жаҳонгир Отажонов “Ўйнасин” номли қўшиғига клип суратга олган режиссёр Ҳабибулло Набиевни кўчирмакашликда айблади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Прокурор “сўконғич ҳоким иши” бўйича қатъий чора кўриш ўрнига фермерларга тазйиқ ўтказди

Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитованинг фермерларни ҳақоратлишига доир янги тафсилотлар маълум бўлди (“XXI аср” газетаси, 3 декабрь).

Бу ҳақда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқий бўлими бошлиғи Соҳибжон Ҳотамов маълум қилган.

Ҳокимнинг ҳақоратлари акс этган аудиони ким ёзиб олганини аниқлаш учун туман раҳбарлари – ҳоким, прокурор, ИИБ бошлиғи ҳар бир фермерни сўроққа тутган.

Шундан сўнг улардан “аудиони мен тарқатмадим” деган мазмунда тушунтириш хати ёздириб олинган. С. Ҳотамовга кўра, бу фермерларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилиши саналади.

Маълум бўлишича, Бўстон туман прокурори ҳам оммавий ахборот воситаларида чоп этилган танқидий мақолаларга нисбатан ўз вақтида прокурорлик назоратини қўллаш масаласини ҳал этиш ўрнига фермерларни идорасига чақириб, уларга тазйиқ ўтказган.

Фермерлар кенгаши туман прокурорининг ушбу хатти-ҳаракатига қонуний чоралар кўрилишида амалий ёрдам сўраб вилоят прокурори номига хат йўллаган. Шунингдек, туман ҳокими содир этган маъмурий ҳуқуқбузарлигига нисбатан қарор чиқариб судга юбориш учун тақдимнома киритилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил октябрь ойида тарқалган аудиода Бўстон ҳокими С.Мамитованинг фермерларни соя режасини бажармагани учун ҳақоратлагани акс этган.

Туман раҳбари соя етиштириш режасини бажармаган фермерларни ерини тортиб олиш билан қўрқитган. Вилоят ҳокимлиги сўконғич раҳбарга огоҳлантириш бериш билан чекланган.

Захирадаги полковник С. Хўжаева: “Қамоқхоналарда маҳкумларга меъёрдан кам нон берилади”

Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори, захирадаги прокуратура полковниги Сайёра Хўжаева жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг овқатланиш шароити билан танишган (www.qalampir.uz, 28 ноябрь).

Қайд этилишича, 1948 йилда қамоқхоналарда маҳкумлар учун бир кунлик нон ҳажми 600 грамм бўлган, лекин ҳозирда нон меъёри 350 грамни ташкил қилмоқда.

С. Хўжаевага кўра, Вазирлар Маҳкамасининг бу борадаги қарори ҳозирги шароитга тўғри келмайди.

Тошкентда ўтказилган анжуманда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) котибияти мудири Саидбек Aзимов ушбу ҳолатга муносабат билдирган.

“Буни инсон ҳуқуқи бузилиши деб айтолмайман, лекин Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилнинг 7 июлида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида ва тергов ҳибсхоналарида сақлаб турилган шахсларнинг, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган маҳкумларнинг таъминоти меъёрларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳозирги шароитга умуман тўғри келмайди. Бу муассасанинг айби эмас, сабаби Вазирлар Маҳкамасининг тасдиқлаган рўйхати бор. Бу ишлар айнан шу рўйхат асосида амалга оширилади”, - деган С. Азимов.

Маълум қилинишича, айни пайтда қамоқхоналардаги озиқ-овқат билан боғлиқ масалалар қайта кўриб чиқилмоқда, маҳкумларнинг кунлик рациони бўйича ҳукуматга қатъий таклифлар берилган.

Омбудсман котибияти мудирига кўра, жазони ижро этиш тизими кўп йиллар давомида ёпиқ бўлган, муаммолар очиқ айтилмаган.

Ҳозирги кунда бу тизим анча очилган. Бугунги кунда жазони ижро этиш муассасасига нафақат Омбудсман, балки фуқаролик жамияти фаоллари ҳам кириб, муаммолар билан танишиши мумкин.

Жаҳонгир Отажонов: “Бу йўл билан пул топиб нон еганингдан тезак еганинг яхши!”

Таниқли хонанда Жаҳонгир Отажонов “Ўйнасин” номли қўшиғига клип суратга олган режиссёр Ҳабибулло Набиевни кўчирмакашликда айблади (www.daryo.uz, 27 ноябрь).

Қайд этилишича, You Tube тармоғида премьера қилинган ушбу клипнинг айрим саҳналари украиналик хонанда Макс Барскихнинг “Соҳиллар” (“Берега”) клипидан кўчирилган.

“Ҳабибулло укам, исминг чиройли, муомаланг чиройли, кулиб турасан, бизга ўхшаб бировга тўғридан-тўғри гапирмайсан, лекин бунақа ёлғончи бўлиб туриб, битта санъаткордан шунча минг долларлаб олиб, битта санъаткорнинг клипидан шунақа даражада кўчириб, саҳналарини ўғирлаб, яна уялмасдан, “Укам қачон бу тайёр бўлади, айтган кунингга бўлмаяпти” деганимда, “Фантазияларимни кутдим, сизга зўр бўлсин, деб чўзилиб кетди” деб алдаганингдан, бунақа қилиб алдаб клип олиб, нон еганингдан тезак еганинг яхши, укам!”- деган Жаҳонгир Отажонов ўз видеомурожаатида.

Хонанда плагиаторлик йўли билан суратга олинган “Ўйнасин” клипини You Tube каналидан ўчириб ташлаган ва мухлислардан ҳам узр сўраган.

Ж. Отажоновнинг мазкур клипдаги кулранг либосдаги образи, шу рангдаги ялтироқ саҳна ҳамда отли аттракциондаги саҳналар чиндан ҳам Макс Барскихнинг “Соҳиллар” клипидаги саҳналар билан бир хил.

Бундан ташқари, интернет фойдаланувчилари “Ўйнасин” қўшиғи сўзлари хонанда Аҳрор Усмоновнинг шу номли қўшиғидан кўчирилганини ҳам қайд этган.

XS
SM
MD
LG