Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2019, Тошкент вақти: 12:03

Кабобхонада калтакланган кассир қиз: Ўзимни безориликда айблашди


Самарқандлик Шоҳсанам Турсунова (Мақоладаги суратлар Шоҳсанам Турсунова томонидан Озодликка тақдим қилинган)

Самарқанддаги “Найман” кабобхонаси кассири Шоҳсанам Турсунова мижозлар томонидан калтаклангани юзасидан судга мурожаат қилиб, ютқазди. Шоҳсанамнинг OzodMikrofonга айтишича, суд унинг ўзини мижозларни ҳақорат қилганликда айбдор деб топган.

​Тармоқларда тарқалган бир гуруҳ аёл ва эркаклар ўртасидаги муштлашув акс этган видеода тўладан келган эркак бир қизнинг юзига икки қўли билан шапалоқ туширгани ортидан тўполон бошланганини кўриш мумкин. Видео давомида калтак еган қиз бошқа бир эркакнинг юзига бир мушт туширгани ва эркак ҳам қизни ургани акс этган.

Видеодан олинган скриншот
Видеодан олинган скриншот

Самарқанд шаҳрида яшовчи 26 яшар Шоҳсанам Турсунованинг Озодликка айтишича, видеодаги аёл удир.

Турсуновага кўра, воқеа жорий йилнинг 5 август куни кечки соат 11ларга яқин Пастдарғом тумани “Мирзатуп” маҳалласидаги у кассир бўлиб ишлайдиган “Найман” кабобхонасида содир бўлган.

Шоҳсанам иддаосига кўра, “Мирзатуп” маҳалласида яшовчи 4 эркак маст ҳолда кабобхонага овқатлангани келиб, жанжал қилгани сабаб муштлашув келиб чиққан.

- Офицант қизларимизга қўпол гапиришди. Улар пиво сўрашди. “Пиво йўқ, ака”, деб айтсак, “Сийиб сийдигингни олиб кел”, деб, қизларнинг нафсониятига тегишди,- дейди Шоҳсанам Турсунова 19 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда.

Шоҳсанамнинг айтишича, жанжал 4 мижоз олган овқати учун ҳисоб-китоб қилиш пайти авжига чиққан.

- Мени жуда ёмон гаплар билан ҳақорат қилди. Менга қўпол гапирди. “Мен сени бир нарса қилиб, қўяман”, деб сўкиниб гапирди. Мен “бу ерда сен ўйлаган қизлар ишламайди. Бу гапингни онангга, қизингга, синглингга айтасан” дедим. Мен уришини кутмадим. Шу жойда у юзимга шунақанги урди, мен ёмон бўлдим. Кейин “Нима ҳаққинг бор, мени уришга” деб ёнига бордим. Шериги қўлимдан ушлаб тортди, у мени яна бир марта урди. Мен у болага “Мени ушлаганча, шеригингни ушласанг бўлмайдими” деб, унинг юзига бир шаполоқ урган жойимда, мени бир мушт урди. Қошим йиртилиб кетди, башарам қон бўлиб кетди. Кейин улар чиқиб, қочиб кетди, - дейди Шоҳсанам Турсунова.

Озодлик OzodMikrofon форматидан чиқиб, кабобхонадаги жанжалда қатнашган эркаклар билан боғланишга уриниб кўрди, аммо боғлана олмади. Озодликда уларнинг исми шарифи, манзилига оид маълумотлар мавжуд.

Пастдарғом туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, “Найман” кабобхонасидаги жанжал бўйича, маъмурий ва жиноий кўринишдаги иккита иш очилган.

Милиция бўлими ходими иш судга оширилганини айтиш билан чекланди.

Шоҳсанам Турсуновага кўра, уни биринчи урган тўладан келган эркакка нисбатан маъмурий иш очилган, уни иккинчи урган эркакка эса жиноий иш қўзғатилган.

22 ноябрь куни Пастдарғом туман жиноий ишлар суди “Найман” кабобхонасидаги жанжаллашиш воқеаси бўйича очилган ишни кўриб чиқди.

Турсуновага кўра, суд уни кабобхонага келган мижозни ҳақорат қилганликда айбдор деб топган.

- Мени жиноятчига чиқариб, 8 ой давомида энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида штраф тўлайди деди. Мени бир мушт урган йигитга эса 1 йилу 2 ой давомида энг кам иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида штраф тариқасида тўлайди деди. Мен суд ҳукмига норозиман. Мен 23 ноябрь куни апелляция аризаси ёздим, дейди Шоҳсанам Турсунова.

Шунингдек, Шоҳсанам уни тергов қилган Пастдарғом туман Ички ишлар бўлими терговчиси устидан вилоят прокуратурасига шикоят аризаси ҳам топширганини айтди.

- Терговчидан норози бўлганим сабаби, у менга жуда қўпол муносабатда бўлди. “Сен жиноятчисан, сен айбланувчисан, сен уни ҳақорат қилмаганингда, у сени урмасди. У жабрланувчи, сен жиноятчисан, деди менга. Шунинг учун устидан шикоят қилдим, дейди Турсунова.

Шоҳсанамнинг айтишича, кабобхонадаги жанжал бўйича очилган маъмурий иш қайта терговга жўнатилган.

* * * * * * * * * * * * * * * * *

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўринг (14)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG