Линклар

Шошилинч хабар
14 июн 2021, Тошкент вақти: 07:23

OzodDayjest: Ўзбекистонлик ютуберлар мўмай даромаддан маҳрум бўлди


Фарғонадаги боғчаларга музлатилган арзон гўшт тарқатилиши эътирозларга сабаб бўлди. YouTube ўзбек тилидаги канал муаллифларини моддий рағбатлантиришни тўхтатди. Ноҳақ қамалган ўзбекистонлик орадан 83 йил ўтиб оқланди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Фарғонадаги боғчаларга Украинанинг музлатилган арзон гўшти тарқатилаётгани эътироз уйғотмоқда

Фарғонадаги мактабгача таълим муассасаларига Украинадан келтирилган музлатилган арзон гўштлар тарқатилиши эътирозларга сабаб бўлмоқда (“Ҳуррият” газетаси, 19 май).

“Беихтиёр савол туғилади: қассобхоналарда бир кило гўштнинг нархи 65 минг сўм бўлганда, Украинадан 15 кун деганда келтирилаётган, музлатилган, 44 минг сўмлик гўштнинг сифати қандай экан? Шу гўштдан ўзлари ҳам истеъмол қиладими? Нега бу гўшт бозорларга чиқмайди? Чиқса, биров оладими? Ёки болаларга шу 44 минг сўмлик сифатсиз гўшт ҳам бўлаверадими?” дея мутасаддиларни саволга тутган газета.

Боғчаларни озиқ-овқат билан таъминлашда бошқа камчиликлар ҳам мавжуд.

“Бундай ноҳақликларга қачонгача чидаш мумкин? “Водил Миндонобод” МЧЖ келтираётган ўсимлик ёғи, шакар, гуруч каби 13 турдаги маҳсулотнинг ҳар бирида тарозидан уриш, вақтида етказиб бермаслик ҳолатлари кўп кузатиларди. Ноиложликдан баъзан хўжалик мудири ўз ҳисобидан маҳсулотларни бозордан олиб келган ҳоллар ҳам бўлган. Гўшт маҳсулотлари билан ҳам худди шундай вазият. Тўғри, бу вазиятда фақатгина таъминотчи айбдор деб айтолмаймиз. Чунки улар билан “келишиб ишлайдиган”, камига боланинг ризқини қўрқмай ейдиган МТТ мудирлари, хўжалик мудирларининг ҳам ҳиссаси бор: қарс икки қўлдан чиқади”, деган Фарғона шаҳридаги 35-сонли мактабгача таълим ташкилоти мудираси Собира Раҳимова.

“Ютуберлар ҳолига вой” – YouTube Ўзбекистонга пул тўлашни тўхтатди

YouTube ширкати ўзбек тилидаги канал муаллифларини моддий рағбатлантиришни тўхтатди (www.qalampir.uz, 17 май).

Ўзбекистонда сўнгги йилларда блогерлик, шу жумладан, видеоблогерлик (влогер) ривожланиб боряпти. Бу орқали даромад қилаётганлар ҳам оз эмас. Уларнинг баъзилари биргина YouTube орқали ойига бир неча минг долларгача фойда кўради.

Аммо жорий йил апрель ойидан YouTube видеохостингида ўз саҳифасига эга блогерлар даромади кескин камайиб кетди. Чунки YouTube маъмурияти ўзбек аудиториясига мўлжалланган канал муаллифларини моддий рағбатлантиришни тўхтатди.

YouTube бу чеклов бўйича расмий баёнот берган эмас. Qalampir.uz нашрига кўра, блогерларга моддий рағбатнинг тўхтатилишига YouTube’нинг Ўзбекистонда расман фаолият юритмаслиги сабаб бўлиши мумкин.

“YouTube чекловининг Ўзбекистон ҳукумати билан алоқадорлигини аниқлаш учун Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматов билан боғландик. У вазият юзасидан маълумотга эга эмаслигини, шу сабабдан бу бўйича аниқ изоҳ беролмаслигини маълум қилди”, деб ёзган интернет нашр.

Қайд этилишича, YouTube расман фаолият юритувчи давлатларда унда саҳифасини юритувчи блогерлар қўшимча имкониятларга эга бўлади. Жумладан, YouTube Premium, ҳомийлик модуллари ва YouTube.Music платформасидан фойдаланиш мумкин. Аммо Ўзбекистонда видеохостингнинг ушбу қўшимча хизматлари аввал ҳам, ҳозир ҳам ишламаган. Эндиликда эса рекламадан даромад олиш имкони ҳам йўқолди.

Эслатиб ўтамиз, YouTube 2016 йилда Ўзбекистонни 6 ой муддатга блоклаганди. Аммо у вақтларда Ўзбекистонда YouTube блогерлик ҳозиргидек оммалашмаган эди.

Чор ҳукуматини мақташда айбланиб қамалган фуқаро оқланди

Совет ҳокимиятига қарши тарғибот юритишда айбланиб маҳкамага тортиган Ҳамдам Рустамов орадан 83 йил ўтиб оқланди (“Ҳуқуқ” газетаси, 2021 йил 13-сон). Бу ҳақда Ўзбекистон бош прокуратураси бошқарма бошлиғи Бахтиёр Самуков маълум қилган.

1882 йилда Қурама районида туғилган ва жамоа хўжалигида меҳнат қилган Ҳ. Рустамов 1932 йилда халқ суди ҳукми билан 4 йилга озодликдан маҳрум этилган. Уни таъқиб қилиш шу билан тўхтамаган. Тошкент вилояти суди махсус ҳайъати 1938 йил 1 октябрда уни ЎзССР Жиноят кодексининг 66-моддаси билан 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Ҳ. Рустамов совет ҳокимиятига қарши ташвиқот юритиш, чор ҳукуматини мақташда айбланган. ЎзССР Олий суди судлов ҳайъатининг 1938 йил 15 ноябрдаги ажрими билан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Қайд этилишича, Ҳ. Рустамов дастлабки терговда ва судда ўзига қўйилган айбловни тан олмаган.

“Дастлабки тергов ва судда иш ҳолатлари тўла-тўкис текширилмаган, аксинча, бир томонлама ўрганиб чиқилган… Бундай ҳолатларда суд чиқарган ҳукмни қонуний ва асосли деб бўлмайди”, деган бош прокуратура вакили Бахтиёр Самуков.

Қайд этилишича, мазкур жиноят иши ҳужжатлари прокуратура томонидан қонун талаблари асосида синчковлик билан холис ўрганилгач, бош прокурор ўринбосари томонидан Ўзбекистон Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида протест киритилган. Ҳайъат ажримига кўра, Ҳ. Рустамовга нисбатан чиқарилган Тошкент вилояти суди махсус ҳайъатининг 1938 йил 1 октябрдаги ҳукми ҳамда Ўзбекистон ССР Олий суди судлов ҳайъатининг 1938 йил 15 ноябрдаги ажрими бекор қилинган. Шу тариқа ноҳақ қўйилган айблов олиб ташланган.

XS
SM
MD
LG