Линклар

Шошилинч хабар
27 октябр 2020, Тошкент вақти: 08:04

Шифокор бир ставка ишига бир миллион олиб, оиласини қандай боқсин?


Сарлавҳага чиқарилган гап Тошкентдаги тез ёрдам касалхоналаридан бирида ишлайдиган шифокордан келган мактубдан олинди.

Бу мактуб муаллифининг айтишича¸ ҳукумат ҳам, одамлар ҳам шифокорлар қандай шароитда, қанча ойликка ишлаётганини, уларга бўлган эътибор қанчалик эканини билиб қўйишсин.

Эътиборингизга ҳавола қилинаётган қуйидаги матн таҳрирсиз, муаллиф имло ва стилистикасини сақлаган ҳолда берилмоқда.

"Ассалому алайкум. Сизларга мустакил Узбекистонимиз халкини саломатлиги йулида хизмат килаётган оддий бир шифокор сифатида мурожаат киламан.

Бугунги кунда Ўзбекистонда тиббиёт ва тиббиёт ходимлари ачинарли ҳолатга келиб колди. Мен туман поликлиникасида УАШ, тез ёрдам подстанциясида набатчи шифокор ҳамда ШТЁМ жаррохлик бўлимида навбатчи шифокор сифатида фаолият юритаман.

Фаолиятим давомида бир ой 30 кундан купи билан 10 кун уйда бўламан. Уйда вактимда на оилам,на фарзандларимга вакт ажрата оламан, на уз устимда ишлашга.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги деярли барча шифокорлар шундай оғир юклама остида фаолият юритишаётгани хеч кимга сир эмас. Шунча юклама остидаги ишларнинг зиммамиздаги жавобгарлик салмогини тасаввур килгандирсиз?

“Нега бунча юклама билан ишлайсан” дерсиз? Нормал жамиятда ишчининг бир ставка, кунлик 8 соатлик иш фаолиятига берилган ойлик маошга оиласини боқа олиши лозимлигини хеч ким инкор этмаса керак? Бизда 1 ставка учун ойликка оила тебратиб, яна уз малакаси устида ишлаши мумкинми?

Хозирги кунда Ўзбекистонда врачларнинг 1 ставка учун ойлиги 1,5 миллион атрофида. Шундан “Даромад солиғи” етиб бориш бормаслик мавхум булган “Пенсия фонди” Бир тийинлик фойдаси булмайдиган “Касаба уюшмаси” (Профсоюз ишлаганда бунақа бўлмасди менимча), Электр энергияси, газ, ер солиги ва бошкаларни олсангиз 800-900 боринг 1 миллион атрофида пул колади.

Бир миллионга хар куни 2 та 3000 сумдан маска, антисептик гел, хар 2 ойда 1 тадан халат спецовка (камида 100000 сумдан), колпочок, тонометр-фонендоскоп (200 000 сум), концеллярия, телефон алоқа тўлови, кунлик 20-30 000 тушлик, кунлик 30 000 сум йул кира каби шифокорнинг ўзи киладиган харажатларни ҳисобласак қолган бир миллион хам манфийга ўтиб кетишини хамма тушунди шекилли?

Энди шифокорни оиласини ким боқади? Уни фарзанди боғчага, мактабга бормайдими? Шифокор нима учун ва қандай ишлайдики ойлиги ёлгиз узининг айни иш ичун шахсий харажатларига хам етмаса?

Бугунги кунда шифокорлар ва бошка тиббиёт ходимлари тиббий кийимлар, фонендоскоп тонометр у ёқда турсин, хаттоки оддий тиббиёт никоби билан хам таъминланмагани одамни ажаблантиради.

Нима бизни давлатимиз шунчалик заифми? Шифокорлар сони Республика буйича атиги 100 минг атрофида булса. Ўзимдан қиёс иш фаолиятимга 4 йил булди. Ишга не не максад ва орзулар билан келганимни эслаб хозир кулгим келади.

Укишимнику минг азоб билан банкдан “талаба кредити” олиб контракт тўлаб ўкиганман. Ўз узимга савол бераман “Хозирги бозор иқтисодиёти шароитида бир миллион ойлик олиш учун 10 йил умримни юз миллионлаган контракт пулларни тулаб ўтказдимми?”

“Талаба кредитини” тўлагунча ойлаб уйга бормай ишлаб она сутим огзимга келди. Айни карантин кунларида хам Туман марказидаги ишимга 20 километр масофадан катнаб ишлайман.

Машина олишга 3 жойда туну кун ишлаб хам имкон килолмадим. Айни дамда кишлок автомобиллари хам карантин сабабли туман марказига киритилмай куйди. Натижада ишга бориш учун туман марказидан такси чакиришга мажбур буляпмиз. Бунга бориш-қайтиш учун кунлик 70-80 минг сум атрофида пул сарфлайман. Бу ҳолатда кандай ишлаб булади? Кишлоқларда телефон, интернет алокасини умуман йўқлигини гапирмасаям бўлади.

Бундан ташкари тиббиёт ҳодимларининг тиббий кўрикдан ўтиши ўзимиз шу соҳада ишлашимизга қарамасдан пуллик (бир марта кўрикдан ўтишимиз, бир неча кунлик вақтни оладиган сарсонгарчиликдан ташкари 250-300 000 сум атрофида) қилиб куйилган.

Нима, хукуматимиз томонидан тиббиёт ходимларига жиноятчи ва фохишалардан хам паст назар билан караладими? Хатто жиноятчилар, фохишалар хам СПИД, ВГВ, ВГС, RW, рентген текширувларидан бепул, давлат томонидан ўтказилади.

Давлатимиз шу халқ саломатлиги учун чумчуқ донидек ойликка филни юкидек масъулият ва жавобгарлик билан хизмат килаётган шифокорларни хор бўлаётганини наҳот кўрмаяпди? Бунга масъул рахбарлар буни англамас даражада акли ноқисми? Нега улар уз айбларини кўрмасдан барчасига шифокорларни айбдор қилишмоқда? Мана сизга “нега тиббиётимиз орқада? Нега шифокорлар порахўр?” деган миллионлаган саволларга жавоб. Мушугингиз сиз оч қолдирганингиз сабабли ўгирлик килса мушук айбдорми?

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Бу рукнда берилган материаллар муаллифлари қарашлари Озодлик қарашларига мос келмаслиги мумкин.​

Шарҳларни кўринг (5)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG