Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 05:35

OzodDayjest: ХДП раиси пенсия тайинлашдаги адолатсизликдан сўз очди


ХДП раиси Улуғбек Иноятов
ХДП раиси Улуғбек Иноятов

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари С. Умрзоқов журналистларни танқидий мақолаларда ҳақорат ва туҳматдан тийилишга чақирди. ДЙҲХХ ҳукумат қарорини “икки чақага олмаётгани” маълум бўлди. “Korzinka.uz” асосчиси пандемия даврида кафе ва ресторанлар фаолияти чекланаётганидан ёзғирди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Улуғбек Иноятов: Пенсия тайинлашда адолатсизлик рўй бермоқда

Ишлаётган ходимнинг пенсияга чиқишида пенсия миқдорини тайинлаш тартиби бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Ўзбекистон халқ-демократик партияси раиси Улуғбек Иноятов ана шундай фикрда (“Ўзбекистон овози” газетаси, 4 август). Хусусан, кўп сонли аҳоли охирги ўн йиллик меҳнат стажи асосида пенсия тайинлаш тизимига эътироз билдирмоқда.

Айни пайтда пенсия миқдорини ҳисоблашда охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йил учун (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) ойлик иш ҳақи олинади.

“Бизнингча, бу адолатдан эмас. Ёшга доир пенсия миқдорини белгилашда фуқаро ишлаган давридаги исталган беш йилни ўзи танлаш имконига эга бўлиши керак. Нима учун? Яхши даромад топиб, узоқ ишлаган киши ёши ўтгандан кейин кам даромадли ишга ўтказилиши ёки соғлиғи туфайли кам ҳақ тўланадиган жойда ишлаши мумкин. Нега ёшга доир пенсияни тайинлашда унинг юқори ва ўртача даромад топган пайтини инобатга олмаслик керак? Ахир у инсон ўша пайтда ҳам давлатга белгиланган даромад солиғини тўлаган-ку”, деган У. Иноятов. Шунга кўра, ХДП пенсия миқдорини белгилаш тартибини қайта кўриб чиқишни таклиф қилмоқда.

У. Иноятовга кўра, мамлакат қонунчилигида тўлиқсиз ёшга доир пенсия белгилашда ҳам муаммолар мавжуд.

“Ҳозир камида 7 йил иш стажига эга бўлган шахсларга тўлиқсиз ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори 400 минг сўмни ташкил этмоқда. Аёнки, бу пенсионерларнинг энг зарур эҳтиёжларини қаноатлантириш учун етарли эмас”, деган партия етакчиси.

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда 4 миллион нафарга яқин пенсионер ва нафақа олувчилар мавжуд бўлиб, уларнинг аҳоли сонидаги улуши 11,5 фоизни ташкил қилади. Шундан 3 миллион 493 минг нафари пенсия ва 422 минг нафари ижтимоий нафақа олувчилардир.

Бош вазир ўринбосари: Журналистлар танқид қилмаса, амалдорлар талтайиб кетамиз

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов журналистларни ҳақоратсиз ва туҳматсиз танқид қилишга чақирди (www.daryo.uz, 2 август).

Умрзоқов ўз нутқида бир йил аввал ҳаётида кузатилган ҳолат ҳақида гапирар экан, шахсий ҳаётга доир видеони рухсатсиз тарқатишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлигини таъкидлаган.

“2020 йилнинг февралида топшириқ бўйича делегация билан Туркияга кетяпман. Унда ҳали бизга пандемия келмаган, карантин бошланмаган эди. Самолёт энди қўзғаляпти, ёнимда Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ўтирибди. Унга оддий, ярим ҳазил гапларни айтиб суҳбатлашдим. Самолёт қўнганидан кейин телефонимни ёқсам, танишларимдан “Телеграм”имга 200 га яқин хабарлар келган, барчаси бир хил. Ҳурматли блогерларимиздан қайсидир бири самолётда мендан икки қатор орқада ўтириб, гапларимни видеога олган ва “Қани топинг-чи, бу қайси вазир?” деб тарқатиб юборган. Аслида у ерда ҳеч қандай ёмон гап бўлмаган. Мен умримнинг беш йилини Лондонда ўтказганман. Агар блогер шу ишини ўша ерда қилганида, уни судга беришарди. Чунки одамнинг шахсий ҳаётидаги видеони рухсатисиз чиқаришга ҳақи йўқ”, деган ҳукумат вакили.

Айни пайтда бош вазир ўринбосари холис танқид муҳим эканини қайд этган.

