Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:08

OzodDayjest: Президентликка номзод олигархлар пайдо бўлишига қарши эканини билдирди


ХДПдан президентликка номзод ўлароқ кўрсатилган Мақсуда Ворисова
ХДПдан президентликка номзод ўлароқ кўрсатилган Мақсуда Ворисова

Ўзбекистонда сув ресурсларидан фойдаланиш даражаси таҳликали даражага чиқди. ХДП номзоди Ўзбекистонда олигархлар пайдо бўлишига йўл қўйилмаслиги кераклигидан баҳс этди. Пойтахт жамоат транспортининг аҳволи эътирозларга сабаб бўлмоқда. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Ўзбекистон сув захираларининг 169 фоизидан фойдаланаётгани маълум бўлди

Ўзбекистонда сув ресурсларидан фойдаланиш даражаси таҳликали даражага чиқди – мамлакат ўз сув захираларининг 169 фоизидан фойдаланмоқда (“Оила ва табиат” газетаси, 9 сентябрь). Бу ҳақда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) янги ҳисоботида сўз боради.

Қўшни давлатлар – Қирғизистон ва Қозоғистонда чучук сувдан фойдаланиш кўрсаткичи дунё миқёсидаги ўртача кўрсаткичдан ортиб, 50 ва 33 фоизга етган. Тожикистон, Арманистон ва Озарбайжонда “сув стресси” ўртача баҳоланмоқда, уларда бу кўрсаткич 62, 56 ва 54 фоизни ташкил этмоқда. Россия ва Грузия эса ўз чучук сув захираларининг 4 фоизидан фойдаланмоқда.

Захира сувлардан энг кўп фойдаланиш ҳолати Кувайтда қайд этилган – 3850 фоиз. Энг яхши вазият эса Конгода кузатилмоқда: 0,03 фоиз.

Мутахассисларнинг уқтиришича, сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш талаб этилади. Глобал иқлим исиши ҳам қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда. Дунёнинг кўплаб минтақаларида ёғингарчиликлар миқдори ўзгарган, қурғоқчилик ва сув тошқинлари кўпроқ содир бўлмоқда, шу сабабли сув етишмовчилиги янада ўткирроқ ҳис этилиб, сув ресурслари соҳасида рақобат кучаймоқда.

Дунё аҳолисининг учдан бир қисмга яқинроғи (2,3 миллиард киши) сув тақчиллиги кузатилаётган мамлакатларда, 10 фоизи (733 миллион киши) сув таҳликали даражада етишмаётган давлатларда яшамоқда. Бу 733 миллион киши нафақат қишлоқ хўжалиги, балки шахсий эҳтиёжлари учун ҳам сувга муҳтож.

Президентликка номзод: “Мамлакатдаги ресурслар камчилик қўлида тўпланишига тоқат қилиб бўлмайди”

Ўзбекистон президенти сайловида Халқ демократик партиясидан номзод сифатида кўрсатилган Мақсуда Ворисова мамлакатда бир ҳовуч олигархлар пайдо бўлишига йўл қўйилмаслигини таъкидлади (“Ўзбекистон овози” газетаси, 8 сентябрь). Асли касби шифокор бўлган номзод иқтисодиёт ижтимоий тенгликка асосланган ҳолда ривожлантирилиши зарур деб ҳисоблайди.

“Бу йўналиш айни кунда интернетда фаол муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, кимлардир буни совет ностальгиясига боғлаётган бўлса, бошқалар масалага соғлом кўз билан қараб, тўғри танлов эканига урғу қаратишмоқда. Хўш, аслида гап нимада? Нега, президентликка номзод бу ғояларни илгари суришни ихтиёр қилган? Қисқа қилиб айтганда, мамлакатда бир ҳовуч олигархлар пайдо бўлишига йўл қўйилмайди деган собит қарашлар, ниятлар бор мазкур ғоя замирида. Мамлакатдаги ресурслар камчилик қўлида тўпланишига тоқат қилиб бўлмайди”, - деб ёзган ХДП нашри.

