Линклар

Шошилинч хабар
10 май 2021, Тошкент вақти: 04:41

OzodDayjest: Танзила Норбоевага очиқлик сиёсатини Сенатдан бошлаш тавсия қилинди


Сенат раисаси Танзила Норбоева

Сенат раисасига очиқлик ислоҳотини аввало юқори палатадан бошлаш тавсия қилинди. “Қора рўйхат”даги хорижлик тадбиркор Ўзбекистонга кўчиб келди. Журналист ва блогер миллиардлаб маблағни футбол клубига бергандан кўра бу пулга мактаблар қуриш афзаллигини айтди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Daryo.uz: Танзила Норбоева ўзи айтаётган очиқлик ислоҳотини аввало Сенат матбуот хизматидан бошласин

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон учун очиқлик ва мулоқотдан бошқа йўл йўқлигини мунтазам таъкидласа-да, айнан Сенат матбуот хизматидан ҳар доим ҳам маълумот олиб бўлмаяпти (www.daryo.uz, 14 апрель)

Қайд этилишича, Танзила Норбоева Сенат раисига айлангач, Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси эшиклари журналист ва блогерлар учун янада кенгроқ очилди. Сенат раиси мажлислар вақтида сенаторлардан фаоллик ва очиқликни талаб қилиш билан бирга, уларга реал вақт режимида блогерлар ёзаётган хабар ва постларни ўқиб бериши бугун бировни ҳайрон қолдираётгани йўқ. Аммо юқори палата матбуот хизматида Норбоева деярли барчадан талаб қиладиган очиқлик ва мулоқот тамойилларига зид ҳаракат қилувчилар ҳам йўқ эмас.

Daryo.uz нашри Сенат матбуот хизматидан бир неча мавзу, масалан, Андижон вилояти ҳокими ва сенатор Шуҳрат Абдураҳмоновнинг тадбиркорни ҳақорат қилгани ёки 2005 йилгача Қашқадарёдаги авиабазада хизмат қилган америкалик ҳарбийларнинг радиация таъсирига учрагани каби масалаларда тегишли комиссия ҳамда қўмиталарнинг муносабатини сўраган. Аммо орадан бир неча ой ўтса-да, жавоб берилмаган. Бу ҳол эса ахборот олиш кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликка зиддир.

“Раҳбарларнинг халқ учун очиқлиги, жамиятимизнинг барча соҳаларида очиқлик – бугунги кун талаби. Бошқа йўлимиз йўқ ва бунга кўникиб, ишимизни қайта кўриб чиқишимиз керак”, деган эди Т. Норбоева мажлислардан бирида.

Daryo.uz нашрига кўра, Норбоева хоним ўзи айтаётган очиқлик ва ошкоралик ислоҳотини аввало Сенат матбуот хизматидан бошлаши лозим.

АҚШ “қора рўйхат”га киритган украиналик бизнесмен Ўзбекистонга кўчиб келди

Украиналик тадбиркор ва сиёсатчи Александр Онишченко Ўзбекистонга кўчиб келди (www.spot.uz, 11 апрель).

Ёқилғи ва энергетика соҳасида бизнес билан шуғулланган ва бир муддат Украина парламенти депутати бўлган Онишенко 2021 йил бошида АҚШ молия вазирлигининг SDN List санкциялар рўйхатига киритилган. Қўшма Штатлардаги активлари блокланган, шунингдек, Америка фуқароларининг у билан операция ўтказиши тақиқланган.

Онишченкога кўра, у ўз бизнесини 1997-1998 йилларда Ўзбекистонда бошлаган. Унинг отаси Ражаб Қодиров Ўзбекистон ички ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Тадбиркор ўзининг кўчиб ўтишини Европа Иттифоқида бизнес инқирози юз бераётгани билан изоҳланган: коронавирус иқтисодиётни яксон қилган, Ўзбекистонда эса пандемия якунланиб, иқтисодиёт гуллаб-яшнашни бошлагандек гўё.

“Бу ерда барча табиий танланиш ҳисобига касалликка чалиниб соғайгандек. Кеча бокс кечасида бўлдим. Ўн минг одам спорт саройида. Ҳеч қандай ваҳима йўқ. Бундан олдин ўн минг киши Николай Басковнинг концертида йиғилганди. Барча ресторанлар очиқ, барчаси ишлаяпти. Иқтисод ривожланмоқда” дейди тадбиркор.

Онишченко отаси сабаб фуқароликни осонликча олиши мумкинлиги, бироқ аввал пухта ўйлаб кўриб, кейин қарор қабул қилишини айтган. 52 ёшли тадбиркор сиёсат билан шуғулланишни истамаслиги, от спорти ва бизнес кифоя эканини таъкидлаган.

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев: 20 млрд сўмни футбол клубига бергандан кўра мактаб қурган маъқул

Журналист ва блогер Муҳрим Аъзамхўжаев “Championat.asia” нашрининг “Самисов билан” лойиҳасига берган берган интервьюсида футбол учун ажратилаётган маблағлар ҳақида сўз юритди. Унинг айтишича, бир футбол жамоасига миллиардлаб сўм сарфлагандан кўра мактаблар қурган ёки ўқитувчиларнинг маошига устама пул қўшиб берган маъқулроқ.

“Дейлик, бир жамоага 20 млрд сўм сарфланмоқда. 20 миллиардга 4 та зўр мактаб қурса бўлади. Қаерлардадир болалар чайлага ўхшаш мактабларда, вагонларда ўқимоқда... Масалан, қишлоқ врачлик пунктларини қуриш мумкин. Сурхондарёда бир ўқитувчи 14 км оралиғидаги иккита мактабда ишлар, шу масофага пиёда қатнамоқда экан. Ўша 20 миллиардга бир нечта ўқитувчига велосипед олиб бериш мумкин, машина бўлмаса ҳам. Ёки ўқитувчиларнинг маошига устама пул қўшиб берса бўлади”, деган у.

Аввалроқ иқтисодий таҳлилчи ва блогер Отабек Бакиров ҳам футбол клубларининг давлат улушига эга корхоналар томонидан молиялаштирилишига барҳам бериш лозимлигини таъкидлаган эди.

XS
SM
MD
LG