“Ишлашимиз керак, танқид қилинглар. Танқид қилмасаларингиз, биз амалдорлар талтайиб кетамиз. Бу ҳам ҳақиқат, бу ҳаёт қонуни. Лекин танқид асосланган, қонун доирасида, ҳақоратсиз ва туҳматсиз бўлиши керак”, деб ҳисоблайди С. .Умрзоқов.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳукумат қарорини оёқости қилишда айбланди

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) ходими ҳукумат қарорига зид равишда электрон суғурта полисини инобатга олмай маъмурий баённома тузди (www.kun.uz, 3 август). Ҳолбуки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги қарори билан тасдиқланган низомда ДЙҲХХ ходимлари томонидан Е-полис ҳақиқийлигини тегишли мобил қурилма орқали текширилиши белгиланган. Юқоридаги ҳолатда эса ЙҲХ ходими ҳайдовчи томонидан ўзига телефонда кўрсатилган электрон суғурта полисига ҳаттоки қайрилиб қарамаган. Бу ҳақда мақола эълон қилингач, ЙҲХ масъуллари ҳайдовчига тушунмовчилик рўй берганини айтиб, маъмурий баённома тез кунда бекор қилинишига ваъда берган. Аммо орадан 1 ойдан ошиқроқ вақт ўтса-да, ўша маъмурий баённома бекор қилинмаган.

“Қонунларда белгиланган мажбуриятлардан кўра ўз раҳбарининг, ҳаттоки ноқонуний топшириқларини сўзсиз бажарадиган йўл посбонлари бугун биз такрор эслаган масалада ўз тизимининг энг юқори мансабдори (О.Саидов) берган топшириққа ҳам тупуриб қўйишди. Бу воқеада Вазирлар Маҳкамасининг қарори икки чақага олинмаганини қўятурайлик. ДЙҲХХ мулозимларининг ўзлари берган ваъдасининг устида турмаслиги, лафзсизлиги ҳам алоҳида “эътироф”га лойиқ”, деб ёзган Kun.uz нашри.

Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги e-Jarima портали бир неча ой ишламай ётгани учун масъулиятни бўйнига олишдан қочган эди. Вазирлик портал ишламаслиги ҳақида олдиндан огоҳлантирмаган, саргардон қилингани учун фуқаролардан узр ҳам сўрамаган. ИИВнинг айби билан жаримани чегирмали равишда тўлаш ҳуқуқи поймол бўлган фуқаролар масаласи эса ҳамон очиқ қоляпти.

Зафар Ҳошимов: Коронавирусга қарши курашда кафеларни қурбон қилмайлик

Таниқли тадбиркор, “Korzinka.uz” супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов кафе ва ресторанлар фаолияти пандемия даврида чекланаётгани тармоқ учун оғир бўлаётгани ҳақида ёзди. Унинг мақоласи бир нечта интернет сайтларда чоп этилган. Таъкидланишича, кафе ва ресторанлар тадбиркорликнинг асосий ўзаги бўлиб, мазкур соҳада энг ижодкор ва жасур, турли рисклардан тап тортмайдиган одамлар тўпланган.

“Биз, шаҳарликлар, мижозлар учун кафе-ресторанлар шунчаки ошқозон ғамини ейдиган жой эмас, балки дўстлар, яқинларимиз ва қадрли инсонларимиз билан учрашадиган, ҳаётимиздаги муҳим воқеаларни нишонлайдиган, мулоқот қиладиган, ҳаяжонли дақиқаларни кечирадиган жой ҳамдир”, деб ёзган тадбиркор.

З. Ҳошимов айнан кафе ва ресторанлар коронавирусга қарши урушда айбдор деб топилиб, қурбонликка маҳкум этилганини тушунмаслигини ёзган.

“Ишончим комилки, одамлар айнан кафе ва ресторанларда вирусни юқтириб олаётганини исботлайдиган ишончли тадқиқотлар йўқ. Гап, албатта, юзлаб одамлар билан тўй-томоша қилиш ҳақида кетмаяпти. Албатта, соат 20:00 гача ҳам кафе-ресторанларда одамлар тўпланиб қолиши мумкин, қолаверса, мавжуд талабларга бўйсунмасдан ишлаётган кафе-ресторанлар ҳам бор. Энг ёмони ҳам шу”, дея таъкидлаган у.

Қайд этилишича, юзага келган ушбу вазиятни зудлик билан тузатиб, ходимлари тўла вакцинация қилинган умумий овқатланиш муассасалари учун енгилликлар бериш мақсадга мувофиқдир.

Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда 2 миллиондан ортиқ киши кафе-ресторанлар ва у ёки бу даражада уларга алоқадор бўлган соҳаларда фаолият юритади.

Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётгани инобатга олиниб, Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2021 йил 28 июндан умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона ва чойхоналарнинг ишлашига соат 08:00 дан 20:00 гача рухсат берилган эди. 20 июлдан эса уларнинг соат 08:00 дан 20:00 гача фақат очиқ ҳавода ишлашига изн берилган.

XS
SM
MD
LG