М. Ворисова стратегик аҳамиятга эга корхоналарда давлат улушини 50 фоиздан кам бўлмаган ҳолда сақлаш орқали аҳоли даромадларини кафолатлаш ва иқтисодиётда мувозанатни таъминлашни таклиф этган.

“Аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсат юритиш дастурнинг асосларидан биридир. Бугунги кунда Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояни таъминлашга қаратилган фаолият етарли эмас деб ҳисоблайман”, - деган ХПД вакили.

Олигархлар мавзуси бундан анча йиллар олдин президент Ислом Каримов томонидан кўтарилган эди.

“Ўзбекистонда олигархлар бўлмайди. Тушунмаганлар бўлса, тушуниб олсин, бизда олигархлар бўлмайди!” деган эди И. Каримов 2009 йил 7 декабридаги маърузасида. У, шунингдек, жамиятга “миллиард-миллиард пулларни текинга топиб, халқини алдаб юрган” олигархлар эмас, ўрта синф, мулкдорлар синфи кераклигини қайд этган эди.

“Безбетликнинг янги босқичи” – Тошкент жамоат транспорти яна танқидга учради

Янги ўқув йили бошлангач, Тошкент йўлларида катта тирбандликлар юзага кела бошлади (www.xabar.uz, 7 cентябрь). Тошкент шаҳри транспорт бошқармаси бунинг сабабини кўчаларда енгил автомобиллар ҳамда йўналишсиз таксилар сонининг кўпайишига боғлади. Мазкур расмий изоҳ эса блогерларда эътироз уйғотди.

“Жамоат транспортини нафақат ривожлантирмасдан, балки йиллар давомида борини ҳам абгор қилиб, йўловчилар учун ноқулай тизимга айлантириб, майли, эски даврни айблашнинг мавриди тугагандан сўнг янги айбдор – таксистларни айблашга ўтишибди. Бу безбетликнинг янги босқичи бўлса керак”, - деб ёзди Телеграмдаги “Davletovuz” канали.

Таъкидланишича, Тошкент жамоат транспортига стратегия керак ва 50 та автобус сотиб олган билан тизим ислоҳ бўлиб қолмайди.

“Шаҳар жамоат транспортига хусусий сектор призмасида қарайдиган ҳоким ҳам буни тушунмайди. Тўлиқ тонировка қилинган, совуткичи тўхтовсиз ишлайдиган машинада юрадиган, муздеккина кабинетидан, муздеккина машинасидан қарайдиган ҳоким ҳам, вазир ҳам ташқаридаги вазиятни бошқача кўради”, - деб ёзган “Davletovuz”.

Блогер Шаҳноза Соатова ҳам ҳали ёмғирли-қорли кунлар бошланмасдан пойтахт марказида 4-5 км радиусда ҳаракатланиш қийин бўлиб қолганини танқид қилган.

“Қизиқ, наҳотки қаторлаштириб зичлаб уйлар қураётганда, жамоатчилик транспортидан фақат автобус ва метрони қолдириб, қолганини йўқотганда, ҳаммаёқни автомобиллаштириб масалани еча оламиз деб ўйлашган? Бу шаҳарда фақат автомобили бор одам амаллаб қимирлай оладиган аҳволга келяпти. Автомобилга ойлаб навбат туриб, йиллаб пулини тўлашга қурби ёки хоҳиши йўқлар нима қилсин, ишламасин, ўқимасинми? Зудлик билан аҳволни ўзгартириш, нимадир қилиш керак!” - деб ёзган блогер.

Журналист Никита Макаренко эса яқин икки-уч йилда аҳвол янада оғирлашиши қайд этди.

“Ўйлайманки, реал ҳаракатлар качонки кортежлар юра олмай қолгандагина бошланади. Унгача ҳеч нарса ўзгармайди. Бу икки ёки уч йил ичида содир бўлади”, - деб ҳисоблайди у.

XS
SM
MD
LG