Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:43

Аптекалар 7 мартдан 227 турдаги импорт дорини белгиланган нархда сотишга мажбур


16 февраль куни Ўзбекистонга четдан олиб келинаëтган 227 турдаги дори-дармон воситаси ва тиббиëт ускунасига белгиланган чакана ва улгуржи нархлар рўйхати эълон қилинди. 7 мартдан мамлакат бўйлаб ҳамма жойда бир хил (арзонлаштирилган) нархда сотилиши айтилган бу рўйхатда¸ Озодлик гаплашган ўзбекистонликларга кўра¸ эҳтиëж кучли бўлган аксар ижтимоий дорилар йўқ.

16 февраль куни Хусусийлаштириш¸ монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий сайтида¸ ижтимоий аҳамиятга эга хориж дори-дармон ва тиббиëт воситалари рўйхати ва уларга ўрнатилган қатъий нарх эълон қилинди.

Бу рўйхат ва нарх¸ Озодлик суҳбатлашган қўмита расмийсининг айтишича¸ айни вазифага ваколатлантирилган Республика комиссияси¸ аниқроғи¸ Соғлиқни сақлаш вазирлиги¸ “Дори-дармон” акциядорлик ширкати томонидан ишлаб чиқилган.

Расмийнинг айтишича¸ рўйхатдаги 227 турдаги импорт дори-дармони 7 мартдан бошлаб комиссия томонидан тасдиқланган нархда сотилиши шарт.

“Давлатникими¸ хусусийлигидан қатъий назар¸ ҳамма аптека шу нархда сотишга мажбур. Ундан қимматга сотса¸ Бош прокуратура ва Давлат рақобат қўмитаси дарҳол чора кўради”¸ деди қўмита расмийси.

Мирзиëев ваъдаси

Ижтимоий аҳамиятга эга маҳаллий ва хорижий дори-дармон ва тиббиëт воситалари учун қатъий нарх белгилаш¸ 31 октябрь куни муваққат президент Шавкат Мирзиëев қўл қўйган фармонга асосан амалга оширилди.

Фармонда¸ бу дорилар сотув нархининг улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиз, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ошмаслиги белгиланди.

Фармон эса унинг илк гапида ëзилгани каби:

Aҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини янада ошириш, уларнинг нархини белгилаш бўйича очиқ-ошкора механизмни жорий этиш, мамлакатимизда арзон ва сифатли препаратлар бўлишига қарамасдан ташхис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда асосан қиммат импорт дори-дармон воситаларини тавсия этиш каби номақбул амалиётнинг олдини олиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида” қабул қилинган.

Бир хил нарх белгиланган 227 турдаги импорт дори ва тиббиëт воситаси рўйхати¸ Озодлик суҳбатлашган айрим ўзбекистонликлар томонидан¸ бироз хавотир билан қарши олинди.

Бу рўйхатни синчиклаб текшириб чиққан қандли диабетга чалинган беморлардан бири¸ ундан ўзи ва кекса ота-онаси мунтазам ишлатадиган дори воситаларни топа олмаганини айтади.

- Бу рўйхатга юрак¸ қон босими¸ эндокринологик касаллар доим ичиши шарт бўлган импорт дорилари киритилмаган. Масалан¸ мен ўзим оладиган инсулин (генсулин¸ актрапид) йўқ унда. Тўғри¸ рўйхатда инсуген бор¸ лекин у сифатсиз инсулин саналади¸ биз умуман ишлатмаймиз. Бу рўхатга энг кўп ишлатиладиган импорт дориалар эмас¸ уларнинг арзон аналоглари киритилган¸ дейди тошкентлик суҳбатдош

Четдан келтириладиган 227 турдаги ижтимоий дори рўйхати атрофида ижтимоий тармоқларда бошланган муҳокамаларда ҳам¸ айни шу хавотир кўзга ташланди.

Давлат рақобат қўмитасининг Озодлик суҳбатлашган мулозими¸ бу рўйхатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Республика комиссияси ишлаб чиққани ва унга айнан қайси дори-дармон ва тиббиëт воситаларини киритиш масаласини шу комиссия белгилаганини айтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Озодлик боғланган мулозими¸ бу рўйхатга ижтимоий касаллик деб эътироф этилган касалликлар муолажаси учун кенг қўлланиладиган импорт дориларнинг айнан ўзи ва аналогларикиритилганини билдирди.

16 февраль кунги рўйхат билан танишган ўзбекистонликлар кенг қўлланиладиган импорт дориларга қатъий нарх белгиланиши¸ уларнинг дорихоналардан ғойиб бўлишига олиб келиши эҳтимолидан ҳам хавотир билдирдилар.

Бу хавотирга муносабат билдирган жараëнга яқин расмийлар¸ Ўзбекистонга олиб кирилаëтган хориж дориларининг асосий импортчиси “Дори-дармон” акциядорлик компанияси улар таъминотида узилиш бўлмаслиги учун масъул эканини таъкидлашди.

Давлат рақобат қўмитаси сайтида эълон қилинган импорт дориларга белгиланган нархлар¸ унинг остидаги кичик изоҳга кўра¸ 21 январь куни Ўзбекистон Марказий банки томонидан ўрнатилган курс бўйича 3280,25 сўмдан (1 АҚШ долларига нисбатан олинган - таҳ.) сўмдан келиб чиқиб ҳисобланган.

Мамлакатда доллар расмий нархининг ошиб бориши¸ бу нархларнинг ҳам муттасил ошиб боришини тахмин қилишга асос беради.

17 февраль куни Ўзбекистон Марказий банки томонидан бир АҚШ доллари расмий курси 3 309¸ 35 сўм қилиб белгилангани.

XS
SM
MD
LG