Линклар

Шошилинч хабар
20 июн 2021, Тошкент вақти: 17:14

OzodDayjest: Юқори даражадаги коррупционерларни халқ кўз ўнгида жазолаш сўралди


Энергетика вазирига электр энергияси таъминоти бўйича ваъдаси эслатилди. Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад юқори лавозимли коррупционерларни халқнинг кўз ўнгида жазолашни таклиф қилди. Адлия вазири Давлетов ва тадбиркор Назаров “айтишиб” қолди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

“Чироқ ўчмайди деб ваъда бергандингиз-ку?!” – Энергетика вазири саволга тутилди

Ёзнинг жазирама кунларида мамлакат ҳудудларида, ҳатто пойтахт Тошкентда ҳам электр энергияси узилишларини кўпайди. Чироқ муаммоси сабаб айрим ҳудудларда аҳоли автомобиль ва поезд йўлини тўсиб қўйгани ҳам қайд этилди. Шу муносабат билан маҳаллий матбуот Энергетика вазири Алишер Султоновга президент ҳузурида берган ваъдасини ёдга солди (www.xabar.uz, 8 июнь).

Жорий йил 24 март куни бўлиб ўтган селектор мажлисида президент Шавкат Мирзиёев қиш фаслида электр энергияси ва табиий газ таъминотида юзага келадиган муаммолар юзасидан энергетика вазири Алишер Султоновдан ҳисобот талаб қилган эди. Вазир эса жорий йилги куз-қиш мавсумида электр энергияси бўйича муаммо бўлмаслигига ваъда берган, нафақат куз-қиш мавсуми, йилнинг ҳар бир даврига эътибор кучли бўлишини таъкидлаган эди.

“Электрнинг ўчишига ким айбдорлигини билмайман. Негадир бизнинг электр жуда нозиктаъб. На иссиқни, на совуқни, на шамолни, на ёмғирни хушлайди. Алишер Султонов ваъда бергани ҳамманинг ёдида. Ваъда ҳам чакана эмас, нақ президентимизнинг шахсан ўзларига берилган. Билмадим, ваъда бериб бўлгач, ичларида “ҳазиллашдим” дегандирлар-у, биз эшитмагандирмиз”, деб ёзган сайт.

Таъкидланишича, ҳудудларда электр бўлмаса, на чорвачилик, на деҳқончилик қилиб бўлади. Ичимлик сув танқис жойларда эса электрнинг қадри икки карра билинади.

“Халқ орасида “эчкининг қасами” атамаси юради. Ваъда берилса-ю, бажарилмаса кимдан ўпкалашниям билмайди одам. Эҳтимол, жаноб вазиримиз ваъдани унутиб қўйдилармикан? Аммо не бўлса ҳам ваъда бажарилмаяпти. Қолган факторлар сабаб эмас, “баҳона”га ўхшаб кўринаверади”, деб ёзган Xabar.uz нашри.

Хуршид Дўстмуҳаммад: Юқори даражадаги коррупционерлар халқ кўз ўнгида жазоланиши керак

Таниқли ёзувчи, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад ўзбек жамиятида чуқур илдиз отган коррупцияни йўқотиш йўллари ҳақида гапирди (www.kun.uz, 8 июнь). Ёзувчи Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурҳоновнинг бу борадаги интервьюсини кўриб, саволларга етарли жавоб ололмаганини қайд этган.

“Акмал Бурҳонов порахўрлар жавобгарликка тортиляпти, деди, лекин бундан жамоатчилик бехабар-ку. Юқори даражадаги коррупционерлар халқнинг кўз ўнгида жазоланиши керак. Одамлар билсин, жиноятга жазо борлигини. Агар шундай қилинса, кўрасиз, албатта, ўзгариш бўлади. Албатта, бу ҳам ягона ечим эмас, бошқа чораларини ҳам кўриш керак. Масалан, диний уламолар ёшларга диний тарбия берайлик, деяпти. Тўғри. Чунки диний тарбия коррупцияга қарши курашдан ташқари, шунингдек, ўзликни тарбиялаш дегани ҳам. Бу энг катта омил”, деган Х.Дўcтмуҳаммад.

Ижодкор, айни чоқда, ҳозирги амалдорлар, хусусан, ҳокимлар фаолиятига ҳам баҳо берган.

“Бизда ҳокимлик мактаби йўқ. Ҳозир ҳокимларни президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида тайёрлашяпти. Лекин унда ўқиган, ҳужжат олган бошқа нарса. Ҳоким дегани – 200 минг-300 минг одамга раҳбарлик қиладиган киши дегани. У бошқача ўқитилиши керак. Ҳоким дегани шундай одамки, у энди ота бўлади, донишманд, мутафаккир бўлади. Икки йил олдин Тошкент шаҳри Себзор туманида одамларнинг уйлари бузилиши бўйича қанча тўполонлар бўлди. Бунда одамлар яшаб турган уйлар бузилди. Халқда норозилик уйғотишди. Мен кечагина шу жойлардан ўтдим ва кўрдимки, бу жойлар ҳали ҳам бўш турибди. Хўш, нега шошиласан? Мана ётибди-ку ташландиқ майдон бўлиб!” дея оғриқли саволлар қўйган адиб.

Х.Дўстмуҳаммад суҳбат асносида жамиятга маънавий ҳокимлар кераклигини таъкидлаган.

Мурод Назаровнинг фикрига адлия вазири эътироз билдирди

“Tashkent city” ҳудудида қурилаётган биноларнинг биронтаси тегишли қуйи идораларнинг тасдиғидан ўтмаган. Бу ҳақда “Murad Buildings” компанияси асосчиси Мурод Назаров “Рост24” нашрига 7 июнь куни берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Бу ҳудуд (“Tashkent city” назарда тутилмоқда – таҳр.) – махсус ҳудуд, бу – параллел лойиҳалаштириш ва параллел ишларни олиб бориш рухсати билан ташкил қилинган жой. Фақат Nest One эмас, балки битган Hilton меҳмонхонасининг ҳужжатлари ҳам ҳозир тайёрланмоқда”, деган М.Назаров.

9 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида адлия вазири Руслан Давлетов М.Назаровнинг фикрига муносабат билдирди ва унинг қарашини рад этди.

“Агар бу ҳақда бирор бир тадбиркор субъектив фикрини айтган бўлса, бу унинг ўз фикри. Махсус ҳудудлар “Иқтисодий ҳудудлар тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади, масалан, саноат билан боғлиқ эркин иқтисодий зоналар. Бошқа кимнингдир шахсий фикри расмий аҳамиятга эга эмас. “Tashkent сity” ҳудудида ер ажратиш масалалари қонуний ҳал этилган. Қурилиш объектини қуришда лозим бўлган ҳужжатлар тури жуда кўп. Улар орасида қурилиш бошланмасдан тайёр бўладигани ҳам, қурилиш жараёни билан параллел тайёрланадиган ҳужжатлар ҳам бор”, деган адлия вазири.

“Tаshkent city” халқаро ишбилармонлик маркази дирекцияси ҳам Мурод Назаровнинг қурилиш объектлари ҳужжатлари тасдиқланмагани ҳақидаги фикрини асоссиз дея баёнот берди.

XS
SM
MD
LG