Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:03

OzodDayjest: Наманганда ёш рэперни пичоқлаб ўлдирган тиктокер 17 йилга қамалди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ижтимоий саҳифада обуначини кўпайтириш можароси қотилликка олиб келди. Телеканалларни дори рекламаси босиб кетгани эътироз уйғотди. “Амирсой” амирлар учунми? – дам олиш масканидаги нарх-наво ўта қиммат деб баҳоланди. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Намангандаги қотиллик

Наманган вилояти Чуст туманида ёш блогер танишини 150 минг сўм сабаб пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда “Севимли” телеканалининг “Замон” ахборот дастури хабар қилди.

Маълум қилинишича, жиноят 2021 йилнинг 5 августида содир бўлган. Шаҳзод Мақсудов исмли йигит YouTube, Instagram, TikTok платформаларида шахсий саҳифа очиб, рэпер таниши 21 ёшли Абдулҳафиз Расулжоновдан 150 минг эвазига ижтимоий тармоқдаги обуначилари сонини кўпайтириб беришини сўраган. Икки ўртада пул сабаб келишмовчилик юзага келган.

Блогер Ш.Мақсудов рэпер А.Расулов билан яшаш уйи олдида учрашиб, унга қасддан пичоқ урган. Оқибатда жабрланувчи олган жароҳати сабаб шифохонада вафот этган.

Жиноят ишлари бўйича Чуст тумани суди судьяси Иброҳим Жабборов раислигида ўтган маҳкама Ш.Мақсудовни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “и” банди (тамагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш) билан айбдор деб топган ва унга нисбатан 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган. Судланувчи маҳкамада қаттиқ пушаймонлик билдирган.

Реклама бозори корчалонлари беморлар устидан кулишда айбланмоқда

Хусусий ҳамда давлат телеканалларида тиббиёт марказлари ва доривор гиёҳлардан тайёрланган маҳсулотлар рекламаси ҳаддан зиёд кўпайиб кетгани эътирозларга сабаб бўлмоқда (“Ўзбекистон овози” газетаси, 12 январь).

Қайд этилишича, бу руҳдаги рекламалар ҳар битта телеканалда кунига ўрта ҳисобда 20-30 марталаб берилмоқда.

“Бу дегани аҳолимиз хусусий ёки давлат телеканалларида хоҳласа, хоҳламаса руҳиятга, кайфиятга ёмон таъсир қиладиган рекламаларни кўришга, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мақтовларни эшитишга мажбур бўляпти... Лекин қайсидир муассасани бир оғриқли дардга буткул даво сифатида тақдим қилиш беморнинг устидан кулишга ўхшаб туюлади. Чунки ўша рекламаларда жуда мукаммал даволаши айтилаётган шифо маскани ҳам даволай олмайдиган, даволаш вақтидан ўтиб кетган, кечиккан ҳолатлар бўлади”, деб ёзади муаллиф.

Ўзбекистон жамоат хавфсизлиги университети профессори Наргиза Халилова ҳам дори ва тиббий марказлар рекламаси кўплигидан уларни англаш ва қабул қилиш қийин кечаётганини таъкидлаган.

“Реклама бозори корчалонларига айтгинг келади: нима қиласиз, оқ ҳалатли нажот фаришталарини элга ёмон кўрсатиб, жаноблар? Нима қиласиз, соддадил халқимизни экран юлдузи, мижоз чақирувчи деталга айлантириб? Қўйинг, гапни айлантирмасангиз-чи, яхши шифокор бўлсангиз, рекламага муҳтож бўлмас эдингиз!” деб ёзади муаллиф.

Мақолада муттасил эфирга берилаётган “сеҳрли” рекламалар соғ одамни ҳам бетоб қилиши ҳақида бонг урилган.

“Амирсой” амирлар учунми? – дам олиш масканидаги нарх-наво ўта қиммат деб баҳоланди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Амирсой” дам олиш масканига бориш учун амир даражасида бўлиш керак, деб ёзади “Маҳалла” газетаси.

“Биргина автомобиллар учун мўлжалланган тураргоҳнинг нархи 150 минг сўм қилиб белгилаб қўйилганидан кейин бошқа нархларни айтмасак ҳам бўлаверади. Ахир, 150 минг сўмни бир ҳафталик харажат сифатида оиласига ишлатаётганлар камми? “Амирсой”даги энг гавжум жой – дор йўлига чиқишнинг ўзи бир кишига 80 минг сўм. Демак, тўрт кишидан иборат битта оиланинг “Амирсой”га бир кунга бориб, дам олиб келиши учун энг камида бир миллион сўм керак. Яхшироқ дам оламан деган оила икки ёки уч миллион сўмни чўнтакка солиб қўйгани яхши”, деб ёзади газета.

Қайд этилишича, дам олиш масканида ётиб қолиш нархи суткаси 4 миллион сўмдан бошланади.

“Аммо, афсуски, баъзи оилаларнинг бугунги кундаги бир ойлик даромадининг ўзи уч миллион сўм бўлиб турган бир пайтда қандай қилиб бу миқдордаги пулни бир кунда ишлатиши мумкин? Тўғри, бу орқали туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш мумкиндир. Аммо ҳар қандай нарса ўз халқига ҳам чўнтакбоп тарзда хизмат қилгани яхши эмасми?” деб ёзади нашр.

“Амирсой” тоғ-чанғи курорти 2019 йил декабрда очилган. Лойиҳага 80 миллион евродан ортиқ инвестиция сарфланган. 892 гектар майдонни эгаллаган ва 580 ўринга мўлжалланган дам олиш маскани қурилишига Италия, Германия, Австрия, Аргентина, Испания, Дания каби давлатлардан мутахассислар жалб этилгани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG