Линклар

Шошилинч хабар
15 май 2021, Тошкент вақти: 20:27

OzodDayjest: Парламент депутати йирик коррупционерларни аёвсиз жазолашни таклиф қилди


Олий мажлис депутати коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш лозимлигини таъкидлади. Коронавирус экспресс тести қимматлиги танқид қилинди. Актёр Алишер Узоқов президент Шавкат Мирзиёевга Дубайдан мурожаат йўллади. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Депутат: Йирик коррупционерларга нисбатан ўлим жазосини тиклаш керакдир?!

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умиджон Жабборов коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш лозимлигини таъкидлади (“Маҳалла” газетаси, 17 апрель).

Депутат уйидан 400 минг доллар топилган божхоначи ҳодисасини ёдга олар экан, бундайлар тиқилиб ётганини қайд этган ҳамда коррупционерларга қарши қақшатқич ва шафқатсиз қонунлар зарурлигини урғулаган.

“Айниқса, порахўрлик – эскичасига ҳаром, янгичасига сиёсий хиёнатлигини билатуриб, унга қўл урган инсонга бундан буён енгил жазо ярамайди. Бундайлар қилмиши ортидан жабр чекиб юрган юзлаб, минглаб инсонлар ҳуқуқи поймол бўлишига кўз юмиш парадокс эмасми? Энди, бир ўйлаб кўрайлик, қонунларимиз инсонпарвар, бундайларга катта жарима ёки “қонуний жазо” берилар. Лекин уларни шунча йил “боқиб келган”лар-чи, балки ташувчидир, балки ўртакашдир, балки тадбиркордир, ишини аллақачон битириб, халқ устидан фойдани кўриб, қандини уриб юришибди”, деган депутат У. Жабборов.

Депутатга кўра, пировардида яна халқ жабр чекмоқда.

“Оқибатига қарамай, сабаби билан курашиш йўлини танлайлик! Хуллас, йиғиштирайлик, бунақа бир томонлама, абсурд ҳуқуқ мувозанатини, шу коррупция масаласида! Балки йирик коррупционер шахсга ўлим жазосини беришни жорий қилиш керакдир?!” дея хулоса қилган парламент аъзоси.

“Қўли калталар эгнидаги тўнини сотсинми?”– Коронавирус тести қиммат экани танқид қилинди

Коронавирус экспресс тести қимматлиги сабаб Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон фуқароларининг ўзаро борди-келдиси мушкул кечмоқда (“Ҳуррият” газетаси, 21 апрель). Тест нархи “Дўстлик” чегара пунктида 150 минг сўм, “Маданият”да эса 140 минг сўмни ташкил этяпти. Чегарага кираверишда айрим “воситачи”лар 100 минг сўмга маълумотнома қилиб беришни таклиф этмоқда. Аммо бу нарх муҳим зарурат юзасидан сафарга чиққан қўли калта фуқароларга оғирлик қиляпти. Амалдаги тартибга кўра, экспресс тест фуқароларнинг ўз ҳисобидан амалга оширилади.

“Бу – “маблағингиз бўлса, четга чиқинг, акс ҳолда уйда ўтиринг” деганидир. Аммо инсоннинг бошида ҳар хил ташвиш, кўзда тутилмаган юмушлар, ўзаро борди-келдилар, ўлим-йитим, тўй-тўркинлар борки, ҳамиша ҳам “уйда ўтириш”нинг иложи бўлмай қолади. Эгнидаги тўнини сотиб бўлса ҳам чегарадаги экспресс тест текширувидан ўтишга мажбур. Ёки бўлмасам, “Эсиз, чўнтагим кўтармас экан”, дея чегарадан ортига қайтиб кетади”, деб ёзган журналист Ё. Хўжамбердиев.

Республика махсус комиссиясининг 2021 йил 25 январида бўлиб ўтган 60-сонли йиғилиш баённомасида коронавирусга антиген экспресс тест текширувлари арзон ва сифатли бўлиши лозимлиги қайд этилган.

“Сирасини айтганда, бу ишларнинг тагига биз ҳам етолмадик. Балки “чегара пунктларида экспресс тест олиш тартиби ва уларнинг арзон нархларда бўлиши лозимлиги”ни хатга туширган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги махсус комиссия аъзолари изоҳлаб беришар? Қолаверса, чегара постларида тест топшириш ўзи неча пул? Ва улар нима учун ҳар хил нархда? Бу ҳукумат қарори ва бугун сиёсат даражасидаги юмушлар экан, нега бу нарх-наволар бирон жойда очиқ-ойдин эълон қилинмайди?” дея мутасаддиларни саволга тутган муаллиф.

Актёр Алишер Узоқов президентдан Марғилондаги маданият боғига марҳум бобоси номини қайтаришни сўради

БААда фаолият юритиб келаётган Алишер Узоқов “Дарё” интернет нашрига интервью берди (www.daryo.uz, 20 апрель). Атоқли ҳофиз Маъмуржон Узоқовнинг набираси бўлмиш актёр суҳбат давомида президент Шавкат Мирзиёевга бобоси хотирасини абадийлаштириш юзасидан мурожаат қилди.

Бир неча йил аввал Марғилон шаҳридаги маданият ва истироҳат боғидан Маъмуржон Узоқов номи олиб ташланган ва ушбу масканга шоир Эркин Воҳидов номи берилган эди. Алишер Узоқовга кўра, бобоси номи олиб ташланиши унга жуда қаттиқ таъсир қилган.

“Эркин Воҳидовдек инсонлар 100 йилда ҳам туғилмаса керак, охиратлари обод бўлсин, илоҳим, уларга ҳеч қандай хусуматим йўқ, ҳурматим чексиз. Лекин бир нарса борки, Маъмуржон Узоқов ўша боғда қўшиқ айтиб турганида жон берганлар. Ўшанда... шифокорлар уларга қўшиқ айтишни тақиқлаб қўйган бўлган”, деган А. Узоқов.

Актёр президент Мирзиёевдан маданият боғига марҳум санъаткор бобоси номини қайтаришни илтимос қилган.

“Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султоновлар одамларнинг эсидан чиқиб кетмоқда. Санъатнинг бузилаётганини шундан билса ҳам бўлади. Мустақиллик байрамларимиз, 1991 йилдан ҳозирга қадар Наврўз байрамларининг бирортаси ҳам Маъмуржон Узоқовнинг қўшиқларисиз ўтганини билмайман. Ҳеч бўлмаса “Жонон бўламан”, “Мустаҳзод”, “Суратинг” қўшиқлари, албатта, куйланади. Бу инсонлар санъатимиз пойдевори-ку”, деган у.

Кинодаги роллари билан танилган Алишер Узоқов ҳозирда Дубай шаҳрида халқаро IT компанияда фаолият юритмоқда.

XS
SM
MD
LG