Линклар

Шошилинч хабар
25 июл 2021, Тошкент вақти: 21:04

OzodDayjest: Самарқандлик тиктокерлар лайк йиғиш учун ўзини томдан ташлади


Ўзбекистонликлардан туристик йиғим ундирилишига оид хабар ижтимоий тармоқларда норозилик уйғотди. Самарқандлик тиктокер лайк йиғиш учун қилган ишидан пушаймон эканини эътироф этди. Таниқли таржимон Алишер Навоий ижодини чет элларда танитиш бўйича етарлича иш қилинмаётганидан баҳс этди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Блогер: “Яширин ва очиқ солиқлар бўйича кўпчиликни ортда қолдирдик. Етар балки?”

2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан ҳам туристик (меҳмонхона) йиғим ундирилади (www.uza.uz, 9 февраль). Йиғим миқдорини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди. Ҳозирга қадар бу йиғим Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаган хорижий фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслардан ундириб келинган. Йиғим меҳмонхона, ҳостел ва меҳмон уйларида қўноқ бўлган ҳар бир кун учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизигача суммани ташкил этган.

Ушбу ўзгариш ижтимоий тармоқда турлича баҳоланди.

“Қаранг-да, субсидиялашдан маблағлар ярамас монополистлар ихтиёрига тушади. Тўлови эса айланиб барибир маҳаллий туристлар чўнтагидан ундириб олинади. Ўзи ички туристларнинг ҳар ўнтасидан биттаси бу ярамасларнинг хизматидан фойдаланмайди, лекин туристик йиғим ҳаммадан ундирилади. Қойилмисиз?! Яширин ва очиқ солиқлар юки бўйича қўшнилару қўшни бўлмаганларниям ортда қолдириб бўлдик. Етар балки?” деб ёзди иқтисодий мавзуларга ихтисослашган блогер Отабек Бакиров.

“Сиз вилоятдан Тошкентга иш билан келиб меҳмонхонада қолдингиз. Туристга айландингиз ва сиздан туристик йиғим ундирилади”, деб ёзади Телеграмдаги “Tentak Mind” канали. “Барча йўллар солиққа етаклайди”, дея киноя қилади мазкур канал.

Икки тиктокер кўпроқ лайк йиғиш учун ўзини томдан ташлади

Самарқандда тиктокер йигитлар лайк йиғиш мақсадида ўзини томдан ташлади (www.daryo.uz, 9 февраль). Шифокорларнинг маълум қилишича, йигитлардан бири энди юра олмаслиги мумкин.

“Мен дўстим билан TikTok ижтимоий тармоғига қизиқиб, профил очдик. Обуначиларимизни кўпайтириш мақсадида иккаламиз томга чиқдик ва томдан ўзимизни ташладик. Дўстим ҳозир шифохонада, шифокорларнинг айтишича, у оёққа турмаслиги ҳам мумкин экан. Энди TikTok’ка кирмасликка ҳаракат қиламан”, деган йигитлардан бири.

Жорий йил январь ойида тошкентлик 25 ёшли йигит TikTok тармоғига ҳаракатланаётган Spark автомобили устига чиқиб олгани акс этган видеони жойлаштирган эди. Ушбу ҳаракати ортидан йигит жаримага тортилган.

Бундан аввалроқ эса Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги тиктокерлар ва уларнинг ота-оналарини огоҳлантирган эди.

“Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларнинг TikTok платформасида фуқароларимизни, айниқса, ёшларимизни ўзларига эътибор жалб қилиш мақсадида турли масхараомуз, одоб-ахлоқ қоидаларига зид ҳаракатлари тасвирланган видеоларини кўплаб кузатяпмиз... Фуқароларнинг осойишталигини, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш майда безорилик ҳисобланади ва 15 суткагача қамоқ билан жазоланади. Огоҳлантирамиз, фарзандларингизни назорат қилинг”, дейилган вазирлик баёнотида.

Таниқли таржимон: “Бу аҳволда Навоийни қандай қилиб дунёга танитамиз?!”

Таниқли таржимон ва шоир Аъзам Обид айни кунларда 580 йиллиги кенг нишонланаётган улуғ мутафаккир Алишер Навоий ижодини жаҳонга кенг тарғиб этиш масаласини кўтарди (“Рост24”, 8 февраль).

Буюк шоир ижодий меросини ўрганиш бўйича давлат миқёсида қарор ва фармонлар чиқарилган бўлса-да, улар ижросини қониқарли, деб бўлмайди.

Аъзам Обиднинг фикрича, бугун ҳатто ўзини дунёга танита олмаётган қаламкашлар Навоийни ҳам мамлакат ташқарисида танита олмайди.

“Таржимони, адабий агенти, адабий лойиҳалар координатори бўлмаган, халқаро адабий муносабатларни йўлга қўйишга ҳафсаласи йўқлару ақалли 1 фоизгина ижодкори бирор хорижий тилни ўрганишга астойдил киришмаётган, ҳатто ўзини дунёга олиб чиқиб билмаётган ижодкорлар билан Навоийни қандай қилиб дунёга танитиш мумкин? Бирор жиддийроқ халқаро тадбир ўтказиш учун ойлаб Вазирлар маҳкамаси, президент қарорини кутиб ўтирадиган ташкилотлар билан бирор нарса қилиб бўлармикан?” дея ёзади таржимон.

А.Обидга кўра, чет элларда Навоий институтини очиш, мамлакатда эса йиллик халқаро шеърият ва ёзувчилар фестиваллари ўтказиш лозим.

Ижодкор, шунингдек, мулоқот ва юзма-юз учрашувдан қочадиган, адабиёт, санъат ва маданият эркин бўлсагина ривожланишини тушунишга ақли етмаётган давлат органлари, агентликлар, уюшмалар билан Навоий шуҳратини олам ичра ёйиш амримаҳол эканини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG