Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2019, Тошкент вақти: 09:50

"Коррупционерларни фош этиш учун "Ёлғон детектори" қўллашни бошлаш керак"


Бугунги кунда ривожланган давлатларда махфий коррупцияни фош этиш учун қўлланилаётган энг самарали ва ҳозирча ягона усул - полиграф ускунасини бизда ҳам қўллашни жорий этиш зарур.

Бу таклиф Озодликка келган ва қуйида OzodMaktub рукнида эътиборингизга ҳавола қилаётганимиз хатда илгари сурилган.

Исм-фамилияси ва ўзи ҳақдаги ​бошқа маълумотлар очиқланмай туришини истаган муаллифнинг мақоласини таҳрир қилмай ва қисқартирмай эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз. Муаллифнинг стилистикаси ва имлоси сақлаб қолинди.

***

Муҳтарам юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев Президент этиб сайланганидан сўнг давлат идораларида 25 йил давомида шаклланиб қолган коррупция ва порахўрликка бархам бериш учун бир қатор қарор-фармонлар чиқариб, бу борада коррупцияга қарши курашувчи комиссия ташкил этилди.

2017 йил 13 июнда судьялар билан ўтказган йиғилишда ҳам, Президентимиз суд-тергов органларида юз бераётган порахўрлик жиноятларига тўхталиб, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, давлат органларида коррупцияни так томири билан узиб ташлаш қийин бўлаётганини қайд этиб ўтганлар.

Президентимиз шижоати сабаб давлат идораларида ошкора коррупция йўқолган бўлсада, лекин хозирда бу иллатни махфий формаси авж олмоқда.

Барчамизга маълумки, порахўрликдан икки киши - пора берувчи ва пора олувчи манфаатдор бўлади, агарда улар ўртасида воситачи бўлса у ҳам. Улар бу қилмишини жиноят этканини ва бунинг учун жазоланиши мумкинлигини билгани ҳолда ўз жиноятини яширишади.

Қисқа фурсат ичида қонунчиликдаги либерализация сабаб порахўрлик жинояти ўз вақтида, жиноят устида қўлган олинмайдиган бўлса, пора олди-берди ҳолатини исботлаш имкони йўққа чиқиб қолди.

Шу сабабли порахўрлик жинояти фош этилиш даражаси кескин камайиб, гўёки юртимизда коррупция камайгандек, алдамчи вазият юзага келмоқда.

Коррупциянинг яширин формаси тергов-суд органларида тизимли равишда шакллангани бугунги кунда яққол кўзга ташланмоқда.

Хусусан, суд-тергов органларининг шундайин қарорлари борки, бу қарорлар қонунга зид экани ва бундай қарор фақат пора эвазига чиқарилишини ҳамма билади, лекин қонунчилик талабни инобатга олганда бу ҳолатда пора олди-бердини исботлашни имкони йўқ.

Яъни, сўнги 2 йил ичида қонунчилигимиз инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун бир поғона юқорига кўтарилди, лекин давлат нуқтаи назаридан коррупцияни фош этиш усуллари аввалгича, маънан эскирган ҳолида қолиб кетган.

Албатта, қонунларимиз замон талабидан келиб чиққан ҳолда инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун доимий равишда мукаммаллаштириб борилиши керак ва шу билан бирга конунчиликдаги либерализацияни суиистеъмол қилинаётганини фош этиш учун замонавий усул ва методлар қўлланиб, давлат манфаатлари самарали химояланиши керак.

Аниқроқ айтгандиган бўлсам, бугунги кунда ривожланган давлатларда махфий коррупцияни фош этиш учун қўлланилаётган энг самарали ва хозирча ягона усул - полиграф ускунасини ("Ёлғон детектори") бизда ҳам қўллашни жорий этиш зарур.

Тўғри, айрим мансабдорлар бу усул қўлланишига қарши чиқиб, - “бу усул аниқлик даражаси паст, ҳали ҳалқимиз бунга тайёр эмас” деган фикрларни билдириши мумкин, лекин хозирги кунда махфий коррупцияни фош этиш учун бунданда самарали бирор бир усул ўйлаб топилганича йўқ.

