Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2022, Тошкент вақти: 19:01

OzodTarmoq: Мобилизация 100 йил олдин ҳам бўлган - Азиза Умарова 1916 йил қўзғолони ҳақида


1916 йилда Туркистонда юз берган қўзғолон Чор армияси томонидан шафқатсизларча бостирилган.

Мобилизация (ҳарбий сафарбарлик) ўтмишда ҳам амалга оширилган. Юз йилдан зиёд вақт муқаддам, Биринчи жаҳон уруши даврида.

Муҳораба майдонида мағлубиятга учраб, тинка-мадори қуриган Россияга қўшимча кучлар зарур бўлиб қолади. 1916 йилнинг ёзида фронторти ҳудудларда мудофаа иншоотларини барпо этиш ишларига доир ҳукумат йиғилиши бўлиб ўтади. Маълум бўлишича, бир миллион одам керак экан. Ўшанда мусулмон аҳолини фронторти ишларига юбориш қарори қабул қилинади.

1916 йил 25 июнда император Николай II салтанатнинг 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган ғайритабаа (руслардан бошқа халқлар, хусусан шарқ элатлари – таҳр.) аҳолиси эркакларини фронтда мудофаа ишларига жалб этиш тўғрисидаги фармонга имзо чекади. Бу ўринда гап Туркистон (Ўрта Осиё) ва Степ – Дашт ўлкаси (Қозоғистон) ҳақида бўлиб, (сафарбарлик) истисносиз ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, тожиклару туркманларга тааллуқли эди.

Ўша давр мустамлака қонунчилигига кўра, Туркистон аҳолиси ҳарбий хизмат ўташга мажбур эмас эди. Зотан, маҳаллий аҳоли уруш бошлангандаёқ 21 фоиз миқдорида ҳарбий бож тўлаганди.
Ўлка маъмурияти ошиғич равишда рўйхат тузиб, қашшоқ оилалар бошлиқларини олиб кетишга тушади. Эркаклар зарурий аслаҳа ва иссиқ кийим-кечаксиз шимолга – қуруқ қўл билан хандақ қазиш ва темирйўл учун тўсин ётқизишга ҳайдалади. Тошкентдаги Қатағон қурбонлари музейида бир қатор кўргазма стендлари бор. Улар билан танишиб, Паустовский қишда, Қозонда юпун кийимда армияга олиб кетилаётган ўзбеклар ҳақида нималар ёзганидан воқиф бўласиз. “Ялла” гуруҳининг “Қарғалар...” қўшиғи ҳам аслида фожиавий руҳда экани ва айнан ўша даврда ижод қилинганини ўзингиз учун кашф этасиз.

Муаммо шундаки, сафарбарлик асносида умумий вазият инобатга олинмагани сабабли норозилик тўлқини юзага келади. Энг аввало, қишлоқ хўжалигига таянган минтақаларда эркакларнинг (фронтортига) юборилиши уларнинг оиласини очликка маҳкум этиши тайин эди. Шу тариқа дастлаб Хўжандда йирик норозилик бошланади, кейин эса у Тошкент, Қўқон, Андижон, Марғилон, Наманган, Жиззах, Каттақўрғонга – деярли барча шаҳарларга ёйилади.

Исён кўтарган омма чор ва маҳаллий маъмурият идоралари, уй ва далаҳовлиларини яксон қилади, темирйўлларни бузиб ташлайди, электр ва телеграф тармоқларини ишдан чиқаради, кўприкларга ўт қўяди.

Ҳаммаси нохуш тарзда якунланади. Қўзғолон бостирилади. Ўшанда кўпчилик ўз уйини тарк этиб, бошпана истаганча Хитойга (авлодлари ҳалигача яшаб келаётган ўша Шинжонга) равона бўлади.

Шу тариқа минтақадаги чор ҳукуматига нисбатан тутаб турган норозилик олови росмона алангага айланади.

Дарвоқе, бу – чор Русияси ҳудудида мустамлакачиликка қарши сўнгги исён сифатида тарихга кирди. Бир йил ўтиб империя парокандаликка юз тутди.

Азиза Умарова, Smartgov Consulting раҳбари, блогер

(Муаллифнинг Facebook саҳифасидан олинди)

OzodTarmoq рукнидаги муаллифларнинг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.

Форум

XS
SM
MD
LG