Линклар

Шошилинч хабар
10 май 2021, Тошкент вақти: 03:00

OzodDayjest: “Миллий тикланиш” партияси раиси Путиннинг фикрига муносабат билдирди


“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров

Қурилиш соҳасида назоратни кучайтириш талаб этилди. Алишер Қодиров ўзбеклар ўз фарзандларини рус мактабларига бераётганини танқид қилди. Судда оқланган собиқ божхоначилар ишга тиклана олмаётганидан шикоят қилмоқда. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Қурилишдаги бузилишлар: ҳисоблайвериб саноқдан ҳам адашиб кетдик!

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда қурилиш объектларида фожиалар тез-тез юз бермоқда (“Ҳуррият”, 14 апрель). Масалан, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида 6,5 миллиард сўмга қурилган кўприк 2 йил ўтмасдан вайрон бўлди. Наманган шаҳри Давлатобод туманидаги Шимолий Фарғона канали устига қурилган 37 метрлик янги кўприк, Жиззах шаҳрида эндигина барпо этилаётган 6 қаватли уй битмасдан қулаб тушди.

Янги ерусти ҳалқа йўлининг “Дўстлик-2” бекатидан “Қўйлиқ” бекатигача бўлган йўналиши 2020 йил 30 август куни ишга тушди. Узунлиги 11 километр бўлган мазкур йўналишда ҳалитданоқ ёрилиш, ўпирилиш, қўпорилиш, тўкилиб қолиш, ўйилиб тушиш каби камчиликлар кўзга кўрина бошлади.

“Нега қурилишларда коррупция бу қадар авж олиб кетган? 2019 йил 18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўли қурилишида ҳалокат рўй бергани, ишчилар тупроқ остида қолиб ҳалок бўлгани жароҳатлари ҳали битмай туриб, янгидан-янги кўнгилсизликлар рўй бермоқда. Ҳисоблайвериб саноқдан ҳам адашиб кетди-ку одам! Ўзи асрасин-у, лекин шу тарзда “мендан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида юмалоқ-ёстиқ иш қилинаверса, эртага бундан ҳам кўп кўргиликлар тушмайдими бошимизга?!” деб ёзган газета.

Қайд этилишича, қулаб тушаётган уйлар, кўприклар, темир йўл ва авто магистраллардаги ўпирилишлар замирида ўғрилик, талон-торож ётибди.

“Назорат, ҳа, жуда қаттиқ назорат етишмаётгандек бу соҳага. Қонун ишламаётгандек бу соҳада. Уни назорат қиладиганлар эса қурувчилар, тўғрироғи, қурилишдаги олғирлар билан аллақачон “ака-ука” тутиниб кетгандек, назаримизда”, деб ёзган нашр.

Алишер Қодиров: Путин ҳақ, биз эса юз йилдан бери рус ватандошларимизга ўзбек тилини ўргата олмаймиз

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раиси Россия президенти Владимир Путиннинг фикрига муносабат билдирди (www.xabar.uz, 14 апрель). Путин Россия мактабларида мигрантлар фарзандлари сонини чеклашга чақирар экан, айрим таълим муассасаларида хорижлик болалар россиялик болаларнинг билим даражасига салбий таъсир кўрсатаётганини айтган қилган эди.

Алишер Қодировга кўра, Путиннинг муҳожирлар фарзандлари рус тили ва маданияти муҳитига тўлиқ сингиб кетиши лозимлиги хусусидаги талаби рус миллий манфаатлари нуқтаи назаридан тўғри фикрдир.

“Биз эса юз йилдан бери рус ватандошларимизга ўзбек тилини ўргата олмаймиз. Аксинча, ўзбеклар фарзандини рус тилида таълим олишга йўналтираётгани одатийлашиб бормоқда. Тошкент шаҳрида ўзбек тилида ўқитилмайдиган мактаблар сони кўпайиб кетди. Ачинарлиси, бундай мактабларнинг 90 фоиздан кўп ўқувчилари ўзбеклардир. Бу қонунчиликдаги хато билан боғлиқ масала”, деган А. Қодиров.

Депутатнинг таъкидлашича, Конституцияда Ўзбекистондаги барча миллатларнинг тилларини ривожлантириш учун шароит яратишга ваъда берилган ва бу ваъда ошиғи билан бажарилмоқда. Лекин бағрикенглик оқибатида ўзбекларнинг янги авлоди ўзлигини англамайдиган, она тилини билмайдиганлардан иборат бўлишига йўл қўйиб бўлмайди.

“Ўзбекнинг боласи ўзбек қадриятлари билан тарбия кўрсин, саводини ўзбек тилида чиқарсин, 7-синфдан бошлаб истаган хорижий тилни ўргансин, бу миллат ривожи учун зарур. Бошқа миллат вакиллари бўлган ватандошлар ҳам она тилларида тарбия кўрсинлар, савод чиқарсинлар, лекин хорижий тиллар билан бир қаторда, ватан тили сифатида ўзбек тилини ҳам ўрганишлари керак”, дея қайд этган “Миллий тикланиш” партияси етакчиси.

Порахўрликда айбланиб, сўнг оқланган собиқ божхоначилар ишга тиклана олмаяпти

Давлат божхона қўмитаси тизимида 2015 йил октябрь ойига қадар хизмат қилган Ҳасан Саматов, Шуҳрат Мусаев, Панжи Ҳайдаров ва Мақсуд Умаржоновлар ишга тикланиш учун Олий судга қадар мурожаат қилди (www.kun.uz, 15 апрель).

Қайд этилишича, 2015 йил октябрь-ноябрь ойларида пора олиш жиноятида айбланиб қамоққа олинган божхоначиларга тергов жараёнида тазйиқ ва қийноқ қўлланган. Улар ЖИБ Сурхондарё вилояти судининг 2016 йил 3 майдаги ҳукми билан Жиноят кодекси 210-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ва жазога ҳукм қилинган. Орадан 3 йил ўтиб жиноят иши қайта кўрилиб собиқ божхоначилар оқланган.

Қуйи инстанция судларининг ажримига биноан 2020 йил 23 декабрда собиқ ходимлар божхона тизимига ишга тикланади. Бироқ божхона қўмитаси Олий судга назорат тартибида шикоят киритади. Олий суд ажримига кўра ишга тикланган божхоначилар 2021 йил 13 март куни қайта ишдан бўшатилади.

Бош прокурор ўринбосари Олий суд ажримини нотўғри деб ҳисоблаб, яна “собиқ”қа айланган божхоначилар манфаатида кассация тартибида протест келтиради. Айни дамда иш Олий судда кассация тартибида такроран кўриб чиқилмоқда.

XS
SM
MD
LG