Линклар

Шошилинч хабар
17 июн 2021, Тошкент вақти: 08:22

OzodTa’sir: Ўртачирчиқдаги заводда иш ташлаган ишчиларга маош берилди


Завод ишчилари иш ташлагач ойликлари берилди

Тошкент вилоят, Ўртачирчиқ туманида кластерга айлантирилган собиқ “Қорасув пахта тозалаш” заводи ишчилари бир ойлик маошларини олгач, норозилик акциясини тўхтатди.

Заводнинг 200дан ортиқ ишчиси 16 февраль куни икки ойлик маошлари берилмаганидан норози бўлиб, иш ташлаган ва бу акция қарийб 3 кун давом этди.

18 февралда декабрь ойи маошлари берилгач, ишчилар ишга чиққан.

Заводнинг ҳозирги эгаси Real Tex Tashkent кластер корхонаси мулозимлари ишчилар ойлигини бериш учун банкдан кредитга пул олганини айтишди.

Кластерга айланган пахта тозалаш заводи ишчилари 18 февраль куни Озодликка боғланиб, бир ойлик маоши берилгач, норозилик акциясини тўхтатганликларини маълум қилишди.

“Озодликда биз ҳақимиздаги мақола чиққанининг эртасига, яъни 18 февраль куни декабрь ойининг ойлигини беришди. Ойликни иккига бўлиб беришди. Аввал соат 11 ларда ойликнинг бир қисмини пластик картага тушириб беришди. Кейин соат 14:30 ларда ойликнинг қолган қисмини ҳам картага туширишди. Ёрдам учун раҳмат. Борингларга шукур, омон бўлинглар!”, дейилади завод ишчилари хабарида.

Ишчилар икки ойлик маоши берилмаганидан норозилик билдириб, 16 февраль куни иш ташлаган ва бу ҳақдаги мақола Озодликда 17 февраль куни эълон қилинганди.

Ишчилар ҳисоб-китобича, заводда 240 ишчи бўлиб, уларнинг барчаси иш ташлаган.

Озодлик суҳбатлашган ишчилар улар норозилик акциясини иш ҳақи берилмагунча давом эттиришни режалаганликлари ҳақида айтишганди.

“Ноябрь ойлигини декабрда икки марта бўлиб беришди. Шундан бери ойлик йўқ. Ишчилар норозилик билдиргандик, раҳбарлар аввалига 5 февраль куни маошлар берилишига ваъда беришди. Кейин “15 февраль тунги соат 00:00гача ойликлар пластик картага тушириб берилади”, деб ваъда беришди. Раҳбарларнинг бу ваъдаси ҳам бажарилмагач, 16 февраль куни эрталабдан иш ташладик”,- деган эди исми очиқланмаслигини сўраган ишчи 17 февраль куни.

Айни пайтда ишчиларнинг айтишича, агар январь ойининг маошларини ҳам бериш узоққа чўзилса, улар яна иш ташлашни режалаган:

“Январь ойлигини қачон бериши ҳозирча номаълум. Иш ташласак, ойлигимизни беришаркан. Демак, яна иш ташлаймиз”.

Заводнинг ҳозирги эгаси Real Tex Tashkent кластер корхонаси мулозимлари ишчилар ойлигини бериш учун банкдан кредитга пул олганини ва яқин орада январь ойи маошлари ҳам ишчиларга берилишини айтишди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 мартдаги қарори билан кластерларга айлантирилган 50 дан зиёд пахта тозалаш заводи рўйхатида “Қорасув пахта тозалаш” заводи ҳам бор.

Озодлик кластерлаштиришга зўр бериш ҳаракатлари ортидан юзага келаётган муаммолар ҳақида шу пайтгача ўнлаб мақола эълон қилган.

Айнан пахта заводлари кластерга айлантиргач, маошлари вақтида берилмаганига норозилик билдирган ҳолатлари ҳам кўп бўлган.

Жумладан, “Шаҳрисабз-текстиль” МЧЖ тасарруфига ўтказилган Яккабоғ пахта тозалаш заводининг 39 ишчисига 8 ойлик иш ҳақини ололмаётганига норозилик билдириб, видео чиқиш қилганди.

Ишчилар мурожаати
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:27 0:00

Вазирлар маҳкамаси пахта заводларининг кластерларга айлантиришга оид қарорини соҳадаги “ислоҳотларни чуқурлаштириш ва бозор муносабатларини жорий қилиш, пахта хомашёсини қайта ишлаш ҳамда тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш тармоқларининг интеграциялашувини янада кенгайтириш” мақсади билан изоҳлаган.

P.S. Озодликнинг ушбу мақоласи 19 февралда эълон қилингач, завод ишчилари январь ойининг маошларини ҳам олишгани ҳақида хабар қилди:

"Бугун соат 15:30ларда январь ойининг маошини ҳам пластик картамизга тўлиқ тушириб беришди. Озодликка катта раҳмат".

XS
SM
MD
LG