Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:01

OzodDayjest: Ортиқхўжаевга гап тегмаслиги учун “Tashkent city”да рўй берган жиноят босди-босди қилинмоқда


Cолиқ қўмитасининг “обналчи”ларга қарши ҳаракати қизил гвардиячилар ҳужумига ўхшатилди. Тартиб посбонлари “Tashkent city”да рўй берган жиноятни яширишга уринмоқда. Наманганда вилоят ҳокимига муваққат уй қурилган жамоатчилик томонидан турлича талқин қилиняпти. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Юлий Юсупов: Солиқ қўмитаси соғлом фикр ва қонунлар устидан кулмоқда

Иқтисодий таҳлилчи Юлий Юсупов Давлат солиқ қўмитасининг “обналчи”ларга қарши курашини танқидий баҳолади (www.kun.uz, 1 март)

“Солиқлар тўланиши лозим, ноқонуний битимларга қарши курашиш шарт. Лекин бу ишлар қонуний тарзда амалга оширилиши керак. Солиқ қўмитасининг сўнгги ойдаги ҳаракатлари эса, фикримча, соғлом фикр ва қонунни мазах қилиш, бу “аввал жангни бошлаб олайлик, уёғини кейин кўрамиз” принципи билан бизнес ва бозор иқтисодиётига чинакам “қизил гвардиячилар ҳужуми”нинг ўзгинаси”, деган Ю. Юсупов.

Солиқ қўмитаси “риск-таҳлил” натижасида 396 та корхонадан иборат (кейинчалик 525 тагача кенгайтирилган) “Шубҳали контрагентлар реестри”ни тузган эди. Қўмита талабига мувофиқ, “реестр”га тушган компаниялар ҚҚС зачётини тўғрилаш билан жазоланади ва улар қонунбузарлик қилмаганини исботлаши керак.

Юлий Юсуповга кўра, cолиқ қўмитаси бу билан бутун жаҳонда эътироф этилган айбсизлик презумпциясини бузмоқда. Зеро, фирмалар суд қароридан кейингина қонунбузар, дея тан олиниши мумкин.

Экспертнинг таъкидлашича, ДСҚ барча “шубҳали контрагентлар”ни ёппасига “обналчилар” деб атаган, улар билан ишлаган 10 мингта компанияни далил-исботсиз жиноятда айблаган. Минглаб фирмаларнинг ҳисоб-рақами музлатилиб, 915 миллиард сўм маблағ ечиб олиниши ақл бовар қилмас ҳолатдир.

Юсуповга кўра, солиқ қўмитаси нақадар оғир бўлмасин, ўз хатосини рўй-рост тан олиб, бизнес вакилларидан кечирим сўраши, ноқонуний ечиб олинган пулларни қайтариши ва келгусида хуфёна пул айланмасига қарши қонуний усуллар билан курашиши керак.

ИИБ ходимлари “Tashkent city”да рўй берган жиноятни яширишга уриняпти

Жорий йил 16 февраль куни кечки соат 22:30 да “Tashkent city” ҳудудида шу ерда ишловчи И. Ф. исмли фуқарога бир неча шахс томонидан ўта оғир тан жароҳати етказилган. Бу ҳақда Телеграмдаги Platforma.uz канали хабар берди.

22 ёшли И. Ф. ҳудуддаги ахлат қутисига чиқинди ташлайди. Ҳудудга масъул тозаловчилар эса ўта ёвузлик билан И. Ф. ни дўппослайди, оғир зарбалардан у ҳушидан кетади. Шунга қарамай, уни тепишда давом этишади.

17 февраль эрта тонгда И. Ф.нинг ота-онаси оғир аҳволдаги фарзандини шифохонага олиб боради. МРТ текширувида йигитнинг учта жойи – пешонаси, қовоғи, бурни сингани, ўнг оёғини босолмай, юра олмаётгани аниқланади. Бемор зудлик билан операция қилинади. Аммо ички ишлар масъуллари “Tashkent city” обрўсини туширмаслик учун ҳолатни тезроқ ёпди-ёпди қилишга уринмоқда. Ҳолбуки, йигитнинг калтакланиши “Tashkent city” ҳудудидаги камераларга муҳрланган.

“Нима сабабдан жиноят содир қилган(лар) қонуний жазосини олмаяпти? Ваҳоланки, бу ҳолат Жиноят кодексининг 104-моддасига тегишли. Ички ишлар ходимлари нима сабабдан иш берувчининг фаолияти юзасидан хизмат текширувини ўтказмади? Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 189, 190, 191, 196, 221 ва 222-моддалари тўлиқ бузилган”, деб ёзган Platforma.uz канали.

Наманганда ҳоким ўзига янги уй қурди, атоқли шоирнинг ҳовлиси эса хароб аҳволда

Наманган шаҳрининг Бунёдкор маҳалласида вилоят ҳокими учун барча қулайликларга эга бир неча минг долларлик контейнер – муваққат уй тикланди. Марҳум шоир Чустийнинг Чуст туманидаги ҳовлиси эса хароб аҳволда қолмоқда (“Рост24”, 2 март). Бу икки манзара жамоатчилик томонидан турлича талқин қилиняпти.

“Қандай миллат бўлдик?! Оддий туман ҳокими ўринбосари ҳам кутубхона ё бошқа маърифат ўчоғини тезда бузиб ташлаб, ўрнига мебель цехи қуришга изн бера олади! Аммо ҳатто катта шаҳар ва вилоят ҳокимияти ҳам ўн нафар ижодкор чақириб, ўзича битта халқаро фестиваль ўтказа олмайди... Ситилар қуряпмиз, бироқ суратда кўриб турганингиздек, катта шоиримиз Чустий домланинг сўлим Ғова қишлоғидаги ҳовлисиниям ташландиқ жойдек ташлаб қўямиз. Чуст туманида ўзи учта катта улуғ аждодимиз бўлса, бири Сўфизода, яна бири Чустий домла! На уйлари, на музейлари бор, на адабий мерослари билан танишиш имкони!” деб ёзди таржимон ва шоир Аъзамжон Обидов.

Xabar.uz нашри эса ҳокимнинг муваққат уйи қисқа муддатда битказилганига эътибор қаратди.

“Қизиқ, биргина кам таъминланган оила 500 минг сўм ажратилиши учун ойлаб кутиши керак, биргина ер олиб тадбиркорлик қилиш учун 30 дан ошиқ ҳужжат йиғиш асаббузарлиги бор, бир хонали уйингизни ремонт қилишингиз учун камида бир ой вақтингиз кетади, пул топсангиз, уста топмайсиз, уста топсангиз, пул топмайсиз. Аммо раҳбар учун пул ҳам, уста ҳам, ер ҳам, вақт ҳам чикора экан. Бу ихчамгина, аммо дачалардек ҳашамдор кўринишдаги ҳовлида яшаган ҳоким халққа янада яқин бўла оладими ё яна ўша гап – танаси бошқа дард билмас, деб ёзғириб юраверамизми?” дея мутасаддиларни саволга тутди Xabar.uz нашри.

XS
SM
MD
LG