Биз олдимизга, давлат органларида коррупцияни бутунлай йўқ қилиш вазифасини қўйган эканмиз, полиграфни қўллаш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш бу - замон талаби.

Махфий коррупцияни фош этиш ва порахўрлик жиноятларига бархам бериш борасида полиграф ускунаси қўллаш юзасидан ТАКЛИФ.

- Тегишли мансабдор хар бир қонунга зид хатти-ҳаракатига ёки қарорига, гумон қилиш учун асосли шубҳалар бўлганида коррупциявий ҳолат деб қараш;

- Коррупция ҳолати бор деб тахмин қилинган ҳар бир ҳолатда бирор бир манфаатни олган ва шундай манфаатни кўрсатганликда гумон қилинаётган шахсларни полиграф орқали сўроқ қилиш;

Бу борада процессуал қонунчиликка ўзгартириш киритиб, жиноят иши қўзғатилгунига қадар полиграф орқали сўроқ қилиш амалиётини жорий этиш.

- Полиграф орқали сўроқ қилиш ваколати вилоят миқёсдаги тергов органларига ва барча судларга бериш;

- Хар бир полиграф орқали сўроқ қилиш аввалида тегишли мутаҳасисдан полиграф тўғри ишлаётгани ҳақида хулоса берилишини таъминлаш;

- Сўроқ қилиш жараёни ва полиграф ускунасидаги кўрсатгичларни видео ёзув орқали қайд этиш;

- Коррупция содир этишда гумон қилинаётган шахсларни айнан бир вақтда бир-биридан алоҳида тарзда, айнан бир тергов органида сўроқ қилинишини ташкил этиш (суд терговида ташқари);

- Сўроқ қилиш жараёнида имкон қадар, гумон қилинаётган коррупция ҳолати юз берган вазият, вақт, жой, манфаатдорлик предмети индивидуаллаштирилган ҳолда аниқлаштириш;

- Гумон қилинаётган коррупция ҳолати тўғрисида ариза мавжуд бўлганида, аризачини ҳам худди шу тарзда сўроқ қилиш;

- Сўроқ жараёни холисона ўтказилганини қайд этиш учун бу жараёнда бевосита адвокат, адлия органи вакили ёки инсон ҳуқуқларини химоясини таъминловчи нодавлат ташкилот вакили ва психолог иштирокини таъминлаш (суд терговида ташқари);

- Сўроқ жараёнида коррупцияда гумон қилинаётган шахслар ёлғон гувоҳлик бераётганини полиграф ускунаси қайд этса, уларни коррупцияда айблаш бўйича бундай бошқа далиллар мавжуд бўлмаган ҳолларда гумон қилинаётган коррупция ҳолати юз берган деб топиш вакоррупция содир этилган йилнинг бошида амалда бўлган қонунчиликдан келиб чиқиб, Жиноят кодексининг коррупция ҳолати учун жавобгарлик белгиланган модданинг энг енгил қисмининг билан жиноят иши қўзғатиш, бу масалада пора предмети сифатида ўша вақтда амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида белгилаш;

- Сўроқ натижасида коррупция ҳолати тасдиқланмаса, агарда бу ҳолат ҳақида ариза бўлса аризасига нисбатан туҳмат қилганлик бўйича жавобгарлик масаласини кўриш;

- Иш бўйича дастлабки тергов ва суд жараёнида айбланувчи, унинг адвокати истимоси асосида такрор полиграф орқали сўроқ қилишга йўл қўйиш ва бу сўроқ жараёнида ҳам полиграф кўрсатгичларини видео тасмада қайд этилишини таъминлаш, шунингдек сўроқ жараёнида психолог иштирок этиши таъминлаш;

- Мазкур турдаги ишлар бўйича суд ҳукм чиқаргунига қадар гумон қилинган шахслар ўз айбига иқрор бўлган ва жиноятни тўла фош этилишида давлат органига яқиндан ёрдам берган ҳолларда айбдорларга муайян ҳуқуқдан махрум этиш жазосидан ташқари жазо қўллашни ман этиш амалиётини жорий этиш.

***

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Озодлик бу мулоҳазалар учун масъул эмас.

XS
SM
MD
LG