Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:09

OzodDayjest: Итальян ҳаммом жиҳози, олмон гулқоғози, португал мармари – Сенат учун кўп миллиард сўмли маҳсулотлар харид қилинди


Тошкентдаги Сенат биноси
Тошкентдаги Сенат биноси

Казо-казоларнинг бизнесини хавф остида қолдирувчи экологик чеклов жорий этилмоқда. Мактабгача таълим тизимида бюджет маблағини ўмариш ҳолати қарийб 9 баробарга ортди. Сенат биноси реконструкцияси учун бир неча миллиард сўм сарфланди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Раис ўринбосари: Давлат экология қўмитаси ҳеч кимдан қўрқмайди

Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов кўп қаватли уйлар қурилишида янги талаблар қўйилаётгани ҳақида маълумот берди (www.kun.uz, 27 cентябрь).

Қайд этилишича, илгари кўп қаватли уйлар қураётганлар жамоатчиликдан, аҳолидан розилик олмаган. Эндиликда эса қандай қурилиш ё бузилиш объекти бўлмасин, аввало жамоатчилик эшитуви талаб этилади.

“Давлат экология қўмитаси ҳеч кимдан қўрқмайди. Президентнинг очиқлик сиёсати ҳолатида бундай бўлиши мумкин эмас. Ҳамма ўз ҳақ-ҳуқуқларини билади. Тизимда қолоқликлар бўлган, буни тан олиш лозим. Дарахтларни кесишга мораторий эълон қилинганига энди 2 йил бўлди, қурилишлар эса анчадан бери давом этяпти. Қўмита қошида экологик экспертиза бўлими бор. Ким қаерда қандай қурилиш қилмоқчи бўлса, аввало экологик экспертиза хулосасини олади. Экологлар хулоса бераётганда жойига чиқиб ўрганишади – дарахтлар бор-йўқлиги, сув ва ҳавога ўша қурилишнинг таъсири, қисқаси, барча маълумотлар йиғилади, таҳлил қилинади ва шундан кейингина хулоса беради”, деган қўмита раиси ўринбосари.

Телеграмдаги “Platforma.uz” канали бу хабарни изоҳлар экан, янги чеклов тез орада кучга киришига шубҳа билдирди.

“Жамоатчилик рухсати билан “дом” қуриш – зўр амалиёт. Лекин бу қоида казо-казоларнинг бизнесини хавф остида қолдиришини ҳисобга олсак, янги чекловлар ҳали-бери росмана кучга киришига ишониш қийин. Ёки жамоатчилик рухсати деганда, уч-тўрт маҳалла масъули ва фаолларининг имзоси назарда тутилдимикан?!” деб ёзган “Platforma.uz” канали.

Молия вазирлиги: мамлакатда бюджет маблағини ўмариш ҳолати 4,5 баробарга ортган

2021 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ижросини таъминлаш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишда кўплаб камчиликларга йўл қўйилган (www.xabar.uz, 27 сентябрь). Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси ташкил этган тадбирда маълум қилинган.

Молия вазирлиги томонидан ўтказилган 3480 та назорат тадбирида 372 млрд 700 млн сўмлик ёки ўтган йилга нисбатан 4,5 баробардан кўп маблағ ноқонуний ўзлаштирилгани аниқланган. Масалан, бюджет интизомини бузиш ҳолатлари Мактабгача таълим вазирлиги тизимида 8,5 мартага, Халқ таълими вазирлиги тизимида 3 мартага ва Соғлиқ сақлаш вазирлиги тизимида 2,9 мартага ошган.

Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори жорий йилнинг 6 ойи давомида 2544 нафар мансабдор шахс коррупция билан боғлиқ жиноят учун жавобгарликка тортилганини маълум қилган эди. Ушбу шахслар давлат ва жамиятга етказилган зарар 592 млрд сўмдан ошган. Бу ўтган муддат учун рекорд кўрсаткичдир. Чунки 2020 йил давомида 1723 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилган, етказилган зарар эса 500 млрд сўмни ташкил этган эди.

Сенат биносига 5,2 миллиард сўмга декоратив гул ва кўчатлар сотиб олинмоқда

Олий Мажлис Сенатининг янги биносини реконструкция қилиш доирасида Президент администрацияси Қурилиш бирлашмаси кўп миллиардли харидларни амалга оширди (www.gazeta.uz, 28 cентябрь). Тошкент марказидаги бино илгари Ташқи ишлар вазирлигига қарашли эди.

22 сентябрь куни “Greenstore” компанияси билан декоратив гуллар ва кўчатлар етказиб бериш бўйича 5,2 млрд сўмли шартнома имзоланган. Бундан ташқари, “Golden Ganch Mansurjon” хусусий корхонаси шартнома доирасида умумий қиймати 1,76 млрд сўмлик учта ўйилган эшик (дарвоза) етказиб берган.

Президент администрацияси Қурилиш бирлашмаси янги бино учун 1,57 млрд сўмлик сирланган плита, 1,1 млрд сўмлик португал мармари, 105 млн сўмлик олмон гулқоғозига буюртма берган.

Давлат харидлари портали маълумотларига кўра, Сенат ва Президент администрацияси жойлашган бино ва иншоотларнинг муҳандислик тизимларини реконструкция қилиш ва янгилаш ишлари доирасида ПА Қурилиш бирлашмаси Италиянинг Hermitage фабрикасидан 131,6 млн сўмга ҳаммом жиҳозлари, 722,1 млн сўмга олтин зарварақли 4 та музокаралар столи харид қилиш тўғрисида шартнома имзолаган.

XS
SM
MD
LG