Линклар

Шошилинч хабар
02 август 2021, Тошкент вақти: 08:04

OzodDayjest: Ўзбекистонлик профессор мамлакатни аср охиригача давом этадиган қурғоқчилик кутаётганидан баҳс этди


Азиз Абдуҳакимовнинг бирданига 6 та раҳбарликни эгаллаётгани савол остига олинди. Судьяларнинг маоши миқдори очиқланди. Ўзбекистонда аср охиригача давом этадиган қурғоқчилик кузатилиши мумкин. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Мутахассис: Ўзбекистонни иқлим бўйича оғир йиллар кутяпти

Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов Ўзбекистонни иқлим бўйича оғир синовлар кутаётгани ҳақида гапирди (www.kun.uz, 29 июнь).

“Мен охирги юз йилликдаги атмосфера ёғинлари маълумотларини таҳлил қилиб чиқдим ва унда маълум бўлдики, шу юз йилда қишлоқ хўжалиги ва умуман сувга бўлган талаб учун бор-йўғи 7 йилда етарлича ёмғир ёғган экан. Бу 100 фоиздан 7 фоиз дегани”, деди мутахассис.

Қайд этилишича, охирги йилларда ёмғир қисқа вақт ёғяпти. Ҳозир 2-3 суткали интенсив, майдалаб ёғадиган ёмғирлар деярли қолмади. Ёмғир чала ёки жуда тез ёғиб ўтиб кетаётгани учун тупроққа сингмаяпти, буғланиш эса кўпаймоқда. Бундан ташқари, охирги 10-15 йилда қор ёғиши ҳам кескин камайган. Ёғин миқдорининг камайиши ўсимликлар ҳосили, тупроқ унумдорлигига ўта салбий таъсир кўрсатмоқда. Касалликлар кўпайяпти. Шунингдек, айрим микроорганизм ва ҳашаротларнинг фаол ривожланишига олиб келяпти.

“Бизни бундан кейин ҳам иқлим бўйича оғир йиллар кутмоқда. Олимларнинг маълумотларига кўра, биздаги шу қурғоқчилик аср охиригача давом этиши кутиляпти. Ўзи шундоқ ҳам кескин континентал иқлимли минтақамизни янада кескин ўзгаришлар кутяпти. Бунга қаттиқ тайёр бўлишимиз керак. Биринчи навбатда олимларимиз ўз тадқиқотларини жонлантириши керак. Биз қишлоқ хўжалиги кўрадиган зарарларни, сув етишмовчилиги ёки кўтариладиган чанг-тўзонли ҳолатларнинг оқибатларини аввалдан ўрганишимиз керак. Илмий башоратлаш жонланиши керак. Биз иқлим ўзгаришларини 60-70 фоиз аниқликда башоратлашга эришишимиз керак”, деган профессор У.Норқулов.

Мутахассиснинг таъкидлашича, минтақанинг охирги 100 йиллик тарихидаги энг қаттиқ қурғоқчилик 1917 йилда рўй берган. Ўшанда инсоният, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси жиддий зарар кўрган.

“Бир кишига кўплик қилмайдими?” – Азиз Абдуҳакимовнинг 6 раҳбарлик лавозимини эгаллагани савол остига олинди

Ўзбекистон ҳукуматида бир шахснинг бир нечта раҳбар лавозимларида ишлаб келиши кўп кузатилади. Жумладан, 2008 йилдан буён ҳукуматдаги юқори лавозимларни эгаллаб келаётган Aзиз Aбдуҳакимов ҳозирда бирваракайига 6 раҳбарлик курсини банд этган (“Рост24”, 30 июнь).

А.Абдуҳакимов бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири, Ўзбекистон шахмат ва бадминтон федерациялари раиси, Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” халқаро туризм университети ректори, “Чорвоқ” эркин туристик зонаси дирекцияси директори каби лавозимларда фаолият юритади. Шунингдек, қўшимча равишда унга Бўстонлиқ тумани бошқаруви ҳам юкланган.

“5+1 та лавозим – бир киши учун кўплик қилмайдими? Қизиқ бир куннинг ўзида амалдор Азиз Абдуҳакимов 5 та лавозимдаги идораларига бориб улгурадими? Борингки, Ўзбекистондаги интернет тезлиги билан бу раҳбарга лавозимларини онлайн тизимда бошқариш мумкин бўлса, бир вақтнинг ўзида 6 тармоққа жавоб бериш кишини зўриқтириб, ишчанлигини сусайтирмайдими?” дея савол қўйган “Рост24” нашри.

Қайд этилишича, А.Абдуҳакимов эгаллаб турган лавозимдаги тармоқлар ҳозирча фавқулодда ютуқларга эришгани йўқ.

“Ўзини реклама қилиб суратларга тушиш ва аслида одатий вазифаси бўлган ишларни кўз-кўз қилавериш бу ўша соҳанинг гуллаб, жавлон уриб ривожланаётганини, афсуски, билдирмайди. Тўғри, биргина “пиар”га ружу қўйиш бу тармоқларда ривожланаётган бўлиши мумкин, аммо Aзиз Aбдуқаҳҳорович Aбдуҳакимов эгаллаб турган тармоқлари олдида ҳали ечимини кутиб турган муаммолари бисёр”, деб ёзган нашр.

“Маошининг ярмини бир йил тўпласа, машина олиши мумкин” – ниҳоят судьяларнинг иш ҳақи миқдори очиқланди

Ўзбекистонда судьяларнинг ойлик маоши 16 миллион сўмдан бошланади. Бу ҳақда Судьялар олий кенгашида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди (www.daryo.uz, 30 июнь).

Таъкидланишича, Ўзбекистонда судьяларга бюджет муассаса ва ташкилотлари ходимларининг лавозим тариф ставкаларидан келиб чиқиб, 18-тариф разрядидан 21-разрядгача бўлган оралиқда маош белгиланган. Бунда судья яшаб турган ҳудуди ва иш ҳажмига кўра маош олади.

“Судья оладиган ойлигининг ярми Ўзбекистон шароитида бемалол бир оиланинг ойлик харажатларини қоплашга етади. Маошининг ярмини бир йил давомида тўпласа, машина ҳам олиши мумкин”, деган Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров.

Унинг қайд этишича, фақат маошнинг юқорилиги билан коррупциянинг олдини олиб бўлмайди, “бу судьянинг маънавиятига ҳам боғлиқ”.

Аввалроқ, 2021 йил мартида Олий суд судьяси Абдувоҳид Қосимов журналистларнинг судьялар маоши ҳақидаги саволига жавоб бераркан, “битта оилани боқишга етиши”ни маълум қилган, бироқ унинг миқдорини “танқидий фикрларнинг олдини олиш нуқтаи назаридан очиқланмаслиги кераклиги”ни билдирган эди.

XS
SM
MD
LG