Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:06

7 мартдан арзонлатилган дорилар аптекаларда тақчиллаша бошлади


Аптека
Аптека

Ўзбекистонга четдан олиб келинаëтган 227 турдаги дори-дармон воситаси ва тиббиëт ускуналари 7 мартдан мамлакат бўйлаб ҳамма жойда бир хил (арзонлаштирилган) нархда сотила бошланди.

“Дори-дармон” акциядорлик ширкати вакиллариниг Озодликка айтишича¸ республикадаги аптекаларнинг барчаси бу рўйхатда бўлган ўзларидаги қолдиқ дориларни арзонлаштирилган нархда сотмоқда.

"Дори-дармон" - муаммо йўқ!

16 февраль куни Хусусийлаштириш¸ монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий сайтида¸ ижтимоий аҳамиятга эга хориж дори-дармон ва тиббиëт воситалари рўйхати ва уларга ўрнатилган қатъий нарх эълон қилинган эди.

(Бу рўйхат ва нарх “Дори-дармон” акциядорлик ширкати ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.)

8 март кунги суҳбатда "Дори-дармон" ширкати раҳбарларидан бири Озодлик мухбирига рўйхатдаги 227 турдаги импорт дори-дармоннинг 7 мартдан бошлаб комиссия томонидан тасдиқланган нархда сотилиши¸ асосан¸ амалда таъминланаëтганини билдирди:

- Танқислик йўқ. Дори воситалари келиб тушаяпти. Ундан олдинги қолдиқлар ҳам бўлган. Дорихоналаримизда арзонлашган дорилар бор. Мен ўзим ишлайдиган “Дори-дармон” ширкати бўйича гапира оламан. Рўйхатдаги дорилар бўйича контрактлар қилинган. Мартнинг охиридан бошлаб келишни бошлайди, деди мулозим.

Тақчиллашган дорилар

Айни пайтда Озодлик суҳбатлашган беморлар ва уларнинг яқинлари ушбу рўйхатга киритилган кўп дорилар 7 мартдан бошлаб аптека пештахталаридан йўқ бўлганлигини айтишди.

Хусусан¸ тошкентлик 48 яшар уй бекаси Сабоҳат Абдуллаева Озодлик билан суҳбатда Преднизон деган дорини доимо олиб юргани ва бу дори 7 март кунидан бошлаб Тошкент аптекаларида тақчиллашганини билдирди.

Тошкент марказидаги дорихона врачи Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу масалага ойдинлик киритди:

- Бир хил дорилар тугаган ўша сиз айтган рўйхатдаги. Кечадан бошлаб ўша рўйхатдаги дориларни сўраб келишаяпти. Энди у ерда шунақа дорилар борки¸ улар таможняда растаможка бўлаяпти. Яқинда чиқади дорихоналаримизга нархлари ўзгарган ҳолда. Сизга шикоят қилган аëл айтган Преднизон таблеткалари тугади. Кўп дориларимиз Даниядан келади¸ ҳали келмади¸ деди дорихона врачи.

Озодлик тасарруфида республиканинг турли жойлари¸ хусусан Фарғона вилояти Бешариқ туманида 7 мартгача аптекалардаги арзонлаши кутилган дорилар сотиб бўлингани ва навбатлар юзага келгани ҳақида маълумотлар бор.

Озодлик билан суҳбатлашган беморларнинг айтишича¸ дори-дармонлар арзонлашишидан олдин чайқовчилар қўлига ўтган.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашевга кўра¸ аптекаларда “нафакат арзон дорилар, балки қимматлари хам анча камайиб” кетган.

“Дори-дармон” акциядорлик ширкати вакилининг Озодликка айтишича¸ Фарғона вилоятидаги дорихоналарга дори етказиб берилган.

- Уларда етарли дори бор¸ қандайдир муаммо бўлса¸ биз текшира олмаймиз. Бизда назорат функцияси йўқ¸ деди мулозим.

Ўтган ҳафта Озодлик суҳбатлашган Давлат рақобат қўмитаси расмийси бу соҳадаги муаммоларнинг прокуратура ва қўмита назоратида бўлишини айтган эди.

“Давлатникими¸ хусусийлигидан қатъий назар¸ ҳамма аптека шу нархда сотишга мажбур. Ундан қимматга сотса¸ Бош прокуратура ва Давлат рақобат қўмитаси дарҳол чора кўради”¸ деган эди қўмита расмийси.

Мирзиëев "имтиëзи"

Ижтимоий аҳамиятга эга маҳаллий ва хорижий дори-дармон ва тиббиëт воситалари учун қатъий нарх белгилаш¸ 31 октябрь куни муваққат президент Шавкат Мирзиëев қўл қўйган фармонга асосан амалга оширилди.

Фармонда¸ бу дорилар сотув нархининг улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиз, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ошмаслиги белгиланди.

XS
SM
MD